Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш доирасида кундалик эҳтиёжни қоплайдиган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини сақлаш давлатнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Бу борадаги ишлар бугунги кунда жуда долзарб бўлиб, зарур ҳаётий аҳамият касб этмоқда.
Глобал инқироз шароитида, озиқ-овқат маҳсулотлари учун жаҳон нархларининг кескин ўзгарувчанлиги шароитида ички бозорнинг нарх-наво сакрашларига нисбатан барқарорлигини таъминлаш айниқса жуда муҳимдир.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (CERR) ички бозорда нархлар бўйича доимий мониторинг олиб бормоқда. Хусусан, 2021 йил 28 апрелдан 5 майга қадар Ўзбекистонда асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган нархларнинг вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар бўйича ўзгариши таҳлили амалга оширилди.
Ўсимлик ёғи эътибор марказида
Сўнгги пайтларда ўсимлик ёғининг нархлари конъюктураси ҳукумат ва жамоатчилик диққат марказида бўлиб келмоқда. Ташқи бозорда ушбу маҳсулотга бўлган талабнинг ортиши ва натижада тадбиркорларнинг нархлар фарқидан фойдаланган ҳолда юқори фойда олишга интилиши оқибатида нархларнинг кўтарилиши давлат томонидан бозорни барқарорлаштирувчи чора-тадбирларнинг жорий этилишига олиб келди. Мониторинг шуни кўрсатмоқдаки, амалга оширилган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ҳафта охирига келиб республикада бир литр ўсимлик ёғининг ўртача нарх 0,5% га пасайиб, 19 104 сўмни ташкил этди. Ўртача нархлар диапазони Андижон вилоятида бир литр учун 17 218 сўм, Тошкент шаҳрида 20 596 сўмгача бўлган оралиқда ўзгариб борди.
9 та вилоятда ўсимлик ёғи нархларининг пасайиши кузатилмоқда, энг юқориси Навоий (2,4% га) ва Самарқанд (2,2% га) вилоятларида қайд этилди.
Туманлар таркибида ўсимлик ёғи нархининг бир литри учун энг катта пасайиш Вобкент (8,3%), Тўрткўл (6,3%), Жомбой (5,5%), Элликқалъа (5,4%), Пахтачи (5,1%), Мирзачўл (5%) туманларида кузатилди.
Ҳафта давомида нархлар фақат 5 та вилоятда ошди, улардан энг баланди Сирдарё (1,6% га), Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрига (0,7% га) тўғри келади.
Ўсимлик ёғи нархларининг пасайиши ички бозордаги вазиятнинг барқарорлашаётганидан далолат беради.
Қуйида мол гўшти, сут, тухум, картошка, гуруч, буғдой уни, шакар нархларининг ўзгариши келтирилган.
Кўриб чиқилаётган давр мобайнида республикада ўртача нархларнинг ўсиши мол гўшти (0,4%га, килоси 61 минг сўмгача), картошка (1,6%га, килоси 4,655 сўмгача), тухум (0,1 %га, ўнтаси 10,761 сўмгача), буғдой уни (0,1%га, килоси 4,839 сўмгача), шакар (0,5 %га, килоси 8,309 сўмгача) учун қайд этилди.
Ҳудудлар кесимида энг юқори нарх ўсиши:
- мол гўшти Навоий (1,7%) ва Сурхондарё (1,8%) вилоятларида;
- сут Тошкент шаҳрида (0,8%);
- тухум Тошкент вилояти (1,1%) ва Қорақалпоғистонда (0,8%);
- картошка Хоразм (7,9%), Тошкент (6,1%), Самарқанд (4,2%) вилоятларида;
- гуруч Сирдарё (0,9%) ва Тошкент (0,8%) вилоятларида;
- буғдой уни Андижон (3,5%) ва Хоразм (1,4%) вилоятларида;
- шакар Сурхондарё вилоятида (3,3%), Тошкент шаҳрида (1,8%) кузатилди.
Республикада ҳафта давомида ўртача нархларнинг пасайиши сут (0,2%га, литрига 6 102 сўмгача), гуруч (0,1% га, килоси га 10 169 гача), ўсимлик ёғи (0,5% га, литрига 19 104 сўмгача) учун қайд этилган.
Ҳудудлар кесимида нархларнинг энг катта пасайиши қуйидагилар учун қайд этилди:
- мол гўшти – Тошкент шаҳрида (0,5%), Қорақалпоғистонда (0,2%);
- сут – Бухоро (2,4%), Самарқанд (2,2%) вилоятларида, Қорақалпоғистонда (2,3%);
- тухум – Жиззах (1,4%), Андижон (0,7%), Самарқанд (0,5%) вилоятларида;
- картошка – Андижонда (2,7% га), Бухорода (2,2% га) вилоятларида;
- гуруч – Андижон (1,2%), Навоий (0,4%) вилоятларида, Тошкент шаҳрида (0,8%);
- буғдой уни – Наманган (3,1%), Навоий (0,8%) вилоятларида;
- шакар – Самарқанд (2,3%), Хоразм (0,8%), Навоий (0,5%) вилоятларида);
Шундай қилиб, Ўзбекистонда кўриб чиқилаётган ҳафта давомида асосий истеъмол товарлари учун нарх муҳити нисбатан паст даражада ўзгарувчанлиги билан ажралиб туради.
Андижон ва Бухоро вилоятларида картошка нархининг кўтарилиши ҳақида хавотирлар бор.
Руслан Абатуров, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш