Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Фозил Йўлдош” МФЙ)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Фозил Йўлдош” МФЙ)

– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда?

Бу вазифага келишдан аввал Булунғур туманидаги 2-сон касб-ҳунар мактабида ишлаб чиқариш таълими бўйича директор ўринбосари бўлиб ишлаганман. Маҳаллада ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш, бирон бир касбни эгаллашлари учун зарур бўладиган билим ва кўникмалар ҳамда тўғри йўналиш беришда ўқитувчилик тажрибам қўл келди. Одамларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш учун эса мутахассислигим иқтисодчи экани ёрдам берди.

– Йўл бошида энг қийин бўлган нарса нима бўлди ва сиз уни қандай енгдингиз?

Одатда, бирор ишни бошлаш қийин туюлади. Бошлаб олгандан кейин жараёнга тушасиз ва ўз устингизда ишлай бошлайсиз, қийинчиликларни ҳам секин-аста енгишга ўрганасиз. Менда ҳам шундай бўлган. Умумий ҳолатни ўрганиш учун уйма-уй юриб хатлов ўтказдик. Шундан кейин хатлов натижасида аниқланган муаммолар ечими устида тизимли ишлар бошланди. Муаммоларни ҳал қилиш бўйича икки йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасини тузиб, босқичма-босқич ишладим. Баъзи масалаларда юқори ташкилотларга тегишли тартибда хат чиқариб, ечим топишга ҳаракат қилдик. Ҳозирда муаммолар ечилиб, тадбиркорлар сони ортмоқда, янги иш ўринлари яратилмоқда ва ишсизлар сони камаймоқда.

– Маҳаллангизнинг жойлашуви, у ердаги мавжуд инфраструктура объектлари (йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари), аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз?

Маҳалламиз туман марказидан 18 км узоқликда жойлашган. Унда 1 338 та хонадон мавжуд. Аҳоли сони 7 175 нафарни ташкил этади. МФЙ ҳудудида 27 та асосий кўча бўлиб, асосий қисми асфальт қилинган. Ижтимоий соҳа объектларидан 3 та мактаб, 1 та мусиқа ва санъат мактаби, 2 та болалар боғчаси мавжуд. Аҳолининг аксарияти деҳқончилик билан шуғулланади. Маҳалламиз фуқаролари асосан томорқада ва ижара ер майдонларида помидор экади. Маҳалламиз ҳудудида 2024 йилда помидор бозори очдик. У ердан республикамизнинг барча ҳудудларига помидор етказиб берилади. Ундан ташқари “Янгийўл агро стар” МЧЖ билан ҳамкорликда табиий қуёш нурида помидор қуритилиб, помидор қоқи тайёрлаш йўлга қўйилди. Бунинг натижасида 150 нафар маҳалла хотин-қизлари ва ёшлар учун мавсумий иш ўринлари яратилди. Маҳалламиз фуқаролари ва “Навобот” наслли парранда фермер хўжалиги билан ҳамкорликда паррандачилик йўлга қўйилган бўлиб, фермер хўжалиги 1 кунлик жўжаларни ва ем маҳсулотларини бепул етказиб беради. Фуқаролар ўз хонадонида жўжаларни 40 кун давомида боқиб, етилган паррандани фермер хўжалигига қайтариб сотади. Ишсиз фуқароларимизнинг бандлигини шу каби кооперация усулида таъминлаб келяпмиз. Бундан ташқари, маҳалламиз ҳудудида ишсиз фуқароларга камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими томонидан субсидия эвазига берилган асбоб-ускуналар тўпланган “Тадбиркорлик маркази” ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда 6 та йўналишда фаолият юритиб келмоқда.

– Хонадонбай ўрганиш натижасида қандай янги иқтисодий имкониятларни аниқладингиз?

Уй хўжаликларини ўрганиш натижасида аҳолининг кўникмаларидан фойдаланган ҳолда хонадонларда кичик ишлаб чиқаришлар ташкил этиш мумкинлиги ва бу орқали катта натижаларга эришиш мумкинлигини кўрдим. Масалан, маҳаллада етиштирилган сут маҳсулотларини хонадонларнинг ўзида қайта ишлаш, иссиқхона ташкил этиш, паррандачилик, чорвачилик каби йўналишларни кенгайтириш ва янгилик олиб кириш эвазига аҳолининг йиллик даромадини ошириш мумкин.

– Маҳаллангиз ривожининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери нима? Нега ушбу йўналишлар танлаб олинди? Танланган йўналишларни тезкор ривожлантириш учун нима ишлар қилинмоқда?

Маҳалламизнинг асосий драйвери деҳқончилик, помидор етиштириш ва шу йилдан бошлаб уни помидор қоқи шаклида қуритиш бўлса, эндиликда маҳалла драйверлари қаторига туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ҳам киритмоқдамиз. Масалан, МФЙда машҳур халқ бахшиси Фозил Йўлдош ўғлининг музейи мавжуд. Ушбу музейга келувчилар учун битта кўчани танлаб олдик. Ушбу кўчани туну-кун хизмат кўрсатиш кўчасига айлантириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқилмоқда. Кўчадаги барча хонадонларда савдо дўконлари, овқатланиш нуқталари ва турли хизмат кўрсатиш шохобчалари ташкил қилинади. Ҳозирги кунда ушбу кўча ариқларига тўлиқ бетон лотоклари ўрнатилди, кўча қайта асфальт қилинмоқда. Кўчада тадбиркорлик субъектлари жойлаштирилиб, иш фаолияти бошланмоқда.

– Маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қандай имкониятлар мавжуд? Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркорлар иш билан таъминланди?

Маҳалламизда тадбиркорликни ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд. Авваламбор, маҳалланинг жойлашуви қулай бўлиб, Жиззах вилоятининг Бахмал туманига ўтувчи йўл унинг марказидан ўтади ва бу тадбиркорлик учун анча қулайлик яратади. Бир кунда маҳалла марказидан ўтувчи йўловчилар ҳисобига кўчанинг асосий қисмида янги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини йўлга қўйиб келяпмиз. Бундан ташқари, саноат йўналишида хонадонларда шлакоблок, фасад плитаси, пеноблок, гипс блок каби қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди. Ҳозирги кунда маҳаллада кичик бизнес субъектлари 22 та, якка тартибдаги тадбиркорлар 62 та, савдо ва хизмат кўрсатиш 49 та ва ишлаб чиқариш субъектлари сони 6 тани ташкил этади. Маҳалламизда тадбиркорликни ривожлантириш учун Халқ банки, Миллий банк, Бизнесни ривожлантириш банкининг ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда. Ушбу тадбиркорлик субъектларида ҳозирги кунда 450 нафардан ортиқ фуқаро ишлаб келмоқда. Бундан ташқари, 2025 йил бошидан ҳозирги кунга қадар маҳалла ҳудудида аҳоли хонадонларида 60 та микролойиҳа амалга оширилди. Бу орқали ҳудудда истиқомат қилувчи 120 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди.

– Бирор эҳтиёжманд оилани ёки ёш тадбиркорни қўллаб-қувватлаб, улар ҳаётида аниқ ўзгариш қилган ҳолатни эслаб ўтинг.

2025 йилда ёшлар бандлигига алоҳида эътибор қаратилди ва бу борада Алоқабанк билан ҳамкорликни йўлга қўйдик. Натижада, маҳалламиз ёшларидан 24 нафарини касбга ўқитиб, кейинчалик уларга банк томонидан ўз тадбиркорлик лойиҳаларини амалга оширишлари учун 100 млн. сўмгача бўлган суммада гаровсиз имтиёзли кредитлар ажратилишида амалий ёрдам берилди. Ҳозирда ушбу ёшларнинг бандлиги таъминланди ва тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқда. Масалан, Бегали Усмоновга автомобилларга техник хизмат кўрсатиш йўналишини ривожлантириш учун 100 млн. сўм, Меҳрож Суюновга юк ташиш йўналишида тадбиркорлик қилиш учун 32 млн. сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

– Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги тажрибангизга таянган ҳолда, айтинг-чи, маҳаллангизда камбағаллик ҳолатларини келтириб чиқарувчи асосий сабаб ва омиллар нимада? Сизнингча, ҳудудингиз аҳолиси ўртасида камбағаллик даражасини янада самарали камайтириш учун қўшимча нима қилиш керак?

Маҳаллада ишсизликни қисқартиришнинг асосий йўли тадбиркорликка ўргатиш, бирон бир касб-ҳунарга ўқитиш, томорқадан самарали фойдаланиш ва хонадонларда кичик ишлаб чиқаришни ташкил қилиш кабилардир. Қайси йўналиш бўлмасин, юқорида келтирилган йўл билан борилса, ишсизлик қисқаради, аҳоли даромадлари ошади. Бунинг учун маҳаллаларда янги технологиялар намуналари мавжуд бўлган, улар тўғрисида доимий маълумотлар олиш мумкин бўлган тадбиркорлик марказлари ташкил этилиши керак, деб ўйлайман. Умуман, маҳалладаги ички имкониятлардан унумли фойдаланиш керак.

– Одамлар сизни кўпроқ қайси муаммолар бўйича излашади? Мисол келтира оласизми?

– Тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, одамлар маҳалладаги ҳоким ёрдамчисини кўпроқ тадбиркорлик билан боғлиқ масалаларда излашади, мурожаатларнинг кўпчиги ҳам шу мазмунда. Биз уларга бу масалаларда максимал ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.

– Ўзбекистонда ҳоким ёрдамчилари фаолиятини янада такомиллаштириш ва иш самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифлар бера оласиз? Ҳоким ёрдамчиси сифатида сизга қандай ёрдам керак?

Биринчи навбатда, ҳоким ёрдамчиларининг билимини ошириб бориш учун малака курслари ташкил қилиниши зарур. Шунингдек, ҳоким ёрдамчилари ўз тажрибаларини бошқаларга ўргатиши учун уларни бошқа ҳудудларга сафарларга юбориш ҳам мақсадга мувофиқ бўларди. Ҳоким ёрдамчилари янги чиқаётган техника ва технологиялардан ҳам яхши хабардор бўлишлари керак. Бунинг учун махсус методик қўлланмалар, дастурлар лозим.

– Агар сизда бюджет, вақт ва ресурслар бўйича ҳеч қандай чеклов бўлмаса, маҳаллангизда қайси лойиҳани амалга оширган бўлардингиз?

Агарда менда шундай имконият бўлганида, уй хўжаликларининг имкониятларидан келиб чиқиб, аввал хонадонларни, сўнгра ҳар бир кўчани бирон бир тадбиркорлик йўналишига ихтисослаштирган бўлардим. Бу йўналишда узоқ муддатли имтиёзли кредитларни лойиҳаларнинг масштабига қараб расмийлаштириш, мураккаб йўналишдаги ишлаб чиқариш соҳаларига ссудалар орқали молиялаштиришни йўлга қўйган бўлардим. Бу эса, ўз навбатида, тадбиркорлик кўламини оширишга имкон бериши мумкин.

– 2025 йилда ўз олдингизга маҳаллангизни ривожлантириш бўйича қандай янги мақсад ва режалар қўйгансиз? Сиз ишлаётган маҳалла 5 йилдан кейин қандай бўлишига ишонасиз?

Яқин келажакда, яъни 5 йилдан сўнг маҳалламизда туризм, хизмат кўрсатиш соҳаси билан биргаликда помидор етиштириш ва уни саноат усулида қайта ишлаш кенг йўлга қўйилишига ишонаман. Ҳозирги кундаги ҳолатдан тубдан фарқ қилувчи замонавий технология ва техникалар ёрдамида маҳсулот етиштириш ва уни қайта ишлаш, бу орқали маҳалла бренди яратилиб, бу тажриба нафақат Ўзбекистонда, балки хорижда ҳам қизиқиш уйғотади, деб ўйлайман. Ҳозирги ҳаракатларимиз шу натижага эришишга қаратилган.

– Бу тизимдаги иш тажрибасидан сўнг, ўзингизни келажакда қаерда тасаввур қиласиз? Сизнинг шахсий ривожланишингиз учун маҳаллада ишлаш қандай фойда берди?

Ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаш давомида мен ўзим учун жуда кўп янги соҳаларни ўргандим, чунки ушбу лавозим мажбуриятининг кўп йўналишли эканлиги кишига катта тажриба беради. Одамлар билан мулоқот қилиш, уларни тинглаш ва муаммоларини ҳал қилишга кўмаклашиш ҳамда бунинг ижобий натижасини кўриш кишига янада куч-ғайрат бағишлайди. Келажакда ўз билим ва тажрибамдан кенг фойдаланган ҳолда ҳоким ёрдамчилари орасида етакчиларидан бири бўлишимга ишонаман.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар