Ўзбекистон Глобал инновацион индекс рейтингида 7 поғона кўтарилди

Ўзбекистон Глобал инновацион индекс рейтингида 7 поғона кўтарилди

20 сентябрь куни АҚШнинг Корнел университети, Франциянинг Insead бизнес мактаби ва Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти Глобал инновацион индекс рейтингини эълон қилди.

Ўзбекистон Глобал инновацион индекс рейтингида 132 давлат орасида 86-ўринни эгаллади. Бундан аввал мамлакатимиз рейтингда 2020 йил 93-ўрин ва 2015 йилда 122 ўринларни эгаллаган эди.

Глобал инновацион индекси 20 сентябрь санасида эълон қилган нашрининг номи “COVID-19 инқирози орқали инновацияларни кузатиш” бўлиб, ҳисобот COVID-19 инқирознинг глобал инновация кўрсаткичларига таъсирини баҳолайди.

Глобал инновацион индекс (The Global Innovation Index) 81 та кўрсаткичдан иборат ва улар иқтисодий ривожланишнинг турли даражаларида бўлган мамлакатларнинг инновацион ривожланишини тавсифлайди. Мазкур индекс икки субиндекс кўрсаткичларининг ўртача қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади. Биринчи субиндекс инновацияларни жорий этиш учун мавжуд ресурслар ва шароитлар (Innovation Input) – институтлар, инсон капитали ва тадқиқотлар, инфратузилма, ички бозор ва бизнеснинг ривожланиш даражаси киради. Иккинчи субиндекс эса инновацияларни жорий этишда эришилган амалий натижалар (Innovation Input) – технологиялар ва билимлар иқтисодиётининг ривожланиши ҳамда ижодий фаолият натижаларини ўз ичига олади.

Мамлакатимиз инновацияларни жорий этиш учун мавжуд ресурслар ва шароитлар субиндексида ўтган йилги натижаларидан 6 поғона кўтарилиб 75 ўринни; инновацияларни жорий этишда эришилган амалий натижалар субиндексида эса 18 поғона кўтарилиб 100-ўринни эгаллади.

Рейтингга кўра, Ўзбекистоннинг дунё миқёсида кучли индикаторлари қуйидагилар: “Илм-фан ва муҳандислик соҳасида битирувчилар сони” - 7-ўрин, “Бизнесни йўлга қўйишнинг соддалиги” - 8-ўрин, “Меҳнат унумдорлиги” - 8-ўрин, “Капитални ялпи тарзда тўплаш” - 7-ўрин, “Таълим учун давлат харажатлари” - 28-ўрин.

Қуйи ўрта даромад гуруҳи давлатлари орасида Ўзбекистон 2021 йил 10-ўринни эгаллади. Мазкур гуруҳ мамлакатлари орасида Ўзбекистон институтлар, инсон капитали ва тадқиқотлар, инфратузилма, ва ички бозорнинг ривожланиш даражаси йўналишларида етакчи қаторларини эгаллаб турмоқда.

Глобал инновацион индекс рейтингида Швейцария — 1-ўрин, Хитой — 12-ўрин Россия — 45-ўрин, Қозоғистон — 79-ўрин, Қирғизистон — 98-ўрин, Тожикистон — 103-ўринни эгаллади.

Инновацион ривожланиш вазирлиги тегишли давлат бошқарув органлари ва идоралари ҳамда халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорликда сўнги йилларда Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш ва Глобал инновацион индекс рейтингида ўрнини яхшилашга қаратилган салмоқли ишларни амалга ошириб келмоқда. Натижада, мамлакатдаги инновацион фаолиятда туб ижобий бурилишлар халқаро ташкилотлар томонидан мунтазам тарзда эътироф этиб келинмоқда. Рейтингнинг бу йилги сонида мамлакатимизнинг Ўрта Осиё ва Жанубий Осиё давлатлари ичида 4-ўринда эканлиги таъкидланган.

Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш ва инновацион ривожланишда миллий ўлчамларни тўғри белгилаб олиш, мамлакатнинг халқаро миқёсда инновацион ривожланишини таъминлаш учун 2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегияси қабул қилинган ва ундаги асосий вазифалардан бири этиб 2030 йилга қадар республикамизни Глобал инновацион индекс баҳолаш рейтингида етакчи 50 та давлат қаторига киритилиши қатъий белгилаб берилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар