Ўзбекистондаги 500 мингдан ортиқ аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади

Ўзбекистондаги 500 мингдан ортиқ аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади

Жаҳон банкининг Директорлар кенгаши 12 март куни Ўзбекистонда сув таъминоти тизимини ривожлантириш ва уни институционал қўллаб-қувватлаш лойиҳасини молиялаштириш учун Халқаро тараққиёт ассоциациясидан 239 миллионлик кредит ажратилишини тасдиқлади. Бу ҳақда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.

“Ўзбекистонда сув таъминоти ва канализация инфратузилмаси, асосан, Совет даврида яратилган. Бугунги кунда у эскирган ва капитал реконструкция қилишни ва янада кенгайтиришни талаб қилади. Бироқ ушбу инфратузилмани янгилаш бўйича иш суръати, унинг мавжуд қуввати ва техник хизмат кўрсатиши ўсиб бораётган аҳоли эҳтиёжларини қондирмайди. Ушбу омиллар мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида сув таъминоти ва канализация сифатининг пасайишига олиб келди”, деган Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори.

Ушбу лойиҳани амалга ошириш натижасида Ўзбекистоннинг учта ҳудудидаги 500 мингдан ортиқ аҳоли янада сифатли сув таъминоти ва канализация хизматларидан фойдалана олиши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус, Тахиатош ва Хўжайли шаҳарларида оқава сув тозалаш иншоотларини модернизация қилиш режалаштирилган. Сирдарё вилоятида ва Самарқанддаги Каттақўрғон шаҳрида ҳам сув таъминоти ва канализация тармоқлари кенгайтирилиб, реконструкция қилинади.

Лойиҳанинг асосий мақсадларидан бири бу бутун Ўзбекистон бўйлаб энергия ва сув йўқотишларини камайтиришдир. Бунга сув таъминоти хизматлари соҳасида энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини молиялаштириш механизмини, шунингдек, маҳаллий сув каналлари фойдаланиши мумкин бўлган сув истеъмолини ҳисоблаш дастурларини жорий қилиш орқали эришиш мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар