Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида фаоллик сақланиб қолмоқда

Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида фаоллик сақланиб қолмоқда

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан Ўзбекистонда кўчмас мулк бозоридаги талаб ўзгаришлари доимий равишда таҳлил қилиб келинмоқда.

Жорий йил март ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 20,3 минг донани ташкил этди, бу эса февраль ойига (22 минг) нисбатан 7,6 фоизга камроқдир. 2021 йилнинг мос даврига (20,2 минг) нисбатан ўсиш 0,3 фоизни ташкил этди.

1-расм. Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши

Ҳудудлар кесимида ўсиш суръати фақатгина Навоий вилоятида (25 фоиз) қайд этилди. Кўчмас мулк олди сотди битимлари сонининг энг катта камайиши Хоразм (24 фоиз), Сирдарё (20 фоиз) ва Наманган (19 фоиз) вилоятларида кузатилди.

Шунингдек, таҳлил натижалари Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозорида талаб мос равишда 1 ва 5,8 фоиз камайганини кўрсатмоқда.

2-расм. Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалар сони

Иккиламчи уй-жой бозорида нархлар ўзгариши

Марказ ҳисоб-китобларига кўра, март ойида иккиламчи бозорда уй-жой ўртача нархлари ўтган ойга нисбатан 1,9 фоизга пасайган (февраль ойида ўсиш 1,7 фоизни ташкил этган эди).

Ҳудудлар кесимида турар-жой нархларининг энг юқори ўсиш суръатлари Сурхондарё (6 фоиз), Тошкент шаҳри (2,4 фоиз) кузатилган бўлса, Сирдарё (-11,6 фоиз), Андижон (-7,6 фоиз) ва Наманган (-5,4 фоиз) вилоятларида нархларнинг пасайиши қайд этилди.

3-расм. Тошкент шаҳри ва вилоят административ марказларида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар ўзгариши (1 кв.м. учун АҚШ доллари)

Манба: Иккиламчи уй-жой бозоридаги нархларнинг ўзгариши olx.uz сайтида жойлаштирилган маълумотлар асосида ҳисоб-китоб қилинган. Маълумотлар веб-скрапинг (Web Scraping) методи орқали йиғилган.

Март ойида пойтахтда иккиламчи уй-жой бозоридаги ўртача нархлар ўтган ойга нисбатан 2,4 фоизга ошди. Энг юқори ўсиш суръатлари Чилонзор (3,7 фоиз), Мирзо Улуғбек (3,7 фоиз) ва Сергели (3,2 фоиз) туманларида қайд этилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, давлатнинг уй-жой дастурлари кўчмас мулк бозорида таклиф ўсишини, шунингдек фуқароларнинг уй-жой сотиб олиш қобилиятини қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Бундан ташқари, ипотека фоиз ставкалари 2022 йил охиригача ўзгаришсиз қолади. Бу Ўзбекистон Республика Президентининг жорий йил 8 апрелдаги ПП-199-сонли Қарорида кўзда тутилган. Молия вазирлиги томонидан банкларга ажратилган ресурс маблағлари бўйича ставкалар ва ипотека кредитлари бўйича ставкалар (13 фоиз) 2022 йил охиригача шу тарзда сақланиб қолади.

Март ойида Марказий банк асосий ставкани 17 фоизгача оширганидан сўнг, янги кредитлар бўйича фоиз ставкалари ошиши керак эди. Бироқ давлат раҳбари йил охирига қадар аввалги ставкаларни сақлаб қолиш бўйича топшириқ берди.

* Пойтахтда ижара нархларининг қандай ўзгараётгани, Ўзбекистонда уй сотиб олиш учун ўртача қанча муддат талаб этилиши ва қайси ҳудудларда кўпроқ вақт керак бўлиши, қайси шаҳарларда бу кўрсаткич нисбатан пастлиги билан Иқтисодий шарҳ журналининг 3-сонида танишишингиз мумкин.

Халилуллоҳ Ҳамидов, Марказ сектор мудири

Марказнинг Жамоатчилик билан алоқалар хизмати

тел: (78) 150 02 02 (417)


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар