Аи-80 ва Аи-90 бинзенларининг нархлари кўтарилиши кутилмоқда

Аи-80 ва Аи-90 бинзенларининг нархлари кўтарилиши кутилмоқда

«Ўзбекнефтгаз» АЁҚШларида 2021 йил февраль ойидан бензин нархлари ошиши кутилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Бунга айрим нефть маҳсулотлари ва якуний истеъмолчига сотиладиган товарларга солинадиган акциз солиқ ставкаларига 1 февралдан ўзгартириш ва қўшимча киритилиши сабаб бўлади.

1 февралдан нефть маҳсулотларига солинадиган акциз солиқ ставкалари қуйидагича ўзгаради:

  • 1 тонна Аи-80 бензини: амалда — 200 000 сўм, 1 февралдан — 240 000 сўм (ўзгариш 40 000 сўм ёки 20%);
  • 1 тонна Аи-90 ва ундан юқори маркали бензини: амалда — 250 000 сўм, 1 февралдан — 275 000 сўм (ўзгариш 25 000 сўм ёки 10%);
  • 1 тонна дизель ёқилғиси: амалда — 200 000 сўм, 1 февралдан — 240 000 сўм (ўзгариш 40 000 сўм ёки 20%);
  • 1 тонна ЭКО дизель ёқилғиси: амалда — 180 000 сўм, 1 февралдан — 216 000 сўм (ўзгариш 36 000 сўм ёки 20%).

Якуний истеъмолчига сотиладиган товарларга солинадиган акциз солиқ ставкалари:

  • 1 тонна бензин: амалда — 378 480 сўм, 1 февралдан — 465 530 сўм (ўзгариш 87 050 сўм ёки 23%);
  • 1 тонна дизель ёқилғиси: амалда — 346 275 сўм, 1 февралдан — 425 918 сўм (ўзгариш 79 643 сўм ёки 23%).

«Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот хизматининг хабарига кўра, АЁҚШларда Аи-80 бензини ўртача 110 сўмгача (ҚҚС билан) қимматлашиши мумкин.

Аи-90 ва ундан юқори маркали бензин нархлари ўртача 60 сўмдан 90 сўмгача қимматлашиши кутилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар