Ўзбекистон ва Тожикистон тенг улушга эга бўлган иккита гидроэлектростанция қуради

Ўзбекистон ва Тожикистон тенг улушга эга бўлган иккита гидроэлектростанция қуради

Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари Тожикистон ҳудудидаги Зарафшон дарёси ҳавзасида иккита гидроэлектростанцияни биргаликда қуриш учун Очиқ акциядорлик жамиятини ташкил этмоқда. Бу ҳақда Asia-Plus хабар қилди.

Ушбу компаниядаги тожик томонининг улуши 50 фоиз + 1 акция, ўзбек томони эса 50 фоиз — 1 та акцияни ташкил этади.

Лойиҳа икки мамлакат томонидан келишилган ва яқин вақт ичида имзоланиши кутилмоқда.

Томонлар икки мамлакат ҳукуматлари номидан Жамият асосчиси вазифасини бажарувчи ташкилотни белгилайдилар.

Ижтимоий ва атроф-муҳитга таъсирини техник-иқтисодий асослаш ва баҳолаш ҳамда мониторинг ўтказиш учун мустақил халқаро консалтинг компаниясини жалб қилиш режалаштирилган. Лойиҳани амалга оширишда Халқаро молия институтлари ёки давлат ташкилотларининг маблағларини жалб қилишга рухсат берилади.

Қурилаётган станцияларда ишлаб чиқариладиган барча электр энергиясини Ўзбекистон томони сотиб олиши кутилмоқда.

Биринчи босқичда йилига 800 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган «Ёвон» ГЭСи қурилади. 140 Мегаватт қувватга эга ушбу станциянинг дастлабки қиймати 282 миллион долларга баҳоланмоқда.

Иккинчи босқичда йилига ўртача 600 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарадиган «Фондарё» ГЭСини қуриш имконияти ўрганилади. 135 Мегаватт қувватга эга ушбу станцияни қуриш учун 270 миллион доллар ажратиш керак бўлади.

Тожикистон ҳукумати республика ҳудудида бошқа давлатларнинг ҳукуматлари билан биргаликда гидроэлектрстанцияларини қуриш бўйича тажрибага эга. Хусусан, Россия иштирокида «Сангтуда ГЭС-1» ва Эрон иштирокида эса «Сангтуда-2» ГЭСлари қурилган ва ишламоқда.

Маълумот учун, ГЭСларни қурилиши 2018 йили эълон қилинганди. 2021 йилнинг март ойида ГЭСларни қуриш муҳокамаси бўлаётгани хабар қилинди.

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифидан сўнг Президент матбуот котиби Зарафшон дарёсида иккита ГЭС қуриш лойиҳаси бўйича қўшма акциядорлик жамияти ташкил этиш тўғрисида битим имзолангани ҳақида маълум қилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар