Ўзини ўзи банд қилиш: қулай, қонуний ва хавфсиз

Ўзини ўзи банд қилиш: қулай, қонуний ва хавфсиз

Ўзини ўзи банд қилганлар – бу хизматлар кўрсатишда мустақил равишда шахсий меҳнати билан иштирок этадиган, меҳнат даромадини олиш учун иш олиб борувчи шахслар. Бунда улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатга олинмайди ва ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайди. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар қилди.

Фаолият турлари ушбу ҳаволада келтирилган.

Ўзини ўзи банд қиладиганлар расман рўйхатдан ўтгандан сўнг, қонуний равишда ишлашлари, шунингдек, мижозлардан қабул қилинган барча буюртмаларни расмийлаштириш ва сақлаши мумкин. Маълумотлар базасида ҳар бир буюртма учун ишларнинг сони ва қиймати, шунингдек, мижознинг телефон рақами тўғрисидаги маълумотлар сақланади. Буюртма асосида чек шакллантириш ва уни мижозга юбориш имконияти мавжуд.

Ўзини ўзи банд қилганлар ҳар ой якуни бўйича буюртма асосида олинган даромадлари ва харажатлари ҳисобини юритиши ва ижтимоий солиғини ҳисоблаши мумкин. Исталган вақт оралиғи учун даромадлар ва харажатлар ҳақидаги тўлиқ маълумотлар биргина тугмани босиш орқали шакллантирилади.

Ўзбекистон Президентининг “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 3 бандига асосан ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди. Ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади. Солиқларни тўлаш масофадан туриб, мобил илова ёки ҳар қандай электрон тўлов тизими орқали амалга оширилади. Бу жисмоний шахслар учун солиқ тўлаш жараёнига ўхшайди. Энди солиқ мажбуриятларини солиқ органларига ташриф буюрмасдан бажариш мумкин.

Ҳозирги вақтда ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун хизмат турлари ва имкониятлар кенгаймоқда. Бир қатор муҳим функциялар ва қулайликлар ишлаб чиқилмоқда. Мисол учун, хизматларни машҳур электрон майдончаларда реклама қилиш, кўрсатилган хизмат учун тўловларни қабул қилиш (P2P) имкониятлари яратилмоқда. Мижозлар базаси билан алоқа ўрнатиш исеъмолчилар томонидан берилган баҳо ва фикр мулоҳазаларни кўриш имконини беради. Мобил илованинг Android версияси билан бир қаторда iOS версияси ҳам яратилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар