“Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021 йил 15 августдан:
- турар жойга эга бўлмаган ва турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан майдони 25 квадрат метрдан кам бўлмаган 1 хонали, вояга етган етим болалар ўртасида никоҳ тузилган ҳолларда, 50 квадрат метрдан кам бўлмаган 2 хонали квартиралар ажратилади. Бунда, мазкур тоифага кирувчи ногиронлиги бўлган болаларга квартиралар кўп қаватли уйларнинг учинчи қаватигача ажратилади;
- квартиралар ҳокимликлар томонидан кўчмас мулкнинг бирламчи бозоридаги шаҳар ва туманларда қурилган кўп квартирали уй-жойлардан харид қилинади;
- кўчмас мулк бирламчи бозорида мезонларга мос келадиган квартиралар мавжуд бўлмаганда, ҳудудий “Халқпарвар” комиссиялари хулосасига асосан квартиралар кўчмас мулкнинг иккиламчи бозоридан харид қилинади;
- уй-жойлар билан таъминлаш “онлайн-навбат” тизими асосида амалга оширилади, бунда навбатга ўзгартириш киритилишига ҳамда навбатидан олдин кейинги навбатдаги болаларга уй-жой ажратилишига йўл қўйилмайди.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи асосида, бироқ улар 30 ёшга тўлгунча уй-жойни сотиш, ҳадя қилиш ёки гаровга қўйиш ёхуд ижарага бериш ҳамда уй-жойда ўзи ва оила аъзолари (эри ёки хотини, фарзандлари)дан ташқари бошқа фуқароларни доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш ҳуқуқисиз ажратилади.
Бунда, етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган боланинг асослантирилган мурожаати асосида маҳаллий ҳокимликлар томонидан уй-жойнинг умумий майдонини кенгайтириш ва тегишли талабларни сақлаб қолиш шарти билан сотишга рухсат берилади.
Изоҳ қолдириш