Парламент Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигига оид масалани ўрганишга киришди

Парламент Ўзбекистоннинг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигига оид масалани ўрганишга киришди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидовнинг маълум қилишича, парламент қуйи палатаси Кенгаши қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлигини йўлга қўйиш масаласини ўрганишни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи тузилди.

Ишчи гуруҳи вазифалари:

— ЕОИИ билан ҳамкорликнинг миллий иқтисодиётга таъсирини чуқур таҳлил қилиш;

— қисқа, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда миллий иқтисодиёт ривожланишининг устувор йўналишларига ЕОИИ билан ҳамкорликнинг мослигини ўрганиш;

— ҳамкорликнинг ҳар бир иқтисодиёт тармоғига ижобий ва салбий таъсирини батафсил ёритиб бериш;

— ЕОИИ билан ҳамкорлик Ўзбекистоннинг бошқа халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлигига таъсирини ҳар томонлама кўриб чиқиш.

Бу масалалар қуйи палатада ҳар томонлама кўриб чиқилади ва тегишли хулоса қилинади.

"Шунингдек, иш режасида иқтисодий интеграция масаласида мамлакатимиз иқтисодиётининг йирик тармоқларини ўрганиш, ушбу масала бўйича етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, хорижий ва маҳаллий мутахассисларнинг таклифлари ҳамда хулосаларини олиш, энг аҳамиятлиси, бу борада амалга оширилаётган ишларни мунтазам равишда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этишга кенг эътибор қаратилади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлашим жоиз, Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ҳам Ишчи гуруҳи фаолиятини илмий ва ахборот-таҳлилий жиҳатдан таъминлаб боради. Бу хорижий мутахассислар таклифлари ҳамда хулосаларини олишга, шунингдек, хорижий тажрибани таҳлил қилишга зарур шароит яратади", дейди Акмал Саидов.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар