Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида ўтказилган йиғилишда миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлашнинг 8 та асосий йўналишлари белгиланди. Aлоҳида эътибор инвестиция масалаларига ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмининг кўпайишига қаратилди. Инвестицион лойиҳаларнинг самарадорлигини оширишдаги янгиликлардан бири инвестицион лойиҳаларни мониторинг қилишнинг 3 босқичли янги тизимни жорий этиш бўлиб, унга саноатни ва умуман иқтисодиётни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишнинг мақсадга мувофиқлиги ва ижтимоий-иқтисодий таъсирни олдиндан баҳолаш киради. Шунингдек, инвестиция даврида, яъни шартномалар имзоланган пайтдан бошлаб объектни фойдаланишга топширишгача доимий мониторинг ўтказилиб, объектни фойдаланишга топширилгандан кейин мақсадли параметрларни баҳолаш учун инвестициядан кейинги даврда мониторинг олиб борилади.
Қурилиши 43 соатдан камроқ вақт давом этган Хитойдаги Снюн кўприги қурилишига эътибор қаратиш, инвестиция лойиҳаларини самарали мониторинг қилиш ишларини кўрсатишнинг энг яхши усулларидан бири. Илк 24 соатда эски кўприк бузилди ва қолган 19 соатда унинг ўрнида янги ва такомиллаштирилган объект қурилди. Хитойда лойиҳаларни амалга оширишнинг афзалликлари бири нафақат харажатларда, балки ижро этилиши бошқа мамлакатлар билан таққослагандаги тезлигида ҳам.
Ушбу механизм нимани англатади?
Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш одатда учта алоҳида босқични ўз ичига олади:
- Дастлабки босқич лойиҳа бўйича якуний қарор қабул қилишгача давом этади;
- Кейинги босқич, лойиҳа натижаларини амалга оширилгунга қадар давом этадиган имплементация;
- Якуний босқич эса лойиҳанинг фойдалари амалга ошириладиган операцион босқичидир.
Лойиҳаларни амалга ошириш босқичлари ва мониторинг механизми:
Юқорида қайд этилган дастлабки баҳолаш босқичи – инвестициялардан олдинги босқичда бўлади. Лойиҳаларнинг бундай олдиндан баҳоланиши эрта босқичда стратегик ахборотни тақдим этади. Бу ерда воқеалар жараёнига таъсир қилиш имконияти энг тез ҳисобланади. Ушбу ёндашув энг яхши лойиҳаларни танлаш ва мумкин бўлган муқобил лойиҳаларни концептуал ечим топиш имконини беради. Бошқача қилиб айтганда, дастлабки баҳолаш, энг яхши алтернативни тахмин қилинган инвестиция лойиҳаларидан фойда кўриш нуқтаи назаридан аниқлашга қаратилган. Лойиҳани амалга оширишнинг инвестиция босқичида оралиқ мониторинг лойиҳанинг кутилган натижалари ва муваффақият кўрсаткичларини ўрта йўлда баҳолайди. Инвестициядан кейинги баҳолаш бўйича унинг мақсади, лойиҳани амалга оширишдан олинган натижаларни, унинг узоқ муддатли барқарорлигини ва муваффақиятини баҳолашдан иборат.
Инвестиция лойиҳалари мониторингини амалга ошириш механизми
Инвестиция лойиҳаларини мониторинг қилиш механизмини намойиш қилиш учун Европа Иттифоқи "инвестиция лойиҳаларининг харажатлари ва фойдасини таҳлил қилиш тўғрисида" қўлланмасига мурожаат қилиш мумкин. Лойиҳаларни иқтисодий баҳолашнинг аҳамияти шундаки, у нафақат лойиҳанинг молиявий харажатларини, балки бошқа жиҳатларни ҳам қамраб олади. Муқобил лойиҳаларнинг самарадорлигини иқтисодий таҳлил қилиш инвестиция лойиҳасининг пул оқимларини таҳлил қилишга асосланган ва қуйидаги босқичлардан иборат:
* Бозор нархларини бухгалтерия нархларига ўтказиш. Баъзи ҳолларда бозор нархлари ҳукумат томонидан белгиланади ва лойиҳанинг ижтимоий аҳамиятини акс эттирмайди. Ушбу босқичда соя нархлари (сояли иш ҳақи) ва фискал ўзгаришлар (ҚҚС, субсидиялар ва соф ўтказмалар) ҳисобга олиниши керак;
* Иқтисодий бўлмаган таъсирларни монетизация қилиш. Ушбу босқич лойиҳанинг бозор қийматига эга бўлмаган жамиятга нисбатан таъсирини баҳолашни талаб қилади ва шунинг учун ҳақиқий пул қийматини белгилаш орқали аниқланиши керак.
* Қўшимча билвосита таъсирларни киритиш. Билвосита таъсирлар иккиламчи бозорда пайдо бўлган нарх ёки миқдор ўзгаришига ишора қилади. Бузилган иккиламчи бозор-бу нархлар имкониятларининг максимал ижтимоий қийматига тенг бўлмаган бозор. Солиқлар, субсидиялар, монопол ҳокимият ва ташқи омилларнинг мавжудлиги бозор бузилишининг асосий сабабидир. Шу билан бирга, бундай таъсирлар фақат бузилишнинг миқдори етарли даражада ва ўлчаб бўлганда ҳисобга олиниши керак, умуман олганда, билвосита таъсирларни ҳисобга олиш учун соя нархларидан самарали фойдаланиш ва ташқи омилларни яхши монетизация қилиш кифоя қилади.
* Харажатлар ва имтиёзларни баҳолашни янгилаш. Инвестицияларни амалга ошириш жараёнида юзага келадиган харажатлар ва имтиёзлар вақти-вақти билан ижтимоий чегирма ставкасидан фойдаланиб, янгиланиб турилиши керак. Бу келажакда фойда ва харажатларни қандай ўлчаш кераклиги ҳақидаги ижтимоий тасаввурни акс эттиради.
* Иқтисодий самарадорлик кўрсаткичларини ҳисоблаш. Иқтисодий таҳлилда, нарх-навонинг бузилишини ҳисобга олган ҳолда ва ижтимоий дисконтлаш ставкасини танлагандан сўнг, бир қатор иқтисодий кўрсаткичларни ҳисоблаш керак. Шу жумладан, иқтисодий аниқ жорий қиймат (дисконтланган ижтимоий фойда ва харажатлар ўртасидаги фарқ), иқтисодий рентабеллик даражаси ва янгиланган фойда ва харажатлар ўртасидаги муносабатлар.
Юқоридаги иқтисодий кўрсаткичларнинг аҳамиятига қараб, айрим инвестиция лойиҳаларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилинади. Қоида тариқасида, иқтисодий рентабеллик коэффициенти ижтимоий чегирма ставкасидан паст ёки салбий соф қиймати бўлган лойиҳалар рад этилиши керак, чунки бундай лойиҳалар кам фойда эвазига жуда кўп ижтимоий ресурсларни истеъмол қилади.
Ўзбекистонга янги мониторинг механизми нима беради?
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда биринчи чоракдан ташқари асосий капиталга инвестицияларнинг ўсиш суръатлари тезлашмоқда. 2020 йил пандемия оқибатлари туфайли бироз пасайиш юз берган (2-расм). Шунингдек, асосий капиталга инвестициялар ҳажмининг ЯИМга нисбати, шу жумладан 2018 – 30,6%, 2019 – 37,1% да ўсиш кузатилмоқда.
2-расм: Aсосий капиталга инвестицияларнинг динамикаси
Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат Статистика Қўмитаси
Aсосий омиллар орасида асосий капиталга инвестицияларнинг юқори ўсиш суръатларидаги хорижий инвестициялардир. Масалан, 2019 йил якунлари бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар улуши жами инвестицияларнинг 31 фоизини ташкил этди, бу эса 2018 йилга нисбатан 3,9 баробар кўп. Пандемиядан кейин инвестициялар ҳажмини янада ошириш ва ички иқтисодиётни тиклаш, шунингдек, молиявий аҳволининг ёмонлашуви вақтида хорижий инвесторларни жалб қилиш мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш учун янги механизмлар ва ёндашувларни талаб қилади. Бундай имконият Ўзбекистонда жорий йилнинг охиригача амалга оширилиши режалаштирилаётган янги 3-босқич мониторинг механизми билан таъминланади.
Ҳеч кимга сир эмаски, хорижий инвестор томонидан ҳар қандай мамлакатда капитални жойлаштириш ривожланаётган мамлакатларда муайян даражада устун бўлган мамлакат хавфига жуда боғлиқ. Шунинг учун хорижий инвесторларга ушбу таваккалчилик ёки ноаниқлик даражасини билиш жуда муҳим. Чунки уни амалга оширишнинг ҳар қандай босқичида инвестиция лойиҳаларининг самарадорлигини баҳолаш учун маълум воситаларни қайта ишлаш мумкин. Ҳатто Норвегия, Буюк Британия ва Дания каби ривожланган давлатлар ҳам мамлакат хавфининг паст даражасига қарамай, миллий ёки тармоқ даражасидаги йирик сармоявий лойиҳаларни баҳолашнинг ўз механизмларига эга.
Ўзбекистонда бундай механизмни тўлақонли жорий этиш, шу жумладан, юқорида қайд этилган хорижий инвестор позициясидан, бошқа томондан, лойиҳани амалга ошириш учун масъул бўлган мутасадди идораларга, республикага лойиҳаларни амалга оширишнинг муддатлари, ҳажмлари, хатарлари ва бошқа жиҳатлари бўйича хорижий инвестицияларни ҳар томонлама амалга ошириш механизмини тушуниш икки томонлама фойда келтириши мумкин.
Умуман олганда, мониторинг лойиҳанинг исталган вақтда тегишли мақсадлар ва натижаларга нисбатан қандай босқичда бўлишини билиб олади ва натижада юзага келадиган муаммолар ҳақида сигнал беради. Бундан ташқари, янги механизм "Лойиҳаларни амалга ошириш натижасида нима содир бўлди?", яъни кутилган натижаларга эришилганми деган саволга жавоб беради. Лойиҳаларни амалга оширишнинг турли босқичларида самарали баҳолаш ҳамкорлик ва маҳаллий ҳамжамиятга катта фойда келтиради. Батафсил баҳолаш лойиҳа харажатларини оқлайди ва қарор қабул қилишда муҳим восита ҳисобланади. Бундай мониторинг механизмини жорий этиш, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг шаффофлиги, самарадорлиги ва барқарорлигини янада кучайтириш орқали Ўзбекистонда инвестиция муҳитини яхшилайди.
Изоҳ қолдириш