Ўзбекистонда WorldSkills: кадрлар малакасини оширишнинг янги уфқлари

Ўзбекистонда WorldSkills: кадрлар малакасини оширишнинг янги уфқлари

Ёшларни касбга ўқитишнинг замонавий тизимини ривожлантириш мақсадида «World Skills International» ҳаракатига қўшилиш бўйича 2019 йил 13 майда Вазирлар Маҳкамасининг “Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали кадрларни касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 394-сонли қарори қабул қилинди.

Муносиб иш ўринларини яратиш – бугунги кунда ҳал қилинишини кутаётган асосий масала ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати учун асосий устуворликдир. Ушбу соҳадаги вазифаларни ҳал қилиш меҳнат бозори, жумладан жойларда яратилаётган йирик корхоналар ва кластерлар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда юқори малакали ишчи касблар мутахассисларини таёрлашнинг самарали тизимини яратиш заруратини тақозо қилади.

Меҳнат бозорининг малакали кадрларга бўлган эҳтиёжини қондириш, касбий таълимни ишлаб чиқариш амалиёти билан интеграциялаш, касбий касбий билим ва кўникмаларни баҳолашнинг халқаро тизимини жорий этиш мақсадларида, жорий йил май ойида Ҳукумат томонидан касбий малакалар ва касбий билим ва кўникмаларни ривожлантириш миллий тизимини жорий этиш тўғрисида қарор (“Меҳнат бозорида талаб юқори бўлган малакали кадрларни касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 394- сон ВМҚ) қабул қилинди, унда, жумладан, Ўзбекистонда касбий таълим ва малакаларни баҳолаш тизимига WorldSkills стандартларини жорий қилиш, шунингдек WorldSkills стандартлари бўйича ишчи касблар миллий ва минтақавий чемпионатларини ўтказишни кўзда тутувчи “WorldSkills Uzbekistan” ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш ассоциациясини яратиш назарда тутилган.

Ўзбекистоннинг келгуси умумжаҳон чемпионатларида қатнашиши, шунингдек минтақавий ва миллий миқёсларда мусобақаларни ташкил этиш касбий таълим тизимига халқаро стандартларни янада кенгроқ татбиқ этишга хизмат қилади, бу эса, ўз навбатида, тайёрланаётган кадрлар малакасининг ошишига ёрдам беради.

WorldSkills International – халқаро нотижорат ташкилоти бўлиб, икки йилда бир марта ўтадиган халқаро чемпионатларни ташкил этиш орқали ишчи касблар нуфузи ва мақомини, шунингдек касбий тайёргарлик стандартларини оширишга қаратилган. Ишчи касблар бўйича жаҳон чемпионати 2021 йил сентябрда Шанхайда ўтказилади.

WorldSkillsни Ўзбекистонда ривожлантириш бўйича стратегик ҳамкор БМТ Тарақиёт Дастури саналади. Ҳозирда БМТ ТД, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан ҳамкорликда, “БМТ ТД – Россия федерацияси, тараққиёт мақсадларида” траст фонди томонидан молиялаштириладиган “Ўзбекистонда ёшлар бандлигига кўмаклашиш” қўшма лойиҳасини амалга оширмоқда. Ундан кўзланган мақсад меҳнат бозоридаги қатор фаол ташаббусларни амалга оширишда Ўзбекистон Ҳукуматига ёрдам кўрсатиш орқали Ўзбекистонда, айниқса ёшлар (коллеж ва университетлар битирувчилари, ёш аёллар ва ҳ.к.) орасида бандликка кўмаклашиш саналади.

БМТ ТДнинг Ўзбекистондаги Доимий Вакили ўринбосари Дойна Мунтяну хоним қайд этганидек: “Ушбу лойиҳа доирасида Ўзбекистонда “WorldSkills Expert Community” профессионал эксперт ҳамжамиятини яратиш, шунингдек WorldSkills стандартлари бўйича касбий билим ва кўникмаларни мустақил баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган. Ушбу тадбирлар якунида энг талабгир касбий билим ва кўникмалар бўйича камида 70 нафар WorldSkills Uzbekistan экспертлари саралаб олинади ва экспертлар гуруҳи шакллантирилади. Бу экспертлар келгусида Ўзбекистонда халқаро эътироф этилган WorldSkills стандартларини татбиқ этадилар".

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар муассислигида “Ишчи касбларни ривожлантириш ва оммалаштириш” ассоциацияси (World Skills Uzbekistan) ташкил этилиб, 2019 йил 29 августда 893-сон билан Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтказилди ва Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағларидан Устав фондига 10 млрд.сўм ажратилди.

2019 йилнинг 17-18 декабрь кунлари Тошкент шаҳридаги "Ишга марҳамат" Мономарказида WorldSkills International халқаро стандартлари асосида Россия, Қозоғистон ва Қирғизистон жамоалари иштирокида Ишчи касблар бўйича биринчи очиқ чемпионат ўтказилди. Чемпионатда жами 150 дан зиёд чет эллик иштирокчилар ва экспертлар иштирок этиб, 2 йўналиш бўйича (курилиш қурук ишлари ва сартарошлик) Ўзбекистонлик вакиллар биринчи ўринларини эгаллашди.

2020 йилнинг 18-январь куни Ўзбекистон “WorldSkills International” халқаро ассоциациясининг 83-чи аъзо давлати этиб тайинланди.

2020 йилнинг 4-7 февраль кунлари World Skills Uzbekistan делегацияси “Молодые профессионалы” (WorldSkills Russia) уюшмасининг Москва шаҳридаги бош офисида WorldSkills ҳаракатини ривожлантириш бўйича тренингда катнашди. Ташриф мобайнида WorldSkills Russia Бош директори Роберт Уразов билан Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

2020 йилнинг 30-31 октябрь кунлари Тошкент "Ишга мархамат" мономарказида "WorldSkills Intemational" тизими асосида ишчи касбларнинг ёш вакиллари иштирокида биринчи "WorldSkills Uzbekistan - 2020" миллий чемпионати ўтказилди.

Жорий йилда “WorldSkills Russia” иттифоқи ҳамда Бирлашган миллатлар ташкилоти Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда Ўзбекистонда WorldSkills ҳаракатини ривожлантириш, жумладан касбий малакани баҳолаш мақсадида 14 йўналиш бўйича (меҳмонхона маъмурчилиги, мобил робототехника, сартарошлик, ошпазлик, ресторан ҳизмати, сантехника ва иситиш тизими, пайвандлаш, курук курилиш ва сувок ишлари, мода технологиялари, электромонтаж, косметология, бизнес учун дастурий ечимлар, буёқчи, қандолатчи) 79 нафар миллий экспертлар тайинланди.

Тошкент шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида мазкур 14 та йўналиш бўйича WorldSkills стандартлари асосида 169 нафар ишсизлар касбга ўқитилди.

2021 йил май ойидан “WorldSkills” методологиясига мувофиқ касбий билим ва кўникмаларни баҳолаш тизимини жорий этилди. Тайерланган экспертлар томонидан WorldSkills методикаси бўйича 14 та йўналиш бўйича 229 нафар фуқаро касбий малакаси баҳоланди ва “SkillsPassport” берилди.

Шунингдек, Россиянинг 8 та шаҳарларида (Москва, Санкт-Петербург, Екатеринбург, Казань, Новосибирск, Красноярск, Томск, Челябинск) 2020 йилдан Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларини WorldSkills стандартлари асосида ўқитиш лойиҳаси амалга оширилмоқда (2020 йилда 500 дан ортиқ фуқаро ўқитилди, 2021 йилда 2 мингта ўқитилади).

Шунингдек, бир қатор иш берувчи корхоналар, жумладан “Ўзбекгидро”, Отельерлар уюшмаси, Туризм соҳасида Кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш республика маркази ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда касбий малакани баҳолаш тизимини жорий этиш ишлари амалга оширилмоқда.

2021 йил 1 июндан онлайн шаклда бошланган Евроосиё чемпионатида жами 11 та давлат орасида Ўзбекистондан 4 та йўналиш (сартарошлик санъати, электромонтаж, қуруқ қурилиш ва сувоқ ишлари, тикувчилик) бўйича “WorldSkills Uzbekistan-2020” чемпионати ғолиблари иштирок этишмоқда.

WorldSkills стандартлари асосида меҳнат мигрантларини тайёрлаш мақсадида Россиянинг “Росатом” корпорациясига ишга таклиф килинган фуқароларнинг малакасини тасдиқлаш учун “Ишга мархамат” мономарказида “AtomSkills” стандартлари асосида пайвандлаш, бетон ва сувокчилик ҳамда арматура ишлари бўйича имтиҳон полигонлари ташкил этилди.

WorldSkills Russia билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри Юнусобод туманида Меҳнат вазирлигининг касб-ҳунарга ўқитиш марказида Казань ахборот технологиялари ва алоқа техникумининг филиали ва Бухоро вилояти Ишга марҳамат мономаркази базасида Урал технология ва тадбиркорлик колледжи филиалини очиш бўйича музокаралар ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 4 чорагида “WorldSkills Uzbekistan – 2021” миллий чемпионати ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унинг натижаларига кўра 2022 йилда Шанхай шаҳрида бўлиб ўтадиган «World Skills International» Халқаро касблар чемпионатида қатнашиш учун миллий терма жамоаси шакллантирилади ва унга тайёргарлик ишлари бошланади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар