Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Фурқат” МФЙ)

Ҳоким ёрдамчилари – халқ орасида (“Фурқат” МФЙ)

– Касбий фаолиятингиз ҳақида қисқача гапириб берсангиз, бу лавозимга қандай келгансиз? Олдин нима иш билан шуғуллангансиз? Қайси кўникмаларингиз сизга юкланган вазифаларни самарали бажаришга ёрдам бермоқда?

Бу лавозимга келишимдан олдин шу маҳаллада Ёшлар етакчиси сифатида фаолият юритганман. Ўзим Бухоро давлат университетида банк иши мутахассислиги бўйича ўқиганман. Бу вазифада ишлаш давомида маҳаллада истиқомат қилиб келаётган аҳоли ва меҳнат жамоаларида ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, айниқса, “Ёшлар дафтари”га киритилган ўғил-қизлар билан манзилли ишларни амалга ошириб, уларнинг ҳаётда тўғри йўлни топишида амалий ишларни ташкил этиб келдим. Ҳозирги кунда ҳоким ёрдамчиси сифатида камбағал оила аъзолари билан ишлаш, уларнинг даромадини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича ишлар билан яқиндан шуғулланиб келмоқдаман.

Ҳар кунлик фаолиятимда маҳалла фаоллари ва маҳалла халқи билан хонадонбай ишлашим Президентимизнинг Янги Ўзбекистон ислоҳотлари ўз эгасига етиб боришига ва “Инсон қадри” деган сўз ўз тасдиғини топишига ёрдам бериш билан бирга ҳоким ёрдамчиси сифатида ишлашимга қўл келмоқда.

– Йўл бошида энг қийин бўлган нарса нима бўлди ва сиз уни қандай енгдингиз?

Ҳоким ёрдамчи сифатида, ростини айтсам, унча қийналганим йўқ. Чунки маҳалла аҳолиси билан яқиндан таниш эдим. Ёшлар етакчиси сифатида ҳудуддаги ҳар бир хонадонга кириб чиққанман, инсонларнинг қувончу ташвишларидан яхши хабардор эдим. Қийинчиликлардан қўрқмадим. Менга ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ҳоким ёрдамчилари – Президентнинг маҳалладаги вакиллари ҳисобланади”, деган сўзлари куч ва шижоат берди.

– Маҳаллангизнинг жойлашуви, у ердаги мавжуд инфраструктура объектлари (йўллар, мактаб, боғча, поликлиника, саноат корхоналари), аҳолини иш билан таъминлаш имкониятлари ҳақида тўлиқроқ гапириб берсангиз?

– “Фурқат” маҳалласи Бухоро шаҳрининг марказида жойлашган бўлиб, унда уч мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Маҳалла ҳудудида 3 та умумтаълим мактаби (бундан биттаси хусусий мактаб), 2 та давлат болалар боғчаси ва 4 та хусусий боғча, шунингдек, Юридик техникум ҳам мавжуд. Бундан ташқари 106 та тадбиркорлик объекти фаолият юритади. Маҳалламизда йирик саноат корхоналари мавжуд эмас. МФЙ ҳудуди Эски шаҳар туристик зонасига яқин бўлгани учун, бу ерда оилавий ва якка тартибдаги 10 га яқин меҳмонхона ҳам жойлашган.

– Маҳаллангиз ривожининг асосий иқтисодий ўсиш драйвери нима? Нега ушбу йўналишлар танлаб олинди? Танланган йўналишларни тезкор ривожлантириш учун нима ишлар қилинмоқда?

Маҳалламизнинг асосий иқтисодий драйвери унинг жойлашган ўрнини ҳисобга олган ҳолда – савдо ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳисобланади. Маҳалла шаҳар марказида жойлашгани сабабли ҳудудда хизмат кўрсатиш ва савдо йўналишларида тадбиркорлик фаолияти яхши ривожланган. Бу соҳада фаолият юритаётган ҳар бир бир тадбиркор билан индивидуал равишда ишланиб, уларда юзага келаётган барча муаммолар тезкор равишда ҳал этиб келинмоқда. Савдо ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш фаолиятини ривожлантириш учун зарур бўлган имтиёзли кредит, субсидиялар ажратиб келинмоқда. Шунингдек, туризм соҳасида ишлаётган тадбиркорлик субъектлари учун зарур малакали кадрларни тайёрлаш учун ўқув курслари ҳам ташкил қилиниб, уларга маҳалладаги ёшлар жалб этилмоқда.

Бундан ташқари, Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда хусусий мактабгача таълим муассасалари учун алоҳида имтиёз, субсидия ва кредитлар билан таништириш ва амалда фойдаланиш учун кичик қўлланмалар ҳам тарқатилди.

– Хонадонбай ўрганиш натижасида қандай янги иқтисодий имкониятларни аниқладингиз?

Маҳалла аҳолиси асосан кўп қаватли уй ва якка тартибдаги хонадонларда истиқомат қилади. Хонадонбай ўрганишлар натижасида кўп қаватли уйларда ярим тайёр маҳсулотларни тайёрлаш ва етказиб бериш бўйича салоҳият борлиги аниқланди. Чунки кўп қаватли уйларда яшовчи аёллар бўш вақтларида турли овқатлар ёки ярим тайёр маҳсулотларни тайёрлаб, дўконлар, кафе ва ресторанларга етказиб бериш орқали ўз даромадларини оширишлари мумкин. Якка тартибдаги хонадонларга эса қуёш панеллари ўрнатиш ва бу орқали аҳолига яна бир даромад манбаи яратиш имкониятлари ўрганилди.

– Маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш учун қандай имкониятлар мавжуд? Ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритган даврингизда маҳаллангизда тадбиркорликни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берсангиз. Шу вақт ичида нечта янги корхона барпо этилиб, нечта якка тартибдаги тадбиркор иш билан таъминланди?

Бугунги кунда маҳалламизда тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар яратилган. Биринчидан, давлат томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Янги Ўзбекистон – янги имкониятлар” дастури асосида имтиёзли кредитлар ажратилаётгани аҳолини ишбилармонликка ундамоқда.

Иккинчидан, маҳалламизда айрим бўш бинолар ва ҳовли ер майдонларини ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш мақсадида фойдаланиш имкони бор. Шунингдек, аёллар ва ёшлар учун тикувчилик, қандолатчилик, сартарошлик, автомобиль таъмирлаш ва иссиқхона хўжаликлари каби йўналишлар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай муҳит мавжуд.

Мисолларга ўтсак. Маҳаллада яқинда “Anisa Plastics” пластмасса идишлар тайёрлаш ва етказиб бериш хизмати бўйича саноат корхонаси ташкил этилиб, бу ерда 10 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

“Pure water Bukhara” МЧЖ кичик саноатдан ўрта саноатга ўтиб, катта ҳажмдаги сув тозалаш ва қайта қадоқлаш фаолияти доирасида яна 5 та янги иш ўрнини ташкил этди.

Бухорога Тошкент орқали келган KFC бренди остида йирик овқатланиш маскани ҳам очилиш арафасида.Бу корхонада ҳам 20 дан ортиқ янги иш ўрни яратилади. Хуллас, бундай тадбиркорлар жуда кўп ва шу боисдан маҳалла “яшил ҳудуд” ҳисобланиб, камбағаллик, ишсизлик, жиноятчилик ҳолатлари йўқ деса бўладиган даражада.

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, агар 2024 йил мобайнида маҳаллада 72 та МЧЖ ва ЯТТ бўлган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 116 тага етди. Фақат 2025 йил ҳисобидан асосан хизмат кўрсатиш ва савдо йўналишларида 50 га яқин ишсиз аҳоли ва битирувчи ёшлар иш билан таъминланди.

– Бирор эҳтиёжманд оилани ёки ёш тадбиркорни қўллаб-қувватлаб, улар ҳаётида аниқ ўзгариш қилган ҳолатни келтириб ўтинг.

Маҳалламизда истиқомат қилувчи Файзиева Нигора ва Раҳматов Ислом оддий заргарлик буюмларини таъмирловчи уста эдилар. Уларнинг фаолиятини кенгайтириш мақсадида усталарга субсидия ва имтиёзли кредитлар ажратилди. Натижада, ҳозирги кунда улар Заргарлик мактабига асос солиб, 30 ортиқ шогирдни ўқитиб, маҳаллий бозорда талаб юқори бўлган заргар усталар тайёрламоқда. Корхона Sara Silver” бренди остида заргарлик буюмлари тайёрлаб, мамлакатимизнинг барча вилоятлари ва чет элларга ҳам етказиб бермоқда.

– Одамлар сизни кўпроқ қайси муаммолар бўйича излашади? Мисол келтира оласизми?

– Ҳар доим маҳалламиздаги тадбиркор ва кам таъминланган оилалар, ишсизлар билан биринчи бўлиб ўзим боғланаман. Уларнинг ўз муаммолари билан ёлғиз қолишларига йўл қўймайман.

– Ишсизликни қисқартириш бўйича маҳаллада қандай инновацион ёндашувлардан фойдаланилди?

– Бу масалада биз маҳаллада мавжуд муваффақиятли фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ишини янада кенгайтириш, кучайтириш, шунингдек, янгиларини ташкил этишга кўмаклашиш йўлидан бордик. Маҳаллада тадбиркорлар билан биргаликда меҳмонхона хизматлари йўналишида янги “1001 night” МЧЖ ташкил этилди, уларга зарур молиявий кўмаклар берилди. Ўз навбатида, бу орқали янги тадбиркорлик субъектида 100 дан ортиқ иш ўрни ташкил этиляпти. Бунга ўхшаш мисоллар анчагина. Шу сабабли ҳозирги пайтда МФЙда ишсиз ва камбағал аҳоли кўрсаткичи 0.01 фоизни ташкил этади.

– Аёл киши сифатида ҳам уй ишларини эплаш, ҳам маҳаллада масъул вазифада ишлаш қийин кечмадими? Буни қандай эпладингиз?

Ёшлигимдан тиришқоқ ва лидер қизлардан бири бўлганман. Илм соҳасида эса ҳозирги кунда PhD илмий даражасини олишга тайёргарлик жараёнидаман. Банк соҳасида олима аёл бўлишни хоҳлайман. Ҳаммасига улгуришда яқинларимнинг ёрдами катта бўляпти.

– Бу тизимдаги иш тажрибасидан сўнг, ўзингизни келажакда қаерда тасаввур қиласиз? Сизнинг шахсий ривожланишингиз учун маҳаллада ишлаш қандай фойда берди?

– Маҳалла менга яхши иқтисодчи, яхши психолог, яхши креатив ғоялар яратувчиси, тадбиркорлик ва халқни эшитиш, улар билан биргаликда янгилик ярата олишни ўргатди, десам муболаға бўлмайди. Бу тизимда кириб бормаган масала ва муаммо йўқ. Шу сабабли ҳар соҳадан ўрганиб, янгилик яратиб, ўз тажриба ва билимларингизни ҳам ошира оласиз. Орттирилган бу билим, тажриба ва кўникмалар келажакда бизга, албатта, асқатиши, халқимизга фойда келтиришига ишонаман!

Жамоллиддин Турдимов

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

"Иқтисодий шарҳ" журнали №11/2025

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар