Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёсида ГЭС қуришни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёсида ГЭС қуришни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Тожикистон Зарафшон дарёси ҳавзасида ГЭС қуриш ва уни эксплуатация қилиш тартиби ва улушбай иштирок этиш шартлари тўғрисидаги Ҳукуматлараро Битим лойиҳасини муҳокама қилишда давом этмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берган.

Ўзбекистон – Тожикистон ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилиши март ойида Душанбе шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.

Қайд этилишича, Тожикистонда Зарафшон дарёсида умумий қуввати 320 МВт га тенг иккита ГЭС қуриш масаласини ўрганиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Тожикистон Республикаси Президентининг 2018 йил 17 августда имзоланган Қўшма баёнотида кўзда тутилган.

Гидроэлектрстанцияларни босқичма босқич қуриш режалаштирилган: аввалига қиймати 282 млн долл. га тенг, қуввати 140 МВт ташкил этувчи ҳамда 700-800 млн кВт-саот электроэнергия ишлаб чиқарувчи Ёвон ГЭСи қурилиши кўзда тутилмоқда.

Навбатдаги босқичда томонлар Фандарёда қиймати 270 млн долл. га тенг, қуввати 135 МВт ни ташкил этувчи ҳамда 500-600 млн кВт-соат электроэнергия ишлаб чиқарувчи ГЭС қурилиши мўлжалланган.

Лойиҳани молиялаш халқаро молиявий ташкилотларнинг қарз ва грант маблағлари, шунингдек томонларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши кўзда тутилган.

Қурилган гидроэлектростанциялар фақат Ўзбекистон эҳтиёжлари учун 1400 млн кВт.с экологик соф электр энергия ишлаб чиқаради.

Шунингдек лойиҳа ягона энерго тизимни қўллаб-қувватлашга ҳамда ГЭС ни бирга қуриш ва улардан фойдаланиш жараёнида қўшимча иш ўринларини яратишга, шунингдек электр энергияни тенг асосда Ўзбекистон ва Тожикистонга йўналтиришга кўмаклашади.

Илк бор Тожикистон томонидан тақдим қилинган Зарафшон дарёсида ГЭС қурилишида улушбай иштирок этиш тартиби ва шартлари тўғрисидаги ҳукуматлараро Битим лойиҳаси 2019 йил 24 апрелда Ўзбекистоннинг манфаатдор вазирликлари ва идоралари вакилларидан ташкил топган ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилди.

2020 йил 28-29 январь кунлари Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасидаги Зарафшон дарёси ҳавзасида ГЭС қуриш ва уни эксплуатация қилиш тартиби ва улушбай иштирок этиш шартлари тўғрисидаги Ҳукуматлараро Битим лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича Ўзбекистон – Тожикистон ишчи гуруҳининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Қўшма ишчи гуруҳнинг навбатдаги мажлисида инвестицияларни ҳимоя қилиш ва хатарлар даражасига таъсир этувчи Ўзбекистон томонидан киритилган ўзгаришлар, баҳсли масалаларни кўриб чиқиш механизми, ишлаб чиқарилаётган электр энергиясини Ўзбекистон томонидан харид қилиш тартиби ва бошқалар муҳокама қилинади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар