Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирдилар.
Музокараларда расмий делегациялар аъзолари, икки мамлакат вазирликлари ва йирик компаниялари, чегарадош вилоятлар раҳбарлари иштирок этди.
Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Музокараларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат кооперациясини чуқурлаштириш, транспорт соҳасидаги ва ҳудудлар ўртасидаги шерикликни ривожлантириш, энергетика йўналишидаги улкан салоҳиятни самарали ишга солиш, маданий-гуманитар алмашинувларни давом эттириш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Президент Шавкат Мирзиёев товар айирбошлашдаги ижобий суръатга қарамай, келгуси йилда уни икки баробарга кўпайтириш учун янги “ўсиш нуқталари”ни топиш муҳим эканини айтди. Шу мақсадда эркин савдо режимидан истисноларни бекор қилиш ва нотариф тўсиқларни бартараф этиш масалаларини келишишни тез фурсатда якунлаш муҳим, деб таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Ўзаро товар етказиб бериш ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, учинчи мамлакатларга биргаликда чиқиш имкониятларини излаш лозим.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон мамлакатларимиз ҳудудлари ва етакчи корхоналарининг саноат кооперациясини кенгайтиришдан манфаатдорлигини таъкидлади.
- Муваффақиятли ҳамкорликнинг реал мисоллари ва истиқболга мўлжалланган аниқ режаларимиз бор.
Бу ҳақда сўз юритганда, Ўзбекистон автомобилларини йиғишни ташкил этиш, замонавий трансформаторлар ва қишлоқ хўжалиги ускуналарини ишлаб чиқариш, маиший техника ва қурилиш материаллари, калава ип ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, мамлакатларимиздаги бошқа қўшма лойиҳаларни тилга олиш лозим, - деди Шавкат Мирзиёев.
Транспорт ва транзит ташишлар соҳасидаги ҳамкорлик ҳам стратегик йўналишдир. Ўзбекистон Президенти мамлакатларимиз транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, шаҳарлар ўртасидаги ҳаво қатновларини кенгайтириш ва автобус қатновларини тиклашни таклиф этди.
Шавкат Мирзиёев икки мамлакат вилоятлари ва туманлари кесимида тўғридан-тўғри тизимли мулоқотни йўлга қўйиш муҳим эканини таъкидлади.
Икки мамлакатнинг улкан гидроэнергетика салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва сувдан фойдаланиш масалалари бўйича конструктив ва ўзаро манфаатли мулоқотни давом эттириш масалалари муҳокама қилинди.
Президент Эмомали Раҳмон Тожикистон биродар Ўзбекистон билан ҳамкорликда эришилган бугунги юксак даражани қадрлашини, бунда Президент Шавкат Мирзиёевнинг катта ҳиссаси борлигини алоҳида таъкидлади. Музокаралар чоғида келгуси ишлар учун режалар белгилаб олингани, уларнинг натижалари икки мамлакат стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтириш учун янги омил бўлиб хизмат қилишини қайд этди.
Муҳокамалар давомида Ўзбекистон ва Тожикистон ҳамкорлиги тўғрисида 35 та ҳужжат имзоланди
Улар орасида:
- 2018 йил 9 мартдаги Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида фуқароларнинг ўзаро саёҳати тўғрисидаги битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида баённома;
- Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида акционерлик жамиятини тузиш;
- Зарафшон дарёси ҳавзасида иккита гидроэлектростанцияни қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш тўғрисида келишув;
- Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали юкларни транзит қилиш тўғрисида битим.
Изоҳ қолдириш