Ўзбекистон иқтисодиётининг ўтмиши ва келажаги ҳақида қизиқарли китоб

Ўзбекистон иқтисодиётининг ўтмиши ва келажаги ҳақида қизиқарли китоб

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг мамлакатимиз ҳаётида янги давр – мустақил тараққиёт даври бошланди. Жуда қисқа тарихий давр мобайнида халқимиз демократик ҳуқуқий давлат ва очиқ фуқаролик жамияти қуриш йўлида катта муваффақиятларга эришди, иқтисодий тараққиёт муаммоларини халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилиш имкониятига эга бўлди. Мустақиллик йилларида юртимизда бой тарихимизни рўёбга чиқариш, миллий қадриятларимизни тиклаш, уларни замон талаблари асосида ривожлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.

Проф. М.М.Мухаммедов томонидан тайёрланган ушбу монография жуда катта тарихий давр мобайнида, хусусан мустақиллик йилларида Ўзбекистон иқтисодиётининг тараққий этиш жараёнлари тарихини ўрганишга бағишланган.

Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, ўзининг бой тарихини, ютуқ ва муаммоларга тўла ибратли ўтмишини объектив асосда ўрганишга қизиқиш кучайди. Айниқса, инсон ҳаёти ва турмушининг энг муҳим жабҳаси – иқтисодиётнинг ўтмиши, бой тарихи, мамлакат босиб ўтган иқтисодий тарққиётнинг босқичлари, хусусиятлари, зиддиятлари, диққатга лойиқ жиҳатлари, ютуқ ва камчиликларини чуқур тадқиқ этиш ўта долзарб аҳамият касб этади. Иқтисодиётнинг турли сабаб-оқибатларга тўла тараққиёт йўлини ўрганиш, шунчаки, шу соҳага оид муайян билимлар жамлаш ёки мамлакат ўтмиши ҳақида фактлар билан далилланган тасаввур ҳосил қилиш учунгина эмас, балки ўтмишдан сабоқ олиш ва ундан бугунги кунда иқтисодий тараққиёт чорраҳаларида адашмаслик, ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам бехато ва тўғри йўлни танлашда ўринли фойдаланиш учун жуда зарур.

Мазкур китоб айнан ана шундай ғояни амалга ошириш учун хизмат қилади, у нафақат назарий жиҳатдан, балки амалий жиҳатдан ҳам кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошираётган ва иқтисодий тараққиётнинг долзарб муммоларини ҳал этаётган Янги Ўзбекистон учун зарур ва муҳимдир.

Монографияда Амир Темур давридан тортиб то ҳозирги кунгача Ўзбекистоннинг иқтисодий ҳаётида рўй берган тарихий воқеалар, иқтисодий тараққиёт йўлида юзага келган муаммолар илмий жиҳатдан маҳорат билан баён этилган. Ушбу китобнинг алоҳида аҳамияти шундаки, у орқали муаллиф мамлакатимизнинг ҳаётида Амир Темур давридаги иқтисодий юксалишни ҳозирги кундаги мураккаб вазиятда иқтисодиёт соҳасида содир бўлаётган туб ўзгаришлар даври ўртасида параллел ўтқазилган.

Монография китобхон онгида инсон капитали учун энг муҳим бўлган юксак маънавий фазилатларни шакллантириш жараёнида миллий онг ва соғлом фикрни уйғотиш, уни Ватанга садоқат ҳамда миллатпарварлик руҳида тарбиялашга, ўз тақдири ва келажагини барпо этадиган ёш авлодни янги жамиятни янада ривожлантиришга йўналтирилган ғоялар асосида вояга етқазишга қаратилган.

Монографияда Амир Темурнинг Моворауннаҳр марказлашган давлатини ташкил этиш орқали мамлакат ишлаб чиқариш кучларининг равнақи ва унинг иқтисодий юксалишидаги улкан хизмати, кичик ва тарқоқ феодал давлатларни бирлаштириш асосида турли тоифалардаги аҳоли кенг қатламлари иқтисодий манфаатларини уйғунлаштириш ва уларни бир мақсадга йўналтириш имкониятлари пайдо бўлганлиги ва ушбу омил Амир Темур империясининг гуллаб яшнашида асосий рол ўйнаганлигини муаллиф батафсил ёритиб берган.

Китобда муаллиф томонидан Амир Темурнинг Моворауннаҳр иқтисодиётини юксалтиришдаги хизматлари бирма-бир асослаб берилган. У ҳақли равишда Амир Темур иқтисодий сиёсатининг ютуқларини Соҳибқирон томонидан қаттиққўллик билан амалга оширилган солиқ тизимидаги адолат, жангчилар ҳамда давлат хизматчиларини моддий рағбатлантиришда қўлланилган самарали тизим, давлатни бошқаришдаги интизом, салтанатнинг дунё мамлакатлари ўртасидаги обрўйи, давлатнинг шаҳар ва қишлоқларни ободонлаштириш, суғориш иншоотларини таъмирлаш, ташқи савдо ва ҳунармандчиликни ривожлантириш борасидаги амалий ишлари билан боғлайди.

Лекин Амир Темурнинг тинимсиз ҳаракатлари ва ақл-заковати туфайли барпо этилган қудратли давлат, унинг улкан иқтисодий салоҳияти Соҳибқирон вафотидан кейин аста-секин ўз мавқеини йўқота бошлади ва охир – оқибатда инқирозга учради.

Амир Темур тахтининг ворислари ичида у бошлаган иқтисодий юксалиш жараёнларини давом эттиришга қодир муносиб шахс топилмади. Бу билан муаллиф Амир Темур ва Темурийлар мисолида ишлаб чиқариш кучларини ривожлантиришда тарихий шахснинг ролини очиб беришга ҳаракат қилган ва бунга эришган десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Китобда Темур империясининг парчаланиши ва унинг ўрнига бир неча хонликларнинг вужудга келиши иқтисодий тараққиётга катта салбий таъсир кўрсатганлиги мантиқий кетма-кетликда изчил баён этилган. Иқтисодий жиҳатдан заифлашиб, кучсизланиб қолган хонликлар рус мустамлакачилари томонидан осонлик билан босиб олинганлиги, ўтмишда шунча катта иқтисодий қудратга эга бўлган Моворауннаҳр кейинчалик Россиянинг колониясига айланганлиги тарихий манбаларга асосланган ҳолда баён этилган. Россия колониал сиёсатининг мамлакат иқтисодиётига, аҳоли турмуш даражасига таъсири масалаларига катта эътибор қаратилган, унинг салбий оқибатлари асосли далиллар билан изоҳланган ҳолда баён этилган.

Монографияда Моворауннаҳр ҳудуддидаги барча хонликлар чор Россияси мустамлакачилигидан холос бўлгандан кейин, ихтиёрий равишда Совет Иттифоқи таркибига кирганлиги, унинг сабаб ва оқибатлари кенг кўламда ва батафсил ёритилган. Бунда муаллифнинг қарийб етмиш йил давомида Ўзбекистон иқтисодиётида содир бўлган катта ўзгаришлар, уларнинг ижобий ҳамда салбий жиҳатлари хусусидаги холисона фикр- мулоҳазалари эътиборга молик.

Китоб муаллифининг расмий статистик маълумотлар билан далилланган фикрларига мувофиқ, совет тизими Ўзбекистон иқтисодиётига икки томонлама таъсир кўрсатган. Биринчидан, у собиқ СССР таркибида қолоқ аграр мамлакатдан саноати ривожланган аграр-индустриал мамлакатга айланган, шу давр мобайнида аҳоли ҳаёт фаровонлигида ҳам жиддий ижобий ўзгаришлар содир бўлган. Иккинчи томондан эса, ягона марказ томонидан амалга оширилган иқтисодий сиёсатда Ўзбекистон манфаатларига мос келмайдиган айрим қарорлар қабул қилинган, режали иқтисодиётга хос нуқсон ва камчиликлар миллий иқтисодиёт тараққиётида нохуш тенденциялар ва негатив жараёнларнинг вужудга келишига сабаб бўлган.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон мустабид тузумнинг хомашё базаси бўлмиш марказ манфаатларига қатъий бўйсунувчи ягона тизим занжирига қўл-оёғи, ҳар бир ҳужайраси билан чамбарчас боғлаб ташланган эди. Ўтган асрнинг 90-йилларида мамлакатимизда вужудга келган мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий танглик ҳамда маънавий парокандалик давлат ва жамият бошқарувини талаб этарди.

Монографияда Ўзбекистон ўз мустақиллигининг дастлабки йиллариданоқ бозор иқтисодиётига ўтишнинг ўзига хос йўлини, уни изчил амалга ошириши натижасида ҳамда миллий ва иқтисодий хавфсизликни мустаҳкамлаш стратегиясида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигидаги бошқа кўплаб мамлакатлардан фарқли равишда, ишлаб чиқариш ва аҳоли турмуш даражасининг кескин пасайиб, давлатнинг ички ва ташқи қарзлари ҳаддан зиёд ошиб кетишига йўл қўйилмасликка эришган мамлакатлар қаторига киришини асословчи кўрсатмаларини берган.

Китобда Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиши ва унинг мамлакат миллий иқтисодиётини янги, бозор иқтисодиётига хос иқтисодий муносабатлар асосида ривожланиши учун катта имкониятлар яратганлиги, ўтиш даври қийинчиликлари, уларнинг биринчи Президент томонидан олиб борилган оқилона сиёсат воситасида узил-кесил бартараф этилганлиги мантиқий кетма-кетликда ва статистик рақамлар билан далилланган. Айниқса, мамлакат Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ва бевосита раҳномолигида мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти хусусидаги муаллиф фикрлари ўзининг илмий асосланганлиги билан диққатга сазовор.

Бугунги кунда хорижий давлатларнинг ижтимоий-сиёсий, ишбилармон, эксперт, маданий-гуманитар ва жамоатчилик доиралари вакиллари Ўзбекистонда таъминланаётган тинчлик, юритилаётган оқилона ички ва ташқи сиёсатини муносиб баҳоламоқда. Уларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон тарихан қисқа давр ичида том маънодаги янги, мустақил давлатга айланди.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, китобда муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан изчил ҳаётга тадбиқ этилиши Янги Ўзбекистонда янги иқтисодий сиёсатнинг бугунги кунда мамлакатда содир бўлаётган батамом янги ижтимоий-иқтисодий жараёнлардаги роли, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиси Давлат дастурини бажариш якунлари чуқур ва ҳар томонлама таҳлил қилинган. Таҳлил натижаларидан келиб чиққан ҳолда, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, давлат органларининг ҳисобдорлиги ва очиқлигини кучайтириш ҳамда фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситаларининг роли, аҳоли ва жамоат бирлашмаларининг сиёсий фаоллигини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга ошириш бўйича тегишли хулосалар берилган.

Шу билан бирга, монографияда 2022-2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясининг мазмун-моҳияти, Янги Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий тараққиётнинг буткул янги босқичига олиб чиқишдаги роли ва аҳамияти, яъни Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида биринчи ўринга шахс, инсон қадри юқори ўринга қўйилиб, «инсон – жамият – давлат» деган янги тамойил асосида давлат ва жамият бошқарувини ташкил этади. Бир сўз билан айтганда, амалий натижа, инсон манфаати, унинг қадр-қиммати бош мақсадга айлангани ҳақида батафсил ифода этилган.

Шунингдек, Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида иқтисодиёт ва сиёсат илмий ривожини акс эттирган илғор иқтисодий ва сиёсий тафаккур ҳосиласидир. Ушбу таълимот негизини миллий иқтисод, макроиқтисодий жараёнларни тартибга солиш, бозор иқтисодиётининг ролини бўрттирмаслик, ҳатто давлатнинг иқтисодиётга аралашуви борасида меъёрий чегарадан чиқмаслик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ишлаб чиқариш, иқтисодиётни модернизация ва диверсификациясини таъминлаш, миллий иқтисодиётнинг реал ва молия секторини қўллаб-қувватлаш, оқилона монетар фискал сиёсат, ўтказиш, яъни пул муомаласи бузилишларининг олдини олиш, инфляцияни жиловлаш, антиинфляцион сиёсатни асослаш, хуллас, мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлигини таъминлаш каби назарий ғоялар ташкил қилади. Бу ғоялар Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий ва ижтимоий хавфсизлигини таъминлаш ва мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Муаллиф Ўзбекистон иқтисодиётининг тарихини ёритиш билан бир қаторда, унинг келажаги хусусида эътиборга молик фикр-мулоҳазаларни илгари сурган, мамлакат миллий иқтисодиётининг равнақи омилларини ва унга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган тўсиқларни асослаб беришга ҳаракат қилган. Монография жуда равон ва қизиқарли тилда ёзилган бўлиб, мамлакатимизда иқтисодиёт соҳасида яратилган нодир асарлардан бири деб ҳисоблайман. Уни Янги Ўзбекистон имиджини кўтаришнинг муҳим воситаси сифатида Ўзбекистон иқтисодиётини ўрганишга қиқзиқувчи хорижий китобхонлар учун ҳам уни хорижий мамлакатларда ҳам чоп этиш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.

Ушбу монография инсон капиталининг маънавий дунёсини ҳам очиб беришга қаратилган бўлиб, тарихдаги барча буюк ишлар юртга, халққа, уммумаънода айтганда инсониятга муҳаббат негизида дунёга келганлигини ҳам кўришимиз мумкин.

Шунингдек, монографияда Янги Ўзбекистонни ва Учинчи ренессанс пойдеворини барпо этиш борасида амалга оширилган туб ўзгаришлар ва ислоҳотларнинг мазмун моҳияти ҳақида сўз юритилган бўлиб, у кўпчилик илм-аҳли, иқтисодчилар, таълим соҳаси фидоийлари ҳамда кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган.

Ўзбекистон Фанлар академиясининг академиги
Қаландар Абдураҳмонов

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар