Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга қилган мурожаатининг лингвистик таҳлили

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга қилган мурожаатининг лингвистик таҳлили

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга мурожаат қилиш анъанаси дастлаб 2017 йил декабрь ойида жорий этилган бўлиб, мазкур мурожатномада кўтарилган масалалар ўз долзарблиги билан фуқароларимиз ва халқаро ҳамжамиятнинг диққат эътиборини ўзига тортиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз мурожаатида одатда ўтган йилни сарҳисоб қилади ва яқин келажакда республикани ривожлантиришнинг асосий йўналишларига тўхталиб ўтади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар Маркази экспертлари томонидан Давлат раҳбарининг 2020 йилдаги охирги мурожаати бўйича лингвистик ва контент таҳлил амалга оширилиб, нутқни тасвирий ифодаловчи сўзлар жамланмаси тузилди.

Таҳлил натижасида қуйидагилар аниқланди:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўз мурожатномасида жами 3576 хил сўздан фойдаланган. Фойдаланилган сўзларнинг энг узуни 19 та ҳарф ва ўртача 8 та ҳарфни ташкил қилади. Давлат раҳбари нутқида энг кўп эътибор қаратган йўналиш – бу “ёшлар”, “таълим”, ва “пандемия” бўлган. (1-расм).

1-расм. Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга қилган мурожаатида энг кўп фойдаланилган сўзлар жамланмаси.

Мурожаатда “ёшлар” масалаларига 44 маротаба, “таълим” масалаларига 32 маротаба урғу берилган. Шунингдек, “пандемия” ва унга боғлиқ масалалар мурожаатнинг 25 жойида тилга олинган.

Хусусан, “ёшлар” сўзи “ёшларга алоҳида эътибор кўрсатиш”, “ёшлар ҳуқуқлари”, “турли ёш категориясидаги ёшлар”, “ногиронлиги бўлган ёшлар” каби контекстларда фойдаланилган (2-расм).

2-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил

Таълим” сўзи “таълим сифатини тубдан яхшилаш”, “уйда таълим бериш тизимини яратиш”, “пандемия” сўзи эса “глобал пандемия хавфининг узоқ сақланиб қолиши”, “пандемия даврида орттирилган тажриба” ва “пандемия даврида иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш” каби контекстларда фойдаланилган (3, 4-расмлар).

3-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил

4-расм. Энг кўп фойдаланилган сўзлар бўйича индивидуал таҳлил

Таҳлил натижалари шуни кўрсатадики, Мурожаатномада 41% урғу иқтисодиётни ривожлантириш ва либерализация қилиш соҳасига йўналтирилган бўлса, 28% ижтимоий соҳани ривожлантиришга доир масалаларга қаратилган. Бундан ташқари, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга таалуқли масалалар умумий Мурожатноманинг 15%, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, мувозанатли, ўзаро манфаатли ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш каби масалалар эса умумий нутқнинг 10% ташкил этган (5-расм).

5-расм. Мурожаатноманинг йўналишлар бўйича тақсимоти.

Давлат раҳбарининг нутқи 41 соҳа бўйича турли мавзуларни қамраб олган. Улар орасида энг кўп урғу берилган йўналишларнинг учлиги - аҳолига ижтимоий ёрдам кўрсатиш (умумий нутқнинг 7 фоизи), соғлиқни сақлаш (умумий нутқнинг 7 фоизи) ва инфратузилма (умумий нутқнинг 6 фоизи) соҳалари ҳисобланади. Улушига кўра, ёшларга оид давлат сиёсатини юритиш, олий таълим, тадбиркорлик ва ташқи сиёсат соҳалари мос равишда ҳар бири 5 %лик қамров билан топ еттиликни бўлишиб турибди (6-расм).

6-расм. Мурожаатноманинг соҳалар бўйича тақсимоти.

Сўнгги йилларда қилинган 4 мурожаатнинг умумий таҳлили шуни кўрсатадики, иқтисодий ривожланиш, ижтимоий ёрдам, тадбиркорларни қўллаб қувватлаш, ҳалқ фаровонлигини ошириш, юрт тинчлиги ва осойишталигини мустаҳкамлаш каби масалалари ҳар йилги Мурожаатномаларнинг ажралмас қисми бўлиб келган. Хусусан, ижтимоий соҳага бўлган урғу йилдан йилга кучайиб бормоқда. Мазкур соҳага оид сўзлар 2017 йилдаги нутқнинг 11% тенг бўлган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилга келиб 28% га етганлиги эътирофга сазовор.

Шавкат Мирзиёев кириб келаётган 2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном беришни таклиф этди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар