Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишидан асосийлари

Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашга бағишланган видеоселектор йиғилишидан асосийлари

Айни вақтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда янги босқичга ўтиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, охирги 3 йилда камбағалликни қисқартириш бўйича алоҳида тизим жорий қилиниб, молиявий инструментлар, инфратузилма масалалари ҳал қилинди.

Камбағаллик даражаси сезиларли равишда камайди

Жорий йил бошида туманлар 5 та тоифага ажратилиб, ҳар бирига шароитига қараб енгилликлар берилди. Ҳар йили оилавий тадбиркорликка 13 триллион сўм кредит ва 1,5 триллион сўм субсидиялар ажратилмоқда. Натижада ўтган йили 1 миллион нафар, 2023 йилнинг биринчи чорагида 210 минг аҳоли камбағалликдан чиқарилди.

“Учта дафтар” ва Ижтимоий ҳимоя реестри орқали 2 миллион 300 минг муҳтож оилалар, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган ватандошларимиз моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олинди.

Тадбиркорларга молиявий кўмак берилади

Ҳар йили 100 мингта замонавий корхона ишга тушмоқда. Уларга 300-400 минг малакали мутахассис керак. Шунингдек, хусусий секторда йилига 200 мингта бўш иш ўрни пайдо бўлмоқда. Лекин касб-ҳунар мактаблари, коллеж, техникум ва мономарказларда бунча малакали мутахассисни тайёрлашга салоҳияти ҳали етарли эмас.

Охирги беш йилда тадбиркорлар сони 285 мингдан 590 мингтага кўпайди. Бу битта туманда 2,5 мингдан ортиқ ёки бир маҳаллада 50 нафардан тадбиркорлар синфи шаклланди дегани. Президент жойларда тадбиркорлар билан манфаатли ҳамкорлик қилиниб, улар қўллаб-қувватланса, туманда, маҳаллада бандлик масаласини ҳал қилиш учун имкониятлар янада кўпайишини таъкидлади.

Ҳар йили касб-ҳунарга ўқитишга 200 миллиард сўм ажратилаётгани, аммо бу маблағлар тадбиркорлик субъектларининг мутахассисларга эҳтиёжи билан боғланмагани кўрсатиб ўтилди. Худди шундай, тадбиркор ҳам йилига катта харажат қилиб, ўзи учун минглаб мутахассис тайёрлашга мажбур. Лекин бунда давлат қўллаб-қувватлови керак.

Президент аҳоли бандлигини таъминлаш ва малакали мутахассислар тайёрлаш самарадорлигини ошириш мақсадида тадбиркорликка янада кенг имкониятлар яратиш ва молиявий рағбатлар тақдим этиш зарурлигини қайд этди. Шу мақсадда 1 июндан бошлаб “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширилади.

Дастурга 2023-2024 йилларда жами 1 миллиард доллар ажратилади.

Бу маблағлар ҳисобидан:

- камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилиш бўйича лойиҳа аҳамиятига қараб, амалдагидан паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади;

- тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш ва жиҳозлаш ҳамда касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Дастурда иштирок этадиган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади. Жумладан:

- камида 20 фоиз камбағал оила аъзосини бир йил давомида иш билан таъминласа, мол-мулк ва ер солиқларидан озод қилинади;

- камбағал оила аъзоси даромад солиғидан озод қилинади;

- 5 миллион сўмгача иш ҳақи тўлаётган тадбиркорларга ижтимоий солиқ ставкаси 2 бараварга камайтирилади.

Шунингдек, дастурда қатнашадиган тадбиркорлар солиқ ва божхона маъмурчилигида енгилликлар олади. Хусусан:

- улар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди;

- уларга қўшилган қиймат солиғи, шунингдек, ортиқча тўланган солиқлар текширувсиз қайтариб берилади;

- қўшилган қиймат солиғи бўйича гувоҳнома муддатидан илгари бекор қилинмайди;

- барча солиқлардан қарздорликни бир йилгача кечиктириб тўлаш имкони берилади;

- божхона тўловларини суғурта кафолатисиз олти ойга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.

Шунингдек, дастурда иштирок этаётган тадбиркорларга божхона расмийлаштируви пайтида “яшил йўлак” тартиби қўлланилади.

Дастурга кирган тадбиркорларга инфратузилма, ер ва бино-иншоотлар билан таъминлашда қўшимча енгилликлар берилади:

- ер, бино-иншоотларни аукцион орқали хусусийлаштиришда бўлиб тўлаш имконияти яратилади;

- қиймати 50 миллиард сўмдан юқори лойиҳалар бўйича инфратузилма харажатлари тўлиқ қоплаб берилади.

Вазирликлар зиммасига 550 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилди

Солиқ ва божхона имтиёзлари тўлиқ берилишини, арзон кредитлар ўз вақтида ажратилишини таъминламаган раҳбарларга жавобгарлик чоралари кўриб борилади. Давлатимиз раҳбари ушбу тизим бир марталик иш эмас, давомли жараён бўлиши зарурлигини қайд этди.

Вазирлар Маҳкамаси, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Иқтисодиёт ва молия вазирликларига жойларга чиқиб, тадбиркорлар кўтарган муаммо ва таклифларни ўрганиш ва уларга кўмаклашиш топширилди. Мутасаддилар олдига йил якунига қадар ушбу янги тизим асосида 550 минг аҳолини ўқитиб, камбағалликдан чиқариш чораларини кўриш вазифаси қўйилди.

Камбағалликни камайтиришда Хитой тажрибасини қўллаш

Йиғилишда камбағалликни қисқартириш соҳасида Хитой тажрибасини ўрганиш масаласига тўхталиб ўтилди. Маълумки, шу мақсадда Хитойдан тажрибали экспертлар мамлакатимизга олиб келинди, Ўзбекистон делегациялари Хитойга бориб келди. Натижада 18 та йўналишда манзилли лойиҳалар тайёрланди.

Хитой тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда камбағалликдан чиқариш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади. Бунда камбағаллик юқори бўлган туманларда йўл-транспорт, электр, алоқа ва туризм инфратузилмасини яхшилаш, кичик ва ўрта шаҳарларни ривожлантириш, маҳаллаларни саноатлаштиришга эътибор қаратилади.

Мутасаддиларга хитойлик экспертлар билан бирга танлаб олинган 14 та туманни камбағалликдан чиқариш учун комплекс ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди. Хитой марказлари билан ҳамкорликда ҳоким ёрдамчиларини ўқитиш, яхши натижага эришган камида 200 нафар салоҳиятли ҳоким ёрдамчиларини Хитойга амалиёт ўташга юбориш вазифаси қўйилди.

Йиғилиш давомида соҳа ва ҳудудлар мутасаддиларининг янги тизим асосидаги ишларни қандай ташкил этиши юзасидан ахбороти тингланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар