– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда?
– Ўзим Самарқанд давлат қишлоқ хўжалик институтини иқтисод мутахассислиги бўйича битирганман. Иш фаолиятимни туманимиздаги Статистика бўлимида бош мутахассис лавозимидан бошлаганман. 2022 йилдан бошлаб “Гулистон” МФЙга тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси этиб тайинландим. Статистика соҳасида тўплаган иш тажрибам менга ҳоким ёрдамчиси лавозимида ҳам қўл келди.
– Маҳаллангизнинг жойлашуви, у ердаги мавжуд инфраструктура объектлари (йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари), аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз?
– “Гулистон” МФЙда 7,5 км ички йўллар мавжуд бўлиб, ҳудудда 1 та умумтаълим мактаби, 8 та мактабгача таълим муассасаси фаолият юритади. Маҳаллада йирик саноат корхоналари мавжуд эмас. Маҳаллада жами 3456 нафар аҳоли истиқомат қилади, шундан 1712 нафари хотин-қизлардир. Маҳалладаги хонадонлар сони 726 та, оилалар сони эса 833 та. Кам таъминланган оилалар сони 18 та.
Ўтган вақт мобайнида маҳалла инфраструктурасини яхшилаш мақсадида, 192 та хонадонга ичимлик суви етказиш, 14 км узунликдаги ички йўлларни шағаллаштириш, 6,5 км зовурларни тозалаш, 1 та трансформатор ва 20 та бетон таянч устуни ўрнатиш ишлари маҳалла фуқаролари ва ҳомийлар ёрдамида амалга оширилди.
– Маҳалладаги ишларни нимадан бошладингиз?
– Дастлаб хонадонма-хонадон юриб, аҳоли билан яқиндан танишдик. Ҳар бир хўжаликнинг иқтисодий аҳволи ва даромад манбалари ўрганилиб, шу асосда аҳоли билан ишлаш бўйича йиллик режалар тузилди. Фуқаролар билан доимий мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Telegram мессенжерида “Гулистон” МФЙ гуруҳи ташкил этилди (ҳозирда аъзолар сони мингдан зиёд). Ушбу гуруҳда маҳалла янгиликлари, тажрибали тадбиркорлар фаолияти, бизнес ғоялар ва ҳудудда амалга оширилаётган ишлар ёритиб борилмоқда. Маҳаллани ҳар томонлама ўрганиш натижасида 726 та хонадон ва 3456 нафар аҳоли тўлиқ хатловдан ўтказилиб, 4 та тоифага ажратилди. Хатлов натижаларига кўра, 1 ва 2-тоифага кирувчи 369 та хонадон билан ишлаш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Шунингдек, таҳлиллар асосида маҳалланинг “ўсиш нуқталари” ва драйвер йўналишлари аниқлаб олинди.
– Маҳаллангиз ривожининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери нима? Нега ушбу йўналишлар танлаб олинди? Танланган йўналишларни тезкор ривожлантириш учун нима ишлар қилинмоқда?
– Маҳалла географик жиҳатдан Самарқанд шаҳри атрофида жойлашганлиги, туман ҳудудида халқаро аҳамиятга эга М-39 йўли ўтганлиги сабабли, хизмат кўрсатиш (хусусан, умумий овқатланиш хизматлари) ва савдо-сотиқ билан шуғулланишга жуда қулай. Шундан келиб чиққан ҳолда асосий драйвер йўналиш сифатида юқоридаги йўналишлар танлаб олинди. Бундан ташқари, ҳудудда паррандачилик, балиқчилик ҳамда чорвачилик йўналишларини ҳам ривожлантириш учун яхши имкониятлар мавжуд.
– Маҳаллангизда хизмат кўрсатиш ва савдо-сотиқни ривожлантириш бўйича яхши тажриба тўпланган экан. Ўтган вақт давомида бу йўналишда қандай натижаларга эришилди?
– Жомбой туманида бугунги кунда хизмат кўрсатиш ва савдо-сотиқ фаолиятини йўлга қўйган 400 нафардан ортиқ тадбиркор мавжуд бўлиб, жумладан, туманнинг “А.Қурбонов”, “Назар” ва “Самарқанд” маҳаллалари балиқчиликка ихтисослашган. Юқорида кўрсатилган маҳаллаларда балиқчилик билан шуғулланиш учун ер майдонлари мавжуд бўлиб, йилдан йилга балиқчилик билан шуғулланувчи тадбиркорлар сони кўпайиб бормоқда. Бугунги кунга қадар 140 та хонадонга балиқхона, 46 та хонадонга иссиқхона қуриб берилди.
Шу билан бирга, тадбиркорлар томонидан ҳудудий иқлим шароитига мос бизнес турларини янада ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда. Асосий мақсадимиз – тадбиркорларни кўпайтириш ва аҳоли даромадларини оширишдан иборат.
– Маҳаллангизда ишсизлик муаммоси қандай ҳал этилмоқда? Бунга мисоллар келтира оласизми?
– Аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи доимий диққат марказимизда турибди. Хусусан, 2022–2024 йиллар давомида жами 282 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди: уларнинг 207 нафари текстиль, 15 нафари умумий овқатланиш ва яна 60 нафари бошқа йўналишдаги маҳаллий корхоналарга ишга жойлаштирилди.
Шунингдек, 64 та оилага тикув машиналари ажратилиб, 198 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилиш орқали даромад манбаига эга бўлди. Тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида маҳалла фуқароларига жами 110 та кредит ажратилди.
Шу жумладан, хизмат кўрсатиш йўналишида 8 нафар, чорвачилик учун 6 нафар ва кичик тикувчилик цехи очиш учун 3 нафар фуқарога имтиёзли кредитлар берилди. Натижада ҳудудда 3 та ўрдакчилик хўжалиги, 2 та умумий овқатланиш шохобчаси ҳамда 54 та янги тадбиркорлик субъекти (ЯТТ, оилавий ва хусусий корхоналар) ташкил этилди
– 2025 йилнинг ўтган даврида маҳаллада амалга оширилган ишлар ҳақида батафсилроқ сўзлаб берсангиз. Ишсизларни иш билан таъминлаш, касбга ўқитиш, тадбиркорликни, аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларни ободонлаштириш бўйича қандай ютуқларга эришилди?
– Ҳоким ёрдамчисининг ташаббуси ва кўмаги орқали жами 37 та янги тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида 2 млрд. 215 млн. сўмлик 145 та ариза келиб тушган бўлиб, 1 млрд. 575 млн. сўмлик 52 та лойиҳага тавсиянома берилди ва амалга оширишга йўналтирилди. Жорий йилда Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 6 нафар фуқарога 6 млн. сўм субсидия ажратилди.
Маҳалладаги касб-ҳунарга ўқиш истаги бўлган фуқароларнинг рўйхати шакллантирилиб, 59 нафар фуқаро янги, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга ўқишга жалб этилди.
Ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан маҳалладаги 321 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.
Кам даромадли ишсиз фуқароларнинг 6 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинди. 43 нафар фуқаро хорижда ишлаш учун шартнома асосида ишга юборилди.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда, сизнинг фикрингизча, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима ишлар қилиш керак?
– Камбағалликнинг келиб чиқиш сабаблари ҳар бир хонадонда турличадир. Тажрибам ва кузатишларимга таяниб айтсам, маҳалламиздаги камбағалликнинг асосий омили – фуқароларда аниқ касб-ҳунар кўникмаларининг йўқлиги ва бунинг оқибатида доимий иш жойига эга эмаслигидир. Ушбу муаммони бартараф этиш мақсадида кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришда илғор халқаро тажрибаларни қўллаш ҳамда янги иш ўринлари яратиш устида тизимли иш олиб боряпмиз.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди?
– Менинг ташаббусим билан қиймати 220 млн сўмлик, йиллик қуввати 100 минг дона эркаклар мавсумий кийимларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Мамаюсупов Машраб” оилавий корхонаси фаолияти йўлга қўйилди. Натижада 22 нафар ишсиз фуқаронинг доимий бандлиги таъминланди. Шунингдек, якка тартибдаги тадбиркор Эргашева Ситора Комил қизи томонидан қиймати 200 млн. сўмлик миллий ширинликлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиб, яна 4 та янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, маҳалладаги мавжуд 3 та юридик корхона томонидан умумий овқатланиш шохобчалари ташкил этилиши ҳисобига 9 нафар фуқаро иш билан таъминланди.
Фаолиятим давомида хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқдаман. Хусусан, жорий йилда “Аёллар дафтари”га киритилган 7 нафар хотин-қизга тадбиркорлигини бошлаш учун имтиёзли кредитлар ажратилди ва уларнинг ўзини ўзи банд қилишига эришилди.
– Ҳоким ёрдамчиси сифатида амалий тажрибангиздан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?
– Мамлакатимизда ҳоким ёрдамчилари ўз вазифаларини тўкис бажаришлари учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган, деб айта оламан. Шундай бўлса-да, иш фаолиятимиз самарадорлигини янада ошириш учун ҳоким ёрдамчиларининг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш мақсадга мувофиқ бўларди.
– Маҳаллангиз аҳолисининг амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабати қанчалик ўзгарди?
– Энг асосийси, маҳалла даражасида ҳоким ёрдамчилари ҳамда маҳалла “еттилиги” фаолияти орқали амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида аҳолининг дунёқараши аста-секин ўзгариб бормоқда. Кишиларда тадбиркорлик билан шуғулланиш, ўз даромадларини оширишга интилиш ва ишонч пайдо бўлди. Буни тадбиркорликнинг у ёки бу тури билан шуғулланиш истагида бўлган фуқаролардан тушаётган мурожаатлар сони кун сайин ортиб бораётганлигидан ҳам кўришимиз мумкин.
Қисқача қилиб айтганда, ҳоким ёрдамчилари институти, “маҳаллабай” ишлаш тизими мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишларининг ажралмас бўғинига айланиб улгурди. Бу ишга мен ҳам ҳисса қўшаётганимдан хурсандман!
Жамоллиддин Турдимов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
"Иқтисодий шарҳ" журнали №12/2025
Изоҳ қолдириш