Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари 34-сессиясида иштирок этмоқда.
Президентнинг сессиядаги нутқидан асосий тезисларни Президент матбуот котиби Шерзод Асадов бермоқда.
Қорақалпоғистондаги ўзгаришлар ҳақида
Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари 34-сессиясида таъкидлаганидек, 6 йил давомида бошқа ҳудудларга нисбатан энг кўп, яъни 9 марта ҳудудга ташриф буюрди. Бу даврда Қорақалпоғистонни комплекс ривожлантиришга қаратилган 31 та фармон ва қарорлар қабул қилинди.
"Биргина жорий йил февралдаги ташриф доирасида ҳудудни ҳар тарафлама ривожлантириш учун 1,5 триллион сўм маблағ ажратдик", деди Президент.
Хусусан, ҳудудда тадбиркорлик субъектлари сони 2 баробарга ортиб, қарийб 4,5 мингта инвестиция лойиҳалари ишга туширилди.
Қорақалпоғистонда ичимлик сув таъминоти 40 фоиздан 68 фоизга, мактабгача таълим билан қамров даражаси 32 фоиздан 76 фоизга, аҳоли даромадлари жон бошига 2 баробарга ошишига эришилди.
Ҳудудни ривожлантириш режалари ва таклифлари
Президент Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига номзод Аманбай Тлеубаевич Орынбаевнинг тақдимотидаги таклифларини қўллаб-қувватлаб, улар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига Қорақалпоғистонда қўшимча имтиёз ва енгилликлар бериш бўйича аниқ топшириқлар берди.
Аманбай Орынбаевнинг номзодини кўриб чиқишдан аввал Президентимиз номзоднинг ҳудудни жадал ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича режалари ва таклифларини тинглашни таклиф этди.
Фото: ЎзР Президенти матбуот хизмати, Аманбай Орынбаев
Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига номзод Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш, аграр соҳани ривожлантириш, саноат лойиҳаларини кўпайтириш, инфратузилмани ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш борасидаги мавжуд муаммоларни ва уларни ҳал қилиш бўйича таклифларини баён этди. Президентдан бу режаларни тўлиқ амалга ошириш учун зарур бўлган ресурслар ажратилишида кўмак сўради.
Бизнес учун имтиёзлар ва фермерлар учун субсидиялар
Қорақалпоғистонда тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида:
- ҳудуд учун фойда солиғи ставкасини 15 фоиздан 7,5 фоизга тушириш;
- айланма солиқ ставкасини Нукус шаҳрида 4 фоиздан 2 фоизга, туманларда 2 фоиздан 1 фоизга, олис ҳудудларда эса 1 фоиздан 0,5 фоизга пасайтириш;
- мол-мулк ва ер солиғи ставкаларини 2 бараварга камайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.
Бундан ташқари, жорий йилда оилавий тадбиркорлик дастурлари учун режадаги 650 миллиард сўмга қўшимча равишда 200 миллиард сўм ажратилади.
Президент Шавкат Мирзиёев аграр соҳадаги масалаларни ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар берди:
- йил якунига қадар 6 минг 620 гектар, келгуси йилда 6 минг гектар пахта ва ғалла ерларини қисқартириб, аҳолига ижарага беришни йўлга қўйиш;
- экин экиш харажатлари учун фермерларга 200 миллиард сўм ва деҳқонларга 50 миллиард сўм ажратиш;
- сув таъминотини яхшилаш мақсадида ҳар бир қудуқни бурғилаш ва ишга тушириш учун 15 миллион сўмгача субсидия ажратиш ва бошқа молиявий кўмак бўйича топшириқлар берилди.
Инвесторларни қўллаб-қувватлаш маркази, саноат технопарки, экспортни қўллаб-қувватлаш ва мис ишлаб чиқариш
Қорақалпоғистонда саноат лойиҳаларини кўпайтириш мақсадида мутасадида Инвесторларга кўмак маркази ташкил этилади. Марказда қорақалпоғистонлик тадбиркорларга лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш, субсидия, кредит ва компенсация олиш, маҳсулотига бозор топишга кўмаклашиш бўйича бепул хизматлар кўрсатилади. Инвесторларга кўмак маркази қошида Нукус шаҳридаги 10 гектар ер майдонида Саноат технопаркини ташкил этилади.
Бундан ташқари Кегейли ва Хўжайли туманларида Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил қилинади.
Беш йил муддатга фақат Қорақалпоғистон тадбиркорларига экспорт маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун сотиб олинган хом ашёларни, мамлакатимиз бўйлаб ташишда 70 фоиз транспорт харажатларини қоплаб бериш тизимини йўлга қўйилмоқда.
Давлатимиз раҳбари Қораўзакда мис ишлаб чиқариш, Қўнғиротда янги каустик сода ва бошқа кимёвий моддалар ишлаб чиқариш заводларини қуриш каби йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлади.
Инфратузилмани ривожлантириш
Қорақалпоғистонда инфратузилмани ривожлантиришдаги муаммолардан келиб чиқиб, Президент мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларига қуйидаги топшириқларни берди:
- “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу” автомобиль йўлининг Тўрткўл, Беруний ва Элликқалъа туманларидан ўтган қисмини реконструкция қилишга 160 миллион доллар жалб этиш;
- таъмирталаб бўлган 1 минг 500 километр сув тармоқлари, 150 дан зиёд қудуқ, насос ва сув станцияларини таъмирлаш;
- Нукус шаҳри, Тахиатош ва Хўжайли туманлари марказларида оқова сув тармоқларини қуриш;
- 128 та трансформатор, 7,5 мингта симёғоч устунларини алмаштириш;
- Қорақалпоғистоннинг ҳар бир шаҳри ва туманида Ички йўлларни таъмирлаш участкалари ташкил этиш, уларга етарли штат, зарур маблағ ва техникалар ажратиш;
- икки ой муддатда Қорақалпоғистонда халқаро ва ички автомобиль йўлларини ривожлантириш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш.
Қорақалпоғистонда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини ривожлантириш
Қорақалпоғистонда ижтимоий ҳимоя реестрига кирган оилаларга кўмир, суюлтирилган газ, озиқ-овқат ва бошқа зарур эҳтиёжлар учун 600 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади.
- 15 сентябрдан бошлаб Қорақалпоғистон учун пенсия ва нафақа олувчилар, ногиронлиги бўлган шахсларга темир йўл ва авиа чипталар сотиб олиш учун 50 фоизлик имтиёзни тиклаш;
- 2025 йилгача қўшилган қиймат солиғи бўйича режадан ошириб бажарилган тушумлар Қорақалпоғистон бюджетида қолдириш;
- боғча, мактаб ва тиббиёт муассасалари қурилишига келгуси беш йилда қўшимча 5 триллион сўм ажратиш бўйича топшириқлар берилди.
Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда аҳоли учун якка тартибдаги уй-жой қуриш мақсадида ер участкаси тақдим этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
"Тўғри, бу амалиётга чек қўйганмиз, ва бошқа ҳудудларда бундай имконият йўқ. Лекин, Қорақалпоғистон аҳолиси мурожаатларини инобатга олиб, истисно қилиб беришга тайёрман. Фақат пухта ишланган, адолатли ва шаффоф тизим асосида бўлиши керак", деди Президент.
Таълим ва ёшларни қўллаб-қувватлаш
Номзоднинг Қорақалпоғистонда таълимни ривожлантириш ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича таклифларидан келиб чиқиб, Президент мутасаддиларга қуйидаги топшириқларни берди:
- Қорақалпоғистондаги ёш тадбиркорларга 7 йилгача муддатга имтиёзли шартларда ссудалар ажратишни йўлга қўйиш;
- бўш турган давлат объектларида ёшлар ва хотин-қизларни хорижий тиллар ва IТ соҳасига ўқитиш курсларини ташкил этиш имкониятини яратиш, ушбу объектларни тадбиркорларга 5 йилгача бепул фойдаланишга бериш;
- Қўнғирот, Нукус ва Чимбой туманларида 4 та “Ишга марҳамат” моно-марказларини ташкил этиш;
- фақат Қорақалпоғистонлик ёшлар учун мамлакатимиздаги барча олийгоҳларга алоҳида 6,5 мингта қабул квоталари жорий этиш;
- Қорақалпоғистондаги эҳтиёждан келиб чиқиб, экология, қишлоқ хўжалиги, ирригация, қурилиш соҳаларида таянч докторантурада қўшимча кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш.
_______________________________________________
Президент Шавкат Мирзиёев сўзининг якунида Аманбай Орынбаевнинг раҳбарлик қобилияти, ватанпарварлиги ва инсоний фазилатларини, шунингдек, ҳудудни ривожлантириш борасидаги таклифларини ҳисобга олиб, унинг номзодига ўз розилигини билдирди.
Изоҳ қолдириш