Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври ва ривожланиш истиқболлари

Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври ва ривожланиш истиқболлари

2021 йил 30 август куни “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври ва ривожланиш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилади.

Конференция доирасида, жаҳон ҳамжамиятига, Ўзбекистон ўтган 30 йил давомида, илгариги иқтисодиёти бир томонлама шаклланган, қолоқ республикадан барча соҳаларда жадал ривожланиб, фуқароларнинг ҳаёт даражаси, сиёсий-ижтимоий фаоллиги, онгу тафаккури тобора юксалиб бораётган, жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида узоқ-яқиндаги барча мамлакатлар билан дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини кенг миқёсда олиб бораётган замонавий, очиқ ва демократик давлатга айланганлиги намойиш этилади.

Конференциянинг асосий ташкилотчилари: Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ташқи ишлар вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ҳамда Маданият вазирлиги.

Конференцияни ўтказиш жойи: “Халқаро Форумлар саройи”

Ахборот кўмаги: Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, “Дунё” Ахборот агентлиги.

Конференциянинг мақсади: Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда босиб ўтган ривожланиш йўлини, республикада амалга оширилаётган янгиланиш жараёнларини таҳлил қилиш, ички ва ташқи сиёсатнинг асосий тенденцияларини ҳамда Ўзбекистонни тизимли модернизациялар ва либераллаштиришнинг истиқболдаги йўналишларини муҳокама қилиш.

Конференциянинг асосий вазифалари:

хорижий олимлар, зиёлилар ва экспертлар иштирокида:

– “Инсон манфаатлари – ҳамма нарсадан устун” тамойили асосида фуқароларнинг ижтимоий муаммоларини ҳал этиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича Ўзбекистонда эришилаётган натижаларни таҳлил қилиш;

– иқтисодиётни либераллаштириш, иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсирларни қисқартириш, валюта бозорини эркинлаштириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ривожлантириш дастурлари, камбағалликни қисқартириш бўйича белгиланган тадбирлар натижаларини ўрганиш;

– илм-фан тараққиёти ва таълим сифатини ошириш соҳасидаги ислоҳотлар, ёшларнинг таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, уларни муносиб иш билан таъминлаш, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарларга тайёрлаш бўйича давлат дастурларининг моҳиятини очиб бериш;

– буюк аждодларимизнинг бой илмий ва маънавий меросини ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври – учинчи ренессанс пойдеворини барпо этиш борасида белгилаб берилган узоқ муддатли стратегик вазифаларнинг илмий асосларини муҳокама қилиш.

Конференцияда турли мамлакатлардан ташриф буюрадиган 200 нафарга яқин хорижий ҳамда республикамиз етакчи олим ва мутахассислари, дипломатик корпус вакиллари, экспертлар, иқтисодчилар, давлат намоёндалари, ёш олимлар иштирок этишади.

Конференция маърузалари, илмий мақолалар тезислари ва илмий тавсиялар тўплами чоп этилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар