Ўзбекистонда бошланғич капитали 100 млн. АҚШ доллари бўлган "Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси" ташкил этилиши кутилмоқда

Ўзбекистонда бошланғич капитали 100 млн. АҚШ доллари бўлган

Жорий йилда Ўзбекистон Ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки ҳамкорлигида бошланғич капитали 100 млн. АҚШ доллари бўлган "Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси" (Economic Еmроwermепt Fund) ташкил қилиниши кутилмоқда.

Бу ҳақда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ислом тарақиёт банки делегацияси вакиллари ўртасида мақсадли ва манзилли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари бўйича ўтказилган учрашувда айтиб ўтилди.

Тадбир давомида бугунги кунда ҳудудларни ривожлантиришда маҳаллалардаги “драйвер” нуқталарни аниқлаш ва шу асосда ишларни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

Учрашувда, шунингдек, Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Аёллар дафтари” асосида хотин-қизлар муаммолари билан ишлашда банклар томонидан тақдим этилаётган лойиҳалар хусусида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, ташкил этилиши кутилаётган Фонд томонидан кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун платформа яратиш, даромад манбаларини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда бу жараёнларда маҳаллалар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилмоқда. Бунда ҳақиқатдан кўмакка муҳтож фуқароларни аниқлашда маҳалла ходимларининг ўрни ва аҳамияти катта.

Тадбир сўнггида кутилаётган икки тарафлама музокараларни 2021 йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ҳукуматлараро учрашувда давом эттиришга ўзаро келишиб олинди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар