Ўзбекистон қуёш электр станциялари қуришни режалаштирмоқда

Ўзбекистон қуёш электр станциялари қуришни режалаштирмоқда

Ўзбекистон ўн йил давомида умумий қуввати 5000 МВт бўлган қуёш электр станциялари (ҚЭС) қуришни режалаштирмоқда, деб хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Хабарда таъкидланишича, 2021 йил охирига қадар Ўзбекистонда ҳар бири 100 МВт қувватга эга иккита ҚЭСни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Мазкур йўналишда вазирлик Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (ХМК) иштирокида давлат-хусусий шериклик дастури асосида қуёш электр станцияларини қуриш бўйича «Scaling solar» лойиҳаси устида иш олиб бормоқда. ХМК қуёш энергияси соҳасидаги лойиҳаларни танлаш ва тендер ўтказишда ёрдам бериш бўйича етакчи маслаҳатчи ташкилот сифатида жалб этилган.

2019 йил ХМК кўмагида Ўзбекистонда халқаро тендер танловларнинг биринчи босқичи ташкил этилиб, унинг натижалари 4 октябрь куни эълон қилинди. Тендер Навоий вилоятида 100 МВт қувватли биринчи ҚЭС қуриш мақсадида ўтказилган.

- Халқаро танловнинг дастлабки босқичида Ҳиндистон, Испания, Хитой, Норвегия, БАА, Россия, Саудия Арабистони, Франция, Жанубий Африка Республикаси, Жанубий Корея ва Япониядан 23та компания иштирок этди, шулардан 11та компания дастлабки саралаш танловидан ўтди, - дейди Энергетика вазирлиги Қайта тикланувчи энергия манбалари асосида генерацияни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Абдулла Отабоев. - Тижорат таклифлари «Acwa Power» (Саудия Арабистони), «Jinko Power» ва «Aljoimah Energy & Water Consortium» (ХХР/ Саудия Арабистони), «Masdar» (БАА), «TBEA Xinjianing Sunoasis Co Ltd» (ХХР) ва «Total Eren» (Франция) компаниялари томонидан тақдим этилганди.

Тендер комиссияси иштирокчиларнинг техник, тижорат таклифларини ўрганиш ва баҳолаш натижаларига кўра, БААнинг «Masdar» компаниясини танлов биринчи босқичи ғолиби деб эълон қилди. Мазкур компания тариф бўйича 1 кВт/соат ишлаб чиқарилган электр энергиясини 2,679 центга баҳолаган.

Лойиҳани молиялаштириш Халқаро тикланиш ва тараққиёт банкининг 5,1 миллион долларгача миқдордаги кафолати ҳамда ХМКнинг 41 миллион долларгача миқдордаги қарз маблағлари ҳисобига амалга оширилмоқда. Лойиҳа, шунингдек, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги биринчи кафолатли операцияси бўлади.

«Masdar» Абу-Даби ҳукуматининг «Mubadala Investment Company» компаниясининг шуъба корхонаси ҳисобланади. У қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқаришни ривожлантиришга ихтисослашган етакчи халқаро компаниялардан биридир.

Компания томонидан амалга оширилган инвестициявий лойиҳалар портфели 4000 МВт.дан ортиқ ҳажмда қайта тикланадиган манбалардан электр энергияси ишлаб чиқаришга ихтисослашган қувватларни ўз ичига олган.

Шунингдек, «Masdar» компанияси Навоий вилоятида қуввати 500 МВт бўлган шамол электр станциясини лойиҳалаштириш, қуриш ва ундан фойдаланиш лойиҳасини амалга оширади.

Янги объектни қуриш ишларини 2021 йил охиригача бошлаш кўзда тутилган. 2023 йил апрел ойида ишлаб чиқариш қувватларининг биринчи босқичи (250 МВтгача) ва 2024 йил охирига қадар барча қувватларни фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар