Ўзбекистонда тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузган ҳайдовчилар учун жарималар камайтирилиши мумкин

Ўзбекистонда тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузган ҳайдовчилар учун жарималар камайтирилиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хафвсизлик масалалари қўмитаси томонидан транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳолати учун белгиланган жарима миқдорларини камайтириш таклифи илгари сурилмоқда. Бу ҳақда депутат Дониёр Ғаниев маълум қилди.

Қўмита таклифига асосан, мазкур ҳуқуқбузарлик учун жаримани базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (223 минг сўм) миқдорида белгилаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ҳуқуқбузарликни такроран содир этилганда жарима миқдорининг ошиши ҳам бекор қилиниши кутилмоқда.

Дониёр Ғаниевнинг маълум қилишича, ҳозирда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-6-моддасига тегишли ўзгартиришлар киритилишини кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Амалдаги қонунчиликка кўра, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари, яъни 668 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Айни ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш ҳайдовчига БҲМнинг беш баравари (1 113 000 сўм) миқдорида, учинчи марта содир этилиши эса БҲМнинг ўн баравари (2 225 000 сўм) миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади.

«Солиштириш учун, Россияда тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳайдовчига 3000 рубль (тахминан 415 минг сўм), Украинада эса 510 украина гривнаси (тахминан 188 минг сўм)га тушади. Қўшни Қозоғистонда тўхтаб туриш қоидасини бузган ҳайдовчи 24 минг танга (тахминан 589 минг сўм) жарима тўласа, Қирғизистонда эса бу қоидани бузган ҳайдовчиларга нисбатан 3000 қирғиз соми (тахминан 369 минг сўм) жарима қўлланилади. Шунингдек, бу давлатларда (Қозоғистондан ташқари) мазкур ҳуқуқбузарликни такроран содир этиш жарима миқдорини ўзгаришига сабаб бўлмайди.

Кўриниб турибдики, тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш ҳоллари учун белгиланган энг юқори жарима миқдори бизда. Агар бу жарима аҳолининг ўртача даромадлари нуқтаи назаридан солиштирилса, бу фарқ янада ошиши аниқ», — деб таъкидлаган депутат.

«Автомобильлар сони тез суръатларда ошиб бораётган бир пайтда катта шаҳарлар марказларида автомобиль транспортини белгиланган жойда қолдириш (парковка) муаммоси кўплаб ҳайдовчилар учун долзарб масалага айланиб бормоқда. Бу масала айниқса пойтахтда яққол кўзга ташланмоқда. Шаҳарда пуллик автотураргоҳлар етишмаслиги ёки ҳайдовчилар учун қулайлик яратиш (ҳолбуки, бу орқали маҳаллий бюджетга яхшигина даромад ишлаш имконияти бор) мақсадида марказий кўчаларда йўл бўйларига оддий паркоматлар ўрнатилмаганлиги бир сабаб бўлса, белгиланмаган ёки рухсат этилмаган жойларда автомобиль транспорти парковка қилингани учун ‘отни калласидек’ жарималар белгиланганлиги табиий равишда кўплаб ҳайдовчилар эътирозларига сабаб бўлмоқда», — дея қўшимча қилди Дониёр Ғаниев.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар