Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади.
Ҳужжатга мувофиқ, 2022 йил 1 январдан 2031 йил 1 январгача Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлик субъектлари учун фойда солиғи, айланмадан олинадиган солиқ, ижтимоий солиқ, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича ўрнатилган солиқ ставкаларини 1 фоиз этиб белгиланмоқда.
Мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкаларини мазкур солиқлар бўйича ҳисобланган суммадан 1 фоиз миқдорида белгилаш кўзда тутилган.
2025 йил 1 январгача Хоразм вилоятининг Тупроққалъа, Янгиариқ, Янгибозор туманларида янги ташкил этиладиган ва шу туманларда рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектлари (кластерлар бундан мустасно) бўйича фойда солиғи, юридик шахслардан олинадиган ер солиғи, юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаларини 50 фоизга камайтирилади.
Улар томонидан белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхат бўйича Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ўз ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) эҳтиёжлари учун олиб кириладиган хомашё, материалларни божхона божидан озод қилинади.
Хоразм вилоятида янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар, юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлаш бўйича имтиёзли даври беш йил этиб белгиланади.
Қорақалпоғистон учун зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан таъминланадиган инвестиция лойиҳалари қиймати камида 50 млрд сўм миқдорида белгиланади.
Ушбу тартиб бўйича 50 млрд сўмдан 200 млрд сўмгача бўлган инвестиция лойиҳаларининг ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларини таъминлаш билан боғлиқ харажатлар лойиҳалар қийматининг 20 фоизидан ошмаслиги лозим.
Хоразм вилоятида ижтимоий-иқтисодий ривожланишдан ортда қолаётган ва ишсизлик даражаси юқори бўлган 98 та маҳалла учун 2022−2026 йиллар давомида Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида «маҳаллабай» ишлаш тизимини жорий этиш мақсадида 200 млрд сўм ва аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва жалб қилиш лойиҳаларини амалга оширадиган НТТларни қўллаб-қувватлаш учун 50 млрд сўм миқдорида кредит ресурслари ажратилади. Ушбу маҳаллаларнинг инфратузилмасини ривожлантириш учун 50 млрд сўм миқдорида кредит ресурслари ажратилиши ҳам кўзда тутилган.
2022 йил 1 январдан 2027 йил 1 январгача Оролбўйи минтақасида фаолият юритаётган кичик тадбиркорлик субъектларига корхона қурилиши учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва техникаларни республиканинг бошқа ҳудудларидан олиб келиш ҳамда улар томонидан ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни республиканинг бошқа ҳудудларига етказиб бериш билан боғлиқ темир йўл транспортида ташиш харажатларининг 50 фоиз қисмини қоплаб беради.
Ушбу муддат ичида маҳаллий экспортчилар томонидан ишлаб чиқарилган юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотларни экспорт қилишда, уларнинг Каспий денгизигача ташиш билан боғлиқ транспорт харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби жорий этилади.
Фармон билан икки ой муддатда Қорақалпоғистонда 45 та ва Хоразм вилоятида 40 та янги кичик саноат зоналарини белгиланган тартибда ташкил этиш кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш