Бугун, 13 сентябрь куни АОКАда Ўзбекистонда олиб борилаётган молиявий-иқтисодий сиёсат мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамраев, Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Обидхўжаевлар иштирок этишди.
Ўзбекистонни иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш йўналишида 2017 йилдан бошлаб ўтган 4 йил давомида катта ишлар амалга оширилди. Жумладан, 2017-2020 йилларда мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш даражаси 18,3 фоизни ташкил этиб, ЯИМ 60 млрд. долларга етди. Ташқи савдо айланмаси 2016 йилдаги 24 млрд. доллардан 2020 йилда 36 млрд. долларга кўпайди. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 369 трлн. сўмни ташкил қилиб, 2016 йилга нисбатан 23,4 фоизга ўсди. Натижада саноат маҳсулотларининг ЯИМдаги улуши 19,5 фоиздан 27,4 фоизга кўтарилди.
Бугунги матбуот анжуманида мутахассислар томонидан олдинга қўйилган вазифалар тўғрисида сўз борди. Анжуманда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази раҳбари Обид Ҳакимов иқтисодий ўсишда нималарни эътиборга олиш кераклиги ва ЯИМнинг ўсиш тенцияси ҳақида гапирди.
Бизнинг иқтисодиётимиз охирги 5 йилда жуда катта таркибий ўзгаришлари олиб борди. Саноатда ЯИМ улушининг 19 фоиздан 27 фоизгача ўсиши ва қишлоқ хўжалигининг ЯИМдаги 30 фоиздан юқори қисмидан пастга, яъни 25 фоизгача камайишини айтишимиз мумкин.
Демак, иқтисодиётда ресурслар самарали равишда иқтисодий самараси юқори бўлмаган қишлоқ хўжалиги секторларида, яъни иқтисодий самараси юқори бўлган саноат секторларига ўтиш мана шу 5 йилда кузатилди.
Бу дегани, мана шу иқтисодиётда самарадорликни ошириш, кам ресурс сарфлаб, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга эришишга қадамлар ташланганлигини айтишимиз мумкин. Бундан кейинги 5 йилда иқтисодиётимиз фақатгина Ўзбекистондаги ҳолат эмас, бутун региондаги Ўрта Осиё ва глобал иқтисодиётдаги ўзгаришларни инобатга олган ҳолда ўзини ривожланиш йўналишларини белгилаб олиши керак.
Биринчи ўринда Республикамизда 35 млн. нафар аҳоли яшаётган бўлса, 2026 йилга келиб аҳоли сони 38 млн кишига етади. Бу нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни давлатларимиз Қозоғистонни оламизми, Қирғизистонни оламизми ҳар битта мамлакатда мана шундай иқтисодий аҳолининг ўсиш тенденциялари кузатилади.
Аҳолининг ўсиш тенденцияларининг кузатилиши бир томондан яхши, чунки ишчи кучи ресурслари ошади, иккинчи томондан уларни иш ўринлари билан таъминлаш, турмуш фаровонлигини ошириш бўйича кўпгина ҳаракатларни талаб қилинади.
Ўзбекистон Республикасида ҳозирда 14 млнга яқин ишчи кучи фаолият юритаётган бўлса, ҳар йили 600 мингга яқин янги ресурслар кириб келаяпти. Биз уларни ойлик маоши самарадорли бўлган иш билан таъминлашимиз керак.
Ҳозир бутун дунёда кўрилаётган энг катта тенденциялардан биттаси иқтисодий ўсишда ишчи кучи ва капитални ўстириш орқали, иқтисодий ўсишни таъминлаш эмас, билимларга асосланган иқтисодий ўсишни таъминлаш бўйича ҳаракатларни олиб бормасак, ҳаётимизнинг келажакдаги рақобатбардошлигини таъминлаб беролмаймиз.
Яна бир нарсани айтиб ўтадиган бўлсак, айни вақтда минтақада сув ресурслар ва энергия ресурслар билан бўлаётган тақчилликлар. Бу тақчилликлар ҳам Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига таъсир қиладиган факторлардан биттаси. Прогнозларга кўра 2050 йилда Амударё-Сирдарё ҳавзаларидаги сувнинг тақчиллиги ва бу тақчиллик орқали қишлоқ хўжалигининг самарадорлиги пасайиб кетиши ва ундан ташқари ҳудуддаги барча мамлакатларнинг ЯИМга кескин таъсир қилиши мумкин.
Мана шу барча факторларни инобатга олган ҳолда 2022-2026 йилдаги ўсиш тенденцияларини қарайдиган бўлсак, яқинда Давлатимиз раҳбари белгилаб берганларидек, у ерда энг асосий кўрсаткич 60 млрд доллар дейдиган бўлсак, демак ЯИМни 2026 йилга келиб 107 млрд. долларга етказиш асосий режа ҳисобланади.
Қисқача қилиб айтадиган бўлсак, ЯИМнинг бундай ўсиш тенциясида аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳозирги 1750 доллардан 2026 йилгача 2800 долларгача ва 2030 йилгача 4000 долларгача кўтарилиши режалаштирилган.
Обид Ҳакимов аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ва аҳоли даромадларининг бир-биридан фарқларни ҳам тушунтириб ўтди.
Кўпгина одамларда савол туғиляпти, тушунмовчиликлар бўляпти. Шу борада битта нарсани айтишим керакки – ЯИМ деганда биз 1 йил давомида мамлакат ичкарисида яратилган барча товар ва хизматларни умумий бозор қийматини тушунамиз. Масалан, мамлакатда 60 млрд ЯИМ яратган бўлсак, уни қайсидир қисми одамларни иш ҳақи бўлган, қайсидир қисми асбоб-ускуналарнинг эгаларини ҳақи бўлган. Ва ҳар битта ишлаб чиқаришда қатнашаётган омиллар ўзини ҳиссасини олади. Демак худди шундай ЯИМни умуман аҳоли жон бошига, республикамизда 35 млн аҳоли яшаётган бўлса, ўшанга бўладиган бўлсак, бунда биз аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ суммасини оламиз. Мана шу 1750 доллар – шу ҳисоб – китоблардан келиб чиқади.
Аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ аҳоли даромадлари билан чалкаштиришлар бўлади. ЯИМ Ўзбекистонда ҳозир номинал бўйича 1750 доллар атрофида бўладиган бўлса, ўртача ойлик иш ҳақимиз 2,6 млн охирги кўрсаткичимиз бўйича. Тошкент шаҳрида 4,2 млн. Кўриб турибсизки, иккаласини ўртасида фарқ бор.
ЯИМни 2800 долларга ошириш натижасида биз 2030 йилгача 4000 долларга ўтадиган бўлсак, биз ўшанда Халқаро стандартларга кўра юқори-ўрта даромадли мамлакатлар қаторига кирамиз. Халқаро стандартларни оладиган бўлсак, 1000 долларгача даромади паст мамлакатларга киради, 1000 доллардан – 4000 долларгача паст-ўрта даромадли мамлакатлар қаторига киради. 4000 доллардан юқорилари юқори ўрта даромадли мамлакатларга киради. 10000 доллардан юқорилари юқори даромадли мамлкатлар қаторига киради.
ЯИМни ҳисоблаётганда номинал курс бўйича ҳисобланиши бор, ёки ўзбек сўмида реал суръатларда ҳисобланиши бор.
Изоҳ қолдириш