2021 йилда онлайн-аукционлар орқали 168,7 млрд сўмлик 83,2 мингдан зиёд “чиройли” авторақамлар сотилди

2021 йилда онлайн-аукционлар орқали 168,7 млрд сўмлик 83,2 мингдан зиёд “чиройли” авторақамлар сотилди

АОКАда Республика товар хом-ашё биржаси мутасаддилари иштирокида бўлиб ўтган анжуманда 2021 йилнинг шу давригача онлайн-аукционлар орқали сотилган “чиройли” авторақамлар миқдори ва суммаси ҳақида маълумот берилди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг 7 ойлик якунларига кўра биржа савдолари орқали 797,3 минг декалитр этил спирти, 12,6 минг тонна поливинилхлорид, 1 225 тонна формалин ва 224 килограмм кумуш сотилган.

Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржасининг барча савдо платформаларида тузилган битимларнинг умумий ҳажми 2020 йилнинг мос даврига нисбатан 46,7% га ўсиб, қарийб 46,0 трлн сўмни ташкил қилган.

Бунда тузилган битимлар ҳажмининг 87%и биржа савдоларига, қолган қисми эса электрон тижорат савдо тизимлари, шу жумладан, кўргазма-ярмарка савдолари, электрон давлат харидлари, авторақам ва мобиль рақам онлайн аукционларига тўғри келди.

Январь-июль ойларида электрон давлат харидлари бўйича тузилган битимларнинг умумий ҳажми ўтган йилга нисбатан деярли 2,4 баробарга ошиб, 4 670,3 млрд сўмга тенг бўлди. Бунда бюджет ва корпоратив буюртмачилари маблағларининг тежалиши икки маротабага ўсиб, 840,6 млрд сўмни ташкил қилди.

Кўриб чиқилаётган даврда avtoraqam.uzex.uz вебсайтида онлайн-аукционлар орқали 168,7 млрд сўмлик 83,2 мингдан зиёд “чиройли” авторақамлар сотилди. Бунда, авторақамларнинг сотуви сон жиҳатдан 2,4 баробарга, ҳажми бўйича – 42% га ўсди. Сотилган авторақамнинг энг паст баҳоси – 450,5 минг сўмни, энг қиммат авторақамнинг қиймати эса 441,5 млн сўмни ташкил қилди. Тузилган битта битимнинг ўртача қиймати 2,0 млн сўмга тенг бўлди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар