Ўзбекистон – халқаро муносабатлар чорраҳасида

Ўзбекистон – халқаро муносабатлар чорраҳасида

Яқинда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” биринчи саммити ҳам фикримизга мисол. Мазкур нуфузли тадбирнинг кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё олдида турган долзарб иқлим муаммолари муҳокама қилинди, экологик барқарорлик, "яшил" иқтисодий тараққиёт ва иқлим ўзгаришига қарши курашишда минтақавий ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди. Саммитда давлатимиз раҳбари нутқ сўзлаб қатор ташаббусларни илгари сурди. Бу билан Президентимиз ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ҳамкорликдаги ишларимизнинг биз учун устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.

“Саммит якунлари бўйича Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасида стратегик шериклик ўрнатиш ҳақида тарихий қарор қабул қилинади. Қабул қилинадиган ҳужжатнинг қоидаларини амалга оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур, деб ҳисоблаймиз” – деди Президентимиз. Шунингдек, иқтисодиёт ва технологик модернизацияга инвестициялар киритиш ўзаро ҳамкорлигимизнинг устувор мезони бўлиши баробарида июнь ойининг бошида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан шерикликда Тошкент халқаро инвестиция форумини ўтказишни таклиф этди.

Бу ҳам ўзаро минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтиришда, иқтисодий кўрсатгичларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим яҳамиятга эга. Бундан ташқари Президентимиз стратегик минерал ресурслар соҳасида ҳамкорлик ва инвестицияларни чуқурлаштириш, “Яшил” энергетика ва экологик барқарорликка, шунингдек, Инсон капиталига йўналтирилган инвестициялар, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги алмашувларни кенгайтириш масалалари бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Шу маънода, бугун нафақат иқтисодий-сиёсий, балки маданий-гуманитар соҳаларда кечаётган минтақавий ва қўшни давлатлар билан яқинлашув бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишида муҳим роль ўйнайди. Мазкур нуфузли саммитнинг Ўзбекистонда ўтказилиши ва унинг қандай сигналлар бериши ҳақида экспертлар қуйидагича фикрларни айтишмоқда.

Аввало бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий мақсадларига ишонч демакдир. – Минтақа мақомига эга давлатларнинг ривожи, тараққиёти атрофидаги давлатлар тақдирини белгилайди. Ўзбекистон ҳам худди шундай давлатга айланиб бормоқда. Бу халқаро миқёсда эътироф этилмоқда. Демакки, сўнгги йилларда яна бир муҳим бурилиш рўй бермоқдаки, Ўзбекистон умумбашарий муаммоларни ҳал қилиш борасида ҳам фаол ҳаракат олиб бормоқда. Президентимиз бугун давлатлар ўзаро зиддиятларни четга суриб, битта кемада эканимизни англаб етиши кераклигини уқтирмоқда.

Вақт ўтган сари мазкур саъй-ҳаракатларнинг бўй-басти, халқлар фаровонлигидаги аҳамияти янада яққол кўринмоқда. Таъкидланганидек, бу — янги Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги сиёсий субъект сифатида шаклланаётганини англатувчи янги босқич. Ва бу, албатта, Президент Шавкат Мирзиёев сиёсий доктринасининг тарихий ютуғидир.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар