Онлайн аукцион орқали бир ҳафтада 6,9 млрд сўмлик авторақамлар сотилган

Онлайн аукцион орқали бир ҳафтада 6,9 млрд сўмлик авторақамлар сотилган

22 – 28 ноябрь кунлари "Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси" АЖнинг барча савдо платформаларида 2 368,4 млрд сўмлик товарлар сотилган бўлиб, бу аввалги ҳафтага нисбатан 10,9% га кўп, деб хабар қилмоқда "ЎзРХТБ" ахборот хизмати.

Бунда сотувларнинг:

- 90,1% - биржа савдолари;

- 0,3% - кўргазма-ярмарка савдолари;

- 9,3% - электрон давлат харидлари

- 0,3% - авторақамларнинг онлайн-аукционига тўғри келди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари иштирокида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 782,6 млрд сўмни ташкил қилди. Давлат харидлари тизимларида ўтказилган электрон савдолар натижасида бюджет ва корпоратив буюртмачиларининг қарийб 33,5 млрд сўмлик маблағлари тежалди.

Кўриб чиқилаётган давр мобайнида онлайн аукцион орқали 2 697 та авторақамлар сотилди, сотилган давлат рақам белгиларининг умумий суммаси 6,9 млрд сўмни ташкил қилди.

Рақобатли савдолар натижасида битимларнинг:

  • 6,9% биринчи тоифадаги авторақамларга;
  • 12,5% иккинчи;
  • 11,2% учинчи;
  • 14,3% тўртинчи;
  • 18,4% бешинчи;
  • 36,8% олтинчи тоифа авторақамларга тегишлидир.

Биржа савдолари

Кўриб чиқилаётган даврда очиқ биржа савдолари орқали жами 2 134,2 млрд сўмлик товар ресурслари сотилди. Сотувчи корхоналар маҳсулотларни тасдиқланган жадвалларга риоя қилган ҳолда биржа савдоларига қўйишди, шу жумладан:

Шакар

Биржанинг шакар бозорида нархлар пасайиши қайд этилди. Ҳафта давомида биржа савдоларига 17 110,0 тонна шакар қўйилди ва улардан 15 989,0 тоннаси, яъни 93,4% қисми сотилди.

Кўриб чиқилаётган даврда шакарнинг барча категорияси бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 8 113,8 минг сўмдан 8 025,5 минг сўмгача, яъни 1,1%га пасайган.

Ўтказилган биржа савдолари натижасида маҳаллий шакарнинг 3-категорияси бўйича шаклланган ўртача ҳафталик нархи маҳсулотни бир тоннаси учун 8 142,1 минг сўмни ташкил этди.

Пахта толаси

Ўтган ҳафтада биржа савдоларида 7 123,0 тонна пахта толаси сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 1 424,6 тоннани ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда барча навли пахта толасининг кунлик ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 38 058,0 минг сўмдан 34 117,9 минг сўмгача, яъни 10,3% га пасайганини таъкидлаш лозим.

Пахта чигити шроти

Ўтган ҳафта мобайнида биржа савдоларига 15 954,0 тонна шрот қўйилди ва улардан 9 843,0 тоннаси, яъни 45,3% сотилди. Ўртача кунлик сотув ҳажмлари 1 969,0 минг тоннани ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда шрот бўйича шаклланган кунлик ўртача нархлар маҳсулотнинг бир тоннаси учун 3 402,9 минг сўмдан 3 401,8 минг сўмгача пасайди. Ўтказилган савдоларда ҳар куни ўртача 55 харидор иштирок этди.

Ўтказилган биржа савдолари натижасида шротнинг ўртача ҳафталик котировкаси 3 476,3 минг сўмни ташкил этди.

Барча товарлар учун ҳафталик котировкалар билан мазкур ҳавола орқали танишиб чиқишингиз мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар