2022 йилнинг 18 июлида “UzAuto Motors” АЖ Асака шаҳридаги заводида Chevrolet Tracker-2023 автомобилини ишлаб чиқаришни бошлади, деб хабар қилмоқда компания матбуот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг машинасозлик тармоғини трансформация қилиш бўйича берган топшириғига биноан компаниянинг ушбу автомобилни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши, мамлакатимиз автомобилсозлик саноати ривожида янги қадам бўлди, чунки Ўзбекистонда биринчи марта кроссоверлар тўлиқ циклда ишлаб чиқарила бошланди.
Ўзбекистон, Хитой ва Бразилиядан кейин экспорт бозорларида энг талабгир, Бразилия, Мексика ва Филиппинда энг кўп сотиладиган кроссовер Chevrolet Tracker-2023 автомобилини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган учинчи мамлакатга айланди. Автомобилни GM GEM (General Motors Global Emerging Markets) платформасида ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бу Асака автомобил заводини модернизация қилиш ва маҳаллий етказиб берувчи ҳамкорлар томонидан ишлаб чиқаришга йўналтирилган сармоялар туфайли амалга оширилди. Инвестицияларнинг умумий ҳажми 620 миллион доллардан ортиқ.
Ўзбекистон Республикаси раҳбарининг топшириғига биноан компаниянинг бошқарув ва ишлаб чиқаришни босқичма-босқич ўзгартириш ишлари доирасида, ягона платформадаги автомобил моделларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш амалга оширилди. Ушбу босқичда платформанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 80 000 дона Chevrolet Tracker автомобилини ташкил этади.
Ушбу лойиҳани амалга ошириш жараёнида Асака заводида лазер ва плазмали пайвандлаш, кузовни лазер билан ўлчаш каби янги технологиялар ўзлаштирилди, шунингдек, завод ва бутловчи қисмларни етказиб берувчиларда ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Бундан ташқари, UzAuto Motors Повертраин заводида Chevrolet Tracker автомобилларини жиҳозлашда фойдаланиладиган замонавий ва тежамкор 1,2 ҳажмли, уч цилиндрли CSS Prime турбодвигателларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Янги двигател Хитойдан олиб келинадиган 125 от кучига эга Tracker автомобиллари двигателидан кучлироқдир. Янги Tracker қуввати 132 от кучига эга.
Маҳаллийлаштириш даражасини янада ошириш мақсадида айни пайтда янги заводлар қуриш ва пластик ёнилғи баклари, рул камарлари, резина қистирмалари, қуйма темир қисмлари, иссиқ штамплаш қисмлари ва бошқа бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш бўйича янги ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш дастури фаол амалга оширилмоқда. Ушбу дастурни амалга ошириш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, GM GEM платформаси асосида бир нечта моделларни ишлаб чиқаришни шунингдек, инвестициялар ҳажмини оптималлаштириш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ҳамда маҳаллийлаштириш даражасини 60 фоиздан ошириш имконини беради.
Бундан ташқари, UzAuto Motorsнинг Асака шаҳридаги заводида янги платформани жорий этиш дастурини амалга ошириш ва Chevrolet Tracker-2023 моделини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун қўшимча тарзда яна 500 нафарга яқин хорижий мутахассислар жалб қилинди.
Биринчи босқичда Chevrolet Tracker 3 та асосий: LS, LT ва Premier комплектацияларда ишлаб чиқарилади. Автомобиллар сотуви жорий йилнинг 30 август санасидан бошланиши режалаштирилган.
Маросимда “Ўзавтосаноат” АЖ бошқарув раиси Шавкат Умурзаков сўзга чиқиб, бутун саноат ходимларини янги модел ишлаб чиқарилишининг бошланганлиги билан табриклади.
“Бугун биз барчамиз тарихий ва унутилмас воқеанинг гувоҳи бўлдик – “UzAuto Motors” компанияси Chevrolet Tracker замонавий автомобилини тўлиқ силкда ишлаб чиқарувчилардан бирига айланди. Бу фақат бошланиши. Компания бундан буён автомобиллар қаторини замонавий ва талабгир автомобиллар билан тўлдиради. Буларнинг барчаси мамлакатимиз раҳбарияти ва General Motors компаниясининг ҳар томонлама кўмаги ҳамда бутун саноат ходимларининг, жумладан, “Ўзавтосаноат”, “UzAuto Motors” АЖ, маҳаллийлаштириш корхоналари ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда иштирок этаётган бошқа кўплаб таркибий корхона ходимларининг қўллаб қувватлаши туфайли амалга оширилди”, – дея таъкидлади “Ўзавтосаноат” АЖ бошқарув раиси Шавкат Умурзаков.
GM президенти ва стратегик бозорлар, алянслар ва дистрибюторлар бўйича бошқарувчи директори Кристиан Соммер ва GM International глобал таъминот ва таъминот тизими вице-президенти Жонни Салдана ўз нутқида, General Motors раҳбарияти номидан жамоани янги модел ишлаб чиқаришни бошлаганлиги билан табриклади.
«Chevrolet Tracker 2023-йил модели ишлаб чиқарилишини йўлга қўйиш – Ўзбекистонда ва яна, компонентларнинг катта қисми маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан қопланадиган, Ўзбекистон ва МДҲ бозорларида сотиладиган GEM платформасида янги авлод автомобиллари ишлаб чиқарилишининг бошланишидир. Алянс доирасида, биз GEM Tracker -ни ўз вақтида ва бенуқсон ишга туширишни таъминлашда техник томондан кўмаклашишдан ҳамда тажрибамиз билан ўртоқлашиш имкониятидан мамнунмиз. Биз кейинчалик ҳам эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқариш ва етказиб беришда кўмаклашишда давом этамиз”, – деди GM International глобал харид ва таъминот занжири вице-президенти Жонни Салдана.
Тантанали маросимда иштирок этган меҳмонлар ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш билан бирга, автомобилнинг техник хусусиятларини ўрганиш имконига эга бўлишди, сўнгра улар учун тест-драйв ташкил этилди. Иштирокчилар янги Tracker'нинг барча афзалликларини синаб кўриш имконига эга бўлишди.
Эътиборлиси, янги автомобил моделини ишлаб чиқаришни бошлаш компаниянинг 19 июлm куни 26 ёшга тўлишини нишонлаш арафасида содир бўлди ва Ўзбекистон автомобил ихлосмандлари учун корхона жамоасидан ўзига хос меҳнат совғасига айланди.
Chevrolet Tracker-2023
Chevrolet Tracker ихчам кроссовери истеъмолчи талабларининг энг муҳим сифатларни: замонавий дизайн, хавфсизлик, қулайлик, самарадорлик ва тежамкорликни ўзида мужассам этган.
Chevrolet Tracker-2023 спорт кроссовери ўзининг замонавий ташқи кўриниши ҳамда ички салон интерери билан, GM томонидан ишлаб чиқарилган CSS Prime тежамкор двигатели, шунингдек, интелектуал функсиялар билан уланиш ва хавфсизлиги билан ажралиб туради.
L шаклидаги LED ёритгичли кундузги чироқлар замонавийлик ва хавфсизликни янада оширади. Панорамали люк Tracker салонида кенглик ва эркинлик туйғусини яратади.
Chevrolet Tracker-2023 интерери замонавий кўриниш ва бетакрор услубга эга бўлган юқори технологияли, динамик ва тежамкор автомобил эканлиги билан ҳам ажралиб туради.
Янги услубдаги қулай ўриндиқлари узоқ сафарларда ҳам чарчоқ ҳиссини билдирмайди.
Замонавий техник хусусиятлар автомобилни бошқаришда янада завқ бағишлайди.
Chevrolet Tracker-2023 техник хусусиятларининг муҳим жиҳатлари қуйидагилардан иборат:
- 1,2 ҳажмли, айланма ҳаракатда 190 Нм ва 97 кВ қувватга эга замонавий уч силиндрли CSS Prime турбомотор;
- 6 поғонали автоматик узатмалар қутиси;
- аралаш силкда тежамкор ёқилғи сарфи 6,9 л/100 км, шаҳар ташқарисидаги йўлда ҳаракатланиш- 5,6 л/100 км;
- хавфсизликни таъминлаш тизими (паст тезликда автоматик тормозлаш, кўриниши чекланган жойлар мониторинги, фаол фавқулодда тормозлаш, олдинда турган тўсиқлар ҳақида огоҳлантирувчи сигнализация, яримавтомат (параллел) тўхташ тизими;
- ҳароратни автоматик назорат қилувчи тизим (Климат контрол);
- круиз-контрол;
- калициз салонга кириш ва двигателни ишга тушириш;
- чармдан рул қоплами;
- электр механизмга эга ҳайдовчи ўриндиғи;
- эко-чармдан ўриндиқлар қопламалари;
- симсиз зарядлаш;
- тўлиқ светодиод оптикаси ва LED орқа габарит чироқлар ва ҳ.к.
Изоҳ қолдириш