Ҳукуматнинг 17 январдаги қарори билан Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган “Меҳр дафтари” тизимини жорий этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Низомга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар туман (шаҳар) ҳокими қарори асосида «Меҳр дафтари»га киритилади ва ундан чиқарилади.
«Меҳр дафтари»га киритишнинг ахборот тизимидан фойдаланиш тартиби Миллий гвардия томонидан белгиланади. 2022 йил 1 февралгача мазкур ахборот тизими ишга туширилади.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар 25 ёшга тўлганда тегишли қарор асосида «Меҳр дафтари»дан чиқарилади. Бунда дафтардан чиқарилаётган шахсларнинг бандлиги таъминланган ва уй-жойи мавжуд бўлиши шарт. Бандлиги таъминланмаган ҳолатларда, «Меҳр дафтари» ҳисобида туриш муддати бандлиги таъминлангунгача, бироқ 5 йилдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилади.
Ўқув-тарбия муассасалари ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликларининг Болаларни ҳимоя қилиш шуъбалари «Меҳр дафтари»ни шакллантиришга масъул ҳисобланади.
Изоҳ қолдириш