Кўчмас мулк бозори барқарорлик фазасига кирмоқда – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи

Кўчмас мулк бозори барқарорлик фазасига кирмоқда – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳи

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан кўчмас мулк бозоридаги вазият мунтазам таҳлил қилиб борилади.

Январдаги фаолликнинг кескин тикланиши ортидан февралда сотувлар 12%га пасайиб, олди-сотди шартномалари сони 22,4 мингтани ташкил этди. Ўтган йилга солиштирганда шартномалар сони ўртача 1%га ўсди (221 та битимга ошди).

Ҳудудий динамика

Февраль ойида ҳудудлар кесимида сотувлар сонида кескинроқ пасайиш Сурхондарё, Наманган ва Жиззах вилоятларида қайд этилиб, сотувлар 20%дан кўпроққа камайган. Тошкент шаҳрида ҳам олди-сотди битимлар сони 9,5%га пасайган.

Иккиламчи бозордаги уй жой нархлари

Ой давомида республика бўйича иккиламчи уй-жой нархлари 0,6%га пасайиб, ўтган йилга нисбатан ўртача 1 фоизга ошди.

Йиллик ҳисобда ҳудудлар кесимида иккиламчи уй-жой нархларининг энг юқори ўсиши Бухоро, Жиззах ва Хоразм вилоятларида кузатилиб, ўртача 8%ни ташкил этди.

Тошкент шаҳридаги кўчмас мулк бозоридаги вазият

Февраль ойида Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозори сегментларида турлича тенденция кузатилди. Хусусан, иккиламчи бозорда нарх 0,3%га пасайган бўлса, бирламчи бозорда, аксинча, нарх 2,5%га ошди.

Ўтган йилнинг февраль ойига нисбатан иккиламчи бозорда бир квадрат метр уй-жойнинг ўртача нархи 5,1%га, бирламчи уй-жой нархи эса 3,1%га пасайди.

Тошкент шаҳри бўйича иккиламчи уй-жой нархида энг катта пасайиш Мирзо Улуғбек (8,5%), Чилонзор (6,9%) ва Яшнобод (6,6%) туманларида кузатилди.

Янги уйлар нархларида ҳам пасайиш кузатилди. Йил давомида бир квадрат метр учун ўртача нархларда энг сезиларли пасайиш Учтепа (10,1%), Шайхонтоҳур (10,1%) ва Миробод (9,1%) туманларида қайд этилди.

Уй-жой ижара бозори

Февралда Тошкент шаҳрида ўртача ижара нархларида бироз пасайиш (- 0,8%) кузатилиб, ўртача ижара нархи 8,0 долларни (бир квадрат метр учун) ташкил этди.

Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10 долларни ташкил этади.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида ижара нархи ўтган йилга нисбатан 9,8%га пасайган. Энг катта пасайиш Юнусобод (13,7%), Чилонзор (12,5%) ва Олмазор (12,2%) туманларида қайд этилган.

Маълумот учун: Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг тадқиқот йўналишларидан бири бўлиб, унда бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозорларидаги фаоллик динамикаси тақдим этиб борилади.

Жалолиддин Усмонов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази тел: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар