Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан Ўзбекистондаги 31 та тижорат банклари учун “Банклар фаоллик индекси” ишлаб чиқилди.
Мазкур индекс асосида ҳар чоракда банклар рейтинги янгилаб борилмоқда.
Индекс қўйидаги кўрсаткичлар бўйича ҳисобланган:
- Молиявий воситачилик
- Молиявий оммабоплик
- Капитал етарлилиги
- Активлар сифати
- Бошқарув самарадорлиги
- Даромад олиш салоҳияти
- Ликвидлилик
Ушбу тадқиқот банк тизими активлари таркибида хусусий сектор улуши ўзгаришлари, шунингдек, банк соҳасидаги ислоҳотлар ва трансформация жараёнлари самарадорлигини доимий равишда баҳолаб бориш учун ўтказилмоқда.
Банкларни трансформация қилиш жараёнлари аҳолининг турли қатламларининг молиявий хизматларга бўлган талабини қондиради, ҳудудларни банк хизматлари билан қамраб олади ва ижтимоий-иқтисодий дастурларни амалга оширишга ҳисса қўшиши кутилмоқда.
Таъкидлаш керакки, 2018 йилда 4 мингдан ортиқ жисмоний шахслар масофавий банк хизматларидан фойдаланган бўлса, 2021 йил 1 январь ҳолатига ушбу хизматлардан фойдаланувчилар сони қарийб 14 мингга етди, бу эса банк секторида рақамли технологиялардан фойдаланиш қамровининг сезиларли даражада ошганлигидан далолат беради.
2021 йил 1 март ҳолатига республика банк тизими активлари 366,2 трлн. сўмни (2020 йил 1 мартга нисбатан ўсиш – 31,3 фоиз), мажбуриятлари – 306,6 трлн. сўмни (ўсиш – 38,3 фоиз), капитал 59,5 трлн. сўмни (ўсиш – 12,4 фоиз) ташкил этди. Ҳозирги кунда банк тизимида 55 мингдан зиёд киши фаолият олиб бормоқда.
Банклар икки гуруҳга ажратилган – йирик банклар ва кичик банклар. Рейтинг ҳар бир гуруҳ учун алоҳида тузилади.
*Кичик банклар гуруҳига Тошкент шаҳрида ёки республиканинг фақат бир ҳудудида фаолият олиб бораётган банклар киритилган.
Йирик банклар фаоллик рейтинги
2021 йил 1 чорак учун
17 та йирик банклар орасида Капиталбанк ўтган йилнинг 2-чорагидан буён 1-ўринни сақлаб қолмоқда. Капитал етарлилиги, даромад олиш салоҳияти ва бошқарув самарадорлиги бўйича юқори натижалар Капиталбанкка умумий рейтингда ўз ўрнини мустаҳкамлашга ёрдам берди.
Хусусан, банкнинг муддатли депозитларининг кредитларига нисбати 78 фоизни ташкил этди. Бошқа банклар ва молия институтларидан олинган маблағлар улуши 3,5 фоизга етди. Ҳукуматдан (Молия вазирлиги ва Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан) олинган маблағлар улуши 0,8 фоиз пунктга ошиб, 1,3 фоизни ташкил этганига қарамай, банк мажбуриятлари таркибидаги улуши энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб қолмоқда.
Траст банк умумий рейтингда 2020 йил 4-чоракдаги ўрнидан 2 поғона кўтарилиб, 2-ўринни эгаллади. Мазкур банк капитал етарлилиги, бошқарув самарадорлиги, даромад олиш салоҳияти ҳамда ликвидлилик бўйича етакчи банклардан бирига айланмоқда. Хусусан, ликвидликни қоплаш коэффициенти Марказий банк томонидан белгиланган меъёрдан 5,2 баробар юқори ҳисобланади.
Алоқа банк давлат улуши мавжуд йирик банклардан бири сифатида умумий рейтингда 3-ўринни сақлаб қолди. Ушбу банк молиявий воситачилик, капитал етарлилиги ва активлар сифати бўйича яхши натижаларни кўрсатди.
Банкнинг муддатли депозитларининг кредитларига нисбати 56 фоизни ташкил этди, бу эса давлат улуши мавжуд бошқа банклардаги кўрсаткичдан юқоридир. Бошқа банклар ва молия институтларидан олинган депозитлар ва кредитларнинг жами мажбуриятларидаги улуши 26 фоизга етган бўлса, ҳукуматдан олинган қарзлар улуши эса 11 фоизни ташкил этди. Бу банк тизими ўртача кўрсаткичидан (17 фоиз) кам ҳисобланади.
Жорий йил 1-чоракда Микрокредитбанк ва Ўзсаноатқурилиш банк умумий рейтингда энг юқори кўтарилишга эришди. Ушбу банклар ўтган йилнинг 4-чорагидаги позициясидан 4 поғонага юқорилади.
Кичик банклар фаоллик рейтинги
2021 йил 1-чорак
Жорий йилнинг 1-чорагида Ўзбекистоннинг 14 та кичик банклар учун фаоллик рейтингида учта етакчи банклар (Давр банк, Зираат банк ва Универсал банк) 2020 йил 4-чорагига нисбатан ўзгаришсиз қолди.
Давр банк ва Универсал банк молиявий оммабоплик бўйича энг юқори натижаларни намойиш этди. Зираат банк капитал етарлилиги ва бошқарув самарадорлиги бўйича етакчи банклардан бири бўлиб қолмоқда.
*Батафсил таҳлил «Экономическое обозрение» журналининг навбатдаги сонида чоп этилади.
*Тадқиқот методологияси ва батафсил маълумотларни ўз ичига олган тўлиқ ҳисобот Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказига сўров бўйича тақдим этилади.
Мурожаат учун: Тел.: (+998) 78 150-02-02
E-mail: k.khamidov@cerr.uz
Х.С. Хамидов, Марказ бош илмий ходими
Изоҳ қолдириш