Лотин Америкаси давлати раҳбарининг илк ташрифи
11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Халқаро автомобиль федерациясининг Бош ассамблеясида иштирок этиш учун расмий ташриф билан Ўзбекистонга келган Парагвай Республикаси Президенти Сантьяго Пенья ўртасида музокаралар бўлиб ўтди.
Музокараларда икки томонлама ҳамкорликни, жумладан, савдо-иқтисодиёт, маданий-гуманитар, таълим ва бошқа соҳаларда кенгайтиришнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Ўзаро савдони кўпайтириш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва кимё саноати, рақамлаштириш, туризм ҳамда спорт соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар сиёсий мулоқотни янада ривожлантириш ва ўзаро манфаатли соҳаларда амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини тасдиқладилар. Музокаралар якунида Қўшма баёнот, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши доирасида бозорга кириш масалалари бўйича икки томонлама музокаралар якунлангани тўғрисидаги баённома ҳамда Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашув механизмини йўлга қўйиш тўғрисида ўзаро англашув меморандумини имзоланди.
Ўзбекистон етакчиси Лотин Америкаси давлати Президенти томонидан Ўзбекистонга илк бор амалга оширилаётган ушбу ташриф тарихий аҳамиятга эга эканини қайд этди. Мазкур саммит икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришда янги даврни бошлаб бериши таъкидланди.
Туркманистонда қўшилмасликнинг устувор йўналишлари
11-12 декабрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Ашхободда бўлиб, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов билан музокаралар олиб борди ва Халқаро форумда иштирок этади.
Музокаралар давомида Туркманистон Президентининг яқинда бўлиб ўтган Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Туркманистон стратегик шериклигини янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Учрашувда таъкидланганидек, йил бошидан буён Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида товар айирбошлаш қарийб 1 млрд. долларга етди. “Шовот-Тошҳовуз” чегараолди савдо зонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда. Юк ташиш ҳажми 30 фоизга ошди, жумладан, Туркманбоши порти орқали етказиб бериш фаоллашди. Фаол гуманитар ва ҳудудлараро алмашинувлар давом этмоқда. Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши ва Ҳудудлар форумининг бўлажак йиғилишларида савдо ҳажмини каррасига ошириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари, хусусан, энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларда қўшма кооперация лойиҳаларини самарали илгари суриш бўйича таъсирчан чоралар кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Давлат раҳбари Туркманистон доимий бетарафлигининг 30 йиллиги, Халқаро бетарафлик куни ҳамда 2025 йил “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилинганига бағишланган халқаро форумда иштирок этди ва нутқ сўзлади.
Ўзбекистон 2027-2029 йилларда Қўшилмаслик ҳаракатига раислик қилишни режалаштираётганини инобатга олиб (мамлакатимиз ҳарбий блокларда қатнашмаслик тамойили асосида 120 та давлатни бирлаштирган ушбу ташкилотга 1992 йилда қўшилган), Президентимиз форумдаги ўз чиқишида Ўзбекистоннинг Қўшилмаслик ҳаракатидаги бўлажак раислиги даврида биз тинчлик ва зўравонликдан холилик маданиятини қўллаб-қувватлаш бўйича глобал ҳаракатни рағбатлантириш, сиёсий мулоқот асосида давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, жаҳонда бағрикенглик, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик муҳитини қарор топтиришга кўмаклашишни бош устувор йўналишлар сифатида белгилаш ниятида эканимизни билдирди.
Ўзбекистоннинг раислиги давомида келгуси авлодлар манфаатлари йўлида можароларни ҳал қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш учун 2027 йилни Превентив дипломатия йили деб эълон қилиш режалаштирилган. Унинг доирасида конференция ва форумлар ташкил этиш, парламент, жамоат ва ёшлар делегацияларининг ўзаро алмашувларини қамраб оладиган тадбирлар дастури қабул қилинади.
Президентимиз глобал миқёсда кескинлик сақланиб қолаётган ва давлатлар ўртасида ишонч заифлашаётган ҳозирги шароитда тинчликсеварлик ва воситачилик тамойилларига умумий содиқлик ҳар қачонгидан ҳам долзарб аҳамият касб этиб бораётганини таъкидлади. Айнан шу сабабли ҳам Ўзбекистон Туркманистоннинг 2025 йилни “Халқаро тинчлик ва ишонч йили” деб эълон қилиш ҳақидаги таклифини қўллаб-қувватлаб, БМТ Бош Ассамблеясининг тегишли резолюциясининг ҳаммуаллифи бўлди.
Давлатимиз раҳбари, шунингдек, ўзаро ишонч, ҳурмат ва жипслик тамойиллари Марказий Осиёни тинчлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик маконига айлантириш борасидаги сиёсатнинг ҳам асоси эканлигини қайд этди. Шу нуқтаи назардан, Туркманистоннинг конструктив ва тинчликсеварлик сиёсати Марказий Осиёда барқарорлик ва тараққиётни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланишига алоҳида урғу берилди.
Ўзбекистон етакчиси ўзаро ҳурмат, ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланган гуманитар ҳамкорликни илгари суриш муҳимлигини таъкидлаб, 2026 йилда Тошкентда “Маданиятлар мулоқоти” қўшма халқаро гуманитар форумини ташкил этиш ва “Ёшлар тинчлик ва ишонч йўлида” минтақавий дастурини жорий этишни таклиф қилди. Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида Ўзбекистон дунёда адолатли ва барқарор тартиботни барпо этишга бундан буён ҳам амалий ҳисса қўшишга тайёрлигини таъкидлади.
Россияда ЕОИИ ва МДҲ учрашувларида
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 21 декабрь куни Санкт-Петербург шаҳрида Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилишида кузатувчи давлат раҳбари мақомида иштирок этди.
Кун тартибидан кўп томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, транспортни ривожлантириш ва ўзаро ҳамкорликнинг устувор йўналишларида қўшма дастурларни амалга ошириш масалалари ўрин олди.
Ўзбекистон Президенти нутқининг аввалида ЕОИИ мамлакатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш мамлакатимиз ташқи иқтисодий сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлади. Кейинги тўрт йилда кузатувчи давлат мақомидаги ҳамкорлик даврида Ўзбекистоннинг иттифоқ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми қарийб икки бараварга ошди ва 20 млрд. долларга яқинлашди. Ўзбекистон савдо ва юк ташишни рақамлаштириш, электрон тижоратни жорий этиш ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш соҳаларида ЕОИИнинг бир қатор тармоқ дастурларида фаол иштирок этмоқда.
Савдо, саноат, молия тизими, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва бошқа соҳаларда 40 га яқин чора-тадбирни ўз ичига олган Евроосиё иқтисодий комиссияси билан 2026 йилгача ҳамкорлик режаси тизимли равишда амалга оширилмоқда. 2026 йилда қўшма Ишчи гуруҳнинг бешинчи йиғилишини Тошкентда ўтказиш режалаштирилган.
Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг бу галги йиғилиши доирасида Ўзбекистон ва ЕОИИ ўртасида божхона чегаралари орқали ўтказилаётган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисидаги маълумотни алмашиш тўғрисида битим тузиш юзасидан музокараларни бошлаш қарори қабул қилинди.
Ўзбекистон Президенти Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг устувор йўналишларига алоҳида тўхталиб ўтди. Хусусан, давлатимиз раҳбари ўзаро товар айирбошлашда савдо тўсиқларини босқичма-босқич бартараф этиш муҳимлигини таъкидлади. Техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария стандартларига ёндашувларни уйғунлаштириш учун МДҲ ва ЕОИИ институтлари фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шу маънода, Ўзбекистон етакчиси ортиқча тартиб-таомилларни бартараф этиш ва талабларни бирхиллаштириш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш таклифини билдирди. Техник жиҳатдан тартибга солиш, сертификатлаштириш ва божхона маъмурчилигидаги тафовутлар билан боғлиқ масалаларни тезкор ҳал этиш учун тариф ва нотариф тўсиқлар бўйича “Ўзбекистон – ЕОИИ” қўшма Мувофиқлаштирувчи гуруҳини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Саноат соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида мамлакатимиз раҳбари машинасозлик, энергетика, агросаноат мажмуи, кимё ва бошқа соҳалардаги лойиҳалар рўйхатини биргаликда тузишни таклиф қилди. Ўзбекистоннинг Евроосиё тараққиёт банкига қўшилиши муносабати билан ҳамкорликнинг стратегик йўналишларини биргаликда белгилаш ҳамда устувор инфратузилмавий ва “яшил” лойиҳаларни, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлашни қамраб олган “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ташаббуси билдирилди.
Рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳақида гапирар экан, Ўзбекистон Президенти божхона маъмурчилигини рақамлаштириш ва юк ташишда “узлуксиз” моделга ўтиш масалалари устувор вазифа эканлигини қайд этди. Ўзбекистон ЕОИИнинг, энг аввало, биотиббиёт, янги материаллар, агротехнологиялар, энергетика ва робототехника йўналишларидаги технологик платформаларига қўшилишдан ҳам манфаатдор. Сўзи якунида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан кенг қамровли ва ўзаро манфаатли шерикликни кенгайтиришга қатъий интилишини тасдиқлади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 декабрь куни Санкт-Петербургда ўтган МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида ҳам иштирок этди. Учрашувда 2025 йилдаги биргаликдаги ишларнинг асосий якунлари сарҳисоб қилинди ва 2026 йил учун устувор вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда ўзаро товар айирбошлашни ошириш учун янада қулай шароитлар яратиш, транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро инвестициялар ўсишини рағбатлантириш ва кооперация лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, энергетика ва рақамлаштиришда шерикликни мустаҳкамлаш, фан, таълим, маданият ва санъат соҳаларида қўшма лойиҳаларни кенгайтириш, шунингдек, ҳудудлар ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Тинчлик мукофоти билан тақдирлаш. Россия Федерациясига амалий ташриф доирасида 2025 йил 31 март куни Давлат чегараларининг туташган нуқтаси тўғрисидаги шартнома ва Абадий дўстлик тўғрисидаги Хўжанд декларациясини имзолаган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонга Марказий Осиё минтақасида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшгани учун Лев Толстой номидаги Халқаро тинчлик мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон-АҚШ мулоқоти
23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Президентлар олий даражада эришилган келишувлар ижросининг боришини, шунингдек, Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш истиқболларини батафсил кўриб чиқдилар. Давлатимиз раҳбари Президент Дональд Трампнинг 2025 йилда ички ва ташқи сиёсатда эришган муваффақиятларига юксак баҳо бериб, унинг ўткир халқаро инқирозлар ва можароларни ҳал этиш борасидаги самарали саъй-ҳаракатларини алоҳида таъкидлади.
Икки томонлама сиёсий мулоқот ва алмашинувлар, айниқса, етакчилар даражасида фаоллашиб, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришда янги босқични бошлаб бергани ва уни аниқ мазмун билан бойитгани мамнуният билан қайд этилди. Фуқаро авиацияси, автосаноат, тоғ-кон саноати, қишлоқ хўжалиги, инфратузилма, энергетика ва кимё, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа соҳаларда ўнлаб млрд. долларлик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Амалдаги лойиҳа ва дастурларни самарали илгари суриш ҳамда янгиларини ишлаб чиқиш мақсадида Америка – Ўзбекистон ишбилармонлар ва инвестициялар кенгаши ташкил этилди. Қўшма Инвестиция фондини таъсис этиш бўйича фаол иш олиб борилмоқда. Ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликнинг янги механизми ишга туширилди. Ўзбекистоннинг учта вилояти делегациялари Америка штатлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ушбу мамлакатда бўлди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Шу маънода, кўп томонлама ҳамкорлик, жумладан, “С5+1” форматининг аҳамияти таъкидланди.
Суҳбат якунида томонлар олий даражадаги фаол мулоқотларни давом эттириш ниятини тасдиқладилар ҳамда амалий ҳамкорлик бўйича қўшма ташаббус ва дастурларни илгари суришга келишиб олдилар. Ўзбекистон Президенти Америка етакчисини ўзи учун қулай муддатда мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.
Иқтисодий дипломатиянинг кучайиши
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 15 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Президентимиз мамлакат ташқи сиёсати учун 2025 йил кўп жиҳатдан натижадор бўлганини қайд этди. Йил давомида 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди. “Марказий Осиё плюс” форматидаги кўп томонлама мулоқотлар сермаҳсул бўлди. Сўнгги йилларда 11 та давлат билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 19 тага етди, Қозоғистон, Озарбайжон ва Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари йўлга қўйилди. 2017 йилдан буён хорижий давлатларда 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхоналари очилиб, уларнинг сони 60 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатлар сони эса 165 тага етди.
Икки ва кўп томонлама тадбирлар доирасида 2025 йилда умумий қиймати 160 млрд. долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари бўйича битимлар имзоланди. Тарихда илк бор ташқи савдо айланмаси 80 млрд. доллардан ошиб, экспорт 33,5 млрд. долларга етди, хорижий инвестициялар эса 43 млрд. доллардан ошди. 75 та давлатга экспорт ҳажми қарийб 4,5 млрд. долларга кўпайди. Элчилар учун улар фаолият юритаётган давлатлардан экспорт тушумлари, туристлар оқими ҳамда ушбу мамлакатларга қонуний меҳнат миграцияси самарадорлик мезони бўлиши қайд этилди. Иқтисодий дипломатияни кучайтириш орқали экспорт ва инвестиция ҳажмини ошириш зарурлиги таъкидланди.
Шу нуқтаи назардан элчиларга Яқин Шарқ, Европа, Осиё ва Африка давлатлари йўналишларида экспортни кенгайтириш вазифалари қўйилган бўлиб, Европа бозорларига чиқишда транспорт харажатларини камайтириш бўйича қўшимча таклифлар ишлаб чиқиш, транзит йўналишларини диверсификация қилиш ва логистика занжирларини қисқартириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Янги экспорт йўналиши сифатида Африка қитъаси билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Элчилар истиқболли лойиҳалар топиш, уларни олиб келиб, ишга туширишдан манфаатдор бўлиши кераклиги қайд этилди. Шу муносабат билан аниқ инвестиция ёки экспорт лойиҳасини якунига етказган элчиларни моддий рағбатлантириш амалиёти жорий этилиши белгиланди.
Бир қатор йўналишларда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланмаётгани танқид қилинди. Хусусан, халқаро грантлар жалб қилиш бўйича салоҳият етарли даражада ишга солинмагани қайд этилди. Қайд этилганидек, халқаро ташкилотлар ва донор мамлакатлар ҳар йили 200 млрд. долларга яқин грант дастурларини эълон қилмоқда. Шу боис грантлар билан ишлаш бўйича ягона, тизимли ва самарали ёндашувни жорий этиш вазифаси қўйилди.
Ташқи иқтисодий алоқаларни кенгайтириш масалаларида ҳудудлар ва дипломатик ваколатхоналар ўртасидаги ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмагани қайд этилди. Вилоят ҳокимлари элчилар билан биргаликда ҳудудларда ишлаб чиқарилаётган экспортбоп маҳсулотларни тизимли равишда хорижда илгари суриши, маҳаллий корхоналарнинг ташқи бозорларга чиқишида фаол иштирок этиши зарурлиги таъкидланди. Навбатдаги устувор йўналиш сифатида фуқароларимизни хорижда қонуний ва юқори даромадли иш ўринлари билан таъминлаш белгиланди. “Кабинет дипломатияси”дан воз кечиб, жойларда ишлаш, ватандошлар билан бевосита мулоқот қилиш вазифаси қўйилди.
Ўзбекистон Республикасининг Ташқи сиёсат фаолияти концепциясини янгилаб, унинг устувор йўналишларини қайта кўриб чиқиш, миллий манфаатларни ҳимоя қилиш ва халқаро майдонда мамлакатимизнинг ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб олиш зарурлиги таъкидланди. Президентимиз қайд этганидек, янги концепция мамлакатимизнинг узоқ муддатли стратегик мақсадларини, ички ислоҳотларимиз мантиғини, шунингдек, иқтисодий дипломатия, хавфсизлик, инвестиция, экспорт, транспорт-логистика, сув ва иқлим масалаларидаги миллий манфаатларимизни яхлит ва ўзаро боғлиқ ҳолда акс эттириши лозим.
"Иқтисодий шарҳ" журнали №1/2026
Изоҳ қолдириш