— Мамлакатимизда илк бор “маҳаллабай” тизими ҳамда ҳоким ёрдамчиси лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада, уни қандай тушунасиз?
— Ҳоким ёрдамчилари давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан жорий қилинган “маҳаллабай” ишлаш тизимининг илк қалдирғочлари бўлди, десам адашмайман. Ҳоким ёрдамчисининг бор сайъ-ҳаракати маҳалла аҳолисининг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали маҳалла иқтисодиётини ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришдан иборат. Умуман айтганда эса ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифаси қуйи бўғинда фуқароларнинг муаммолари билан бевосита шуғулланиш, пировардида халқнинг турмуш даражасини яхшилашни мақсад қилади.
— Ўзингиз ҳақингизда батафсилроқ гапириб беринг. Аёл эканлигингиз сизга қўйилган вазифаларни бажаришда қийинчилик туғдирмаяптими?
— Мен Жўраева Лола Олимовна, 1985 йил 21 март куни Когон шаҳар Беруний маҳалласида зиёлилар оиласида туғилганман. Дастлаб қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежи, сўнг Бухоро давлат университетида иқтисодиёт йўналиши бўйича ўқишни тамомладим. Меҳнат фаолиятимни Когон шаҳар халқ таълими бўлимида бошлаб, кейинчалик Когон туман ҳокимлигида бош ҳисобчи лавозимида ишлаганман. Бундан ташқари, иқтисодиёт фани бўйича умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда касб-ҳунар коллежлари талабаларига сабоқ берганман.
Бугун ҳоким ёрдамчиси лавозимининг машаққатини нафақат эркаклар, балки аёллар ҳам бирдек ҳис этмоқда. Албатта, ҳоким ёрдамчиси лавозими аёл киши учун бироз машаққатли. Мен мазкур лавозимнинг масъулият ва заҳматини тўлиқ ҳис этган ҳолда қабул қилдим. Ўйлайманки, ўзимга тақдим этилган мана шу имконият туфайли халқимни қийнаётган муаммоларга ечим топишга, уларнинг фаровон турмуш кечиришига ўз ҳиссамни қўшаман.
— Ишни нимадан бошладингиз? Маҳаллангизнинг “ижтимоий портрети”ни рақам ва мисоллар орқали қайд этиб ўтсангиз.
— Ҳоким ёрдамчиси сифатидаги фаолиятимни маҳалладаги иқтисодий ҳолатни аниқлашдан бошлаганман. Фуқароларнинг гендер таркиби, хоҳиш-истаклари, ихтисослашувини ўрганиб, маҳалла иқтисодиётини кўтариш бўйича ўз режамни ишлаб чиққанман.
Менга бириктирилган маҳалла 50 та кўп қаватли уйлардан иборат. Унда 946 та хонадон, 949 та оила мавжуд бўлиб, 2 518 нафар аҳоли истиқомат қилади. Умумий хотин-қизлар сони 1 841 нафарни, ёшлар эса 878 нафарни ташкил этади. Маҳалламизнинг драйвер йўналиши – хизмат кўрсатиш соҳаси. Бугунги кунда маҳалла худудида 30 дан ортиқ хизмат кўрсатиш йўналишлари мавжуд. Лидер тадбиркорларимиз “Зафар Омад” МЧЖга тегишли умумий овқатланиш, шунингдек, “Биллур сервис Бухара” хусусий корхонасига тегишли хизмат кўрсатиш шохобчаларидир. Бундан ташқари, маҳалламиз ҳудудида ҳунарманд аёллар ҳам кўп. Ҳудудда томорқа ерлар мавжуд бўлмаганлиги сабабли аҳоли, асосан, ёлланма ишчи кучи сифатида даромад топади. Маҳалла ҳудудида йирик саноат корхоналари мавжуд эмас.
— Аҳоли билан қай тарзда мулоқот қиляпсиз, мурожаатлар кўпми? Улар асосан қандай масалалар юзасидан мурожаат қиляпти? Муаммолар қай тартибда ҳал этиляпти?
— Таъкидлаб ўтиш жоизки, маҳалладаги ҳар бир оила ўзгача олам. Унинг ўзига хос дунёқараши, урф-одатлари, менталитети мавжуд. Шуларни инобатга олган ҳолда ҳар бир фуқаро билан алоҳида ёндашув асосида мулоқот қилишга тўғри келади. Юзага келган муаммоларни маҳалладаги бошқа масъуллар билан биргаликда бартараф этиш йўлларини аниқлаб, зарур чораларни кўрамиз. Вилоят ва республика даражасида кўриб чиқиладиган мурожаатларнинг аксариятини “online-mahalla.uz” платформасига жойлаштириб бораман. Фуқароларнинг ҳамда ҳудудда фаолият олиб бораётган тадбиркорларнинг муаммоларига манзилли ва сифатли ечим топиш учун мазкур платформада жисмоний ва юридик шахслар номидан мурожаатлар тегишлилиги бўйича масъул ташкилотларга тўғридан-тўғри юбориш имконияти мавжуд. Аҳолимиз томонидан ижтимоий инфратузилма борасида мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича юборилган мурожаатларининг аксарияти бугунги кунда ўз ечимини топган. Ўз меҳнат фаолиятини бошлаш истагида бўлган фуқароларимиз ҳам кўп. Уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда субсидиялар ёхуд имтиёзли кредитлар ажратиш ишлари маҳалланинг ўзидан чиқмай, ҳоким ёрдамчисининг кўмаги асосида “онлайн” тарзда амалга оширилиб келинмоқда. Мавжуд бўш иш ўринларига жойлашмоқчи бўлган фуқароларимиз бандлигини таъминлаш мақсадида шаҳар бандликка кўмаклашиш маркази билан ҳамкорликда вакансиялари мавжуд корхона ва ташкилотлар тўғрисида маълумотларни эълон қилиш орқали ҳудудий меҳнат ярмаркалари ташкил этиляпти.
— Маҳалла аҳолисининг, айниқса, хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш борасидаги ишларингиз ҳақида гапириб берсангиз.
— Маҳаллада ишсизлар билан доимий мулоқот йўлга қўйилиб, уларни ишга жойлаштириш чоралари кўриляпти. Маълумотларга кўра, ишсиз эркакларга нисбатан ишсиз аёллар кўпчиликни ташкил этади, бизнинг маҳалламизда ҳам шундай. Ишсиз аёлларни иш билан, тадбиркорлик фаолияти билан банд қилиш жараёнларини олиб боришда ўзимнинг ҳам аёл киши бўлганим анча қўл келди. Аёлларга дардкаш бўлиб, уларнинг оилавий ҳолатини яқиндан ўрганиб, имкониятларини инобатга олган ҳолда керакли тавсия ва йўналишларни бермоқдаман.
Кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари”да турувчи фуқароларимизга мавжуд молиявий кўмак инструментларидан самарали фойдаланган ҳолда ёрдам бериш орқали уларни даромадли меҳнат фаолияти билан банд қилиш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ҳозирги кунда маҳаллада 77 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланган, 89 нафар фуқаро ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатида давлат солиқ инспекциясидан рўйхатдан ўтказилган. 43 нафар фуқарога касб-ҳунар ва тадбиркорлик йўналишида ўқишга тавсия берилди. Уларнинг аксарияти бугунги кунда махсус сертификатларга эга бўлиб, шу орқали бандлиги таъминланди.
Фуқароларимизни доимий иш жойларига жойлаштириш механизмида ҳам ўзига хослик мавжуд. Бўш иш ўрни мавжуд бўлган давлат ва хусусий сектор ташкилотларига аввал ўзим бориб, ишнинг мазмуни, талаблари, мавжуд шароитларни ўрганиб чиқаман, кейинчалик йўналишлар асосида ишлаш истаги борларни мазкур корхоналарга экскурсияга олиб бораман. Фуқаролар жойида меҳнат шароитларини, иш кўламини ва бошқа масалаларни ўрганган ҳолда берилаётган таклиф маъқул бўлган тақдирда, иш берувчи билан меҳнат шартномаси ишбай ёхуд вақтбай тарзда имзоланади. Ишни бошлагандан сўнг ҳам фуқароларимизнинг ишда қўнимлилигини назорат қилиб бораяпман.
Тавсияларим асосида 21 та оилавий тадбиркорлик лойиҳасини амалга ошириш учун 730 млн сўм имтиёзли кредит ажратилди. “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да турувчи 16 нафар аёлга тикувчилик, қандолатчилик, ҳунармандчилик йўналишида фаолият олиб боришлари учун зарур бўлган асбоб-ускуна, меҳнат қуролларини харид қилиш юзасидан субсидияга тавсиялар берилди.
Маҳалламиз ҳудудида фаолият кўрсатган 12 нафар ҳунарманд аёл бугунги кунга келиб 13 нафарга кўпайди ва ҳозирда жами 25 нафарни ташкил этяпти. Бир нафар лидер ҳунарманд аёл Башорат Нажимова ҳисобот даври ичида 5 нафар ишсиз хотин-қизларни ҳунарга ўргатди, яна 6 нафарини ҳозирги пайтда касб-ҳунарга ўргатиб келяпти. Мазкур ҳунарманд аёлимиз миллий либослар тайёрлаш йўналиши бўйича фаолият олиб боради. Тадбиркорга 2022 йил 11 майдаги Вазирлар Маҳкамасининг 252-сонли қарорига асосан “Устоз-шогирд” тизими бўйича субсидия ажратилган. Башорат Нажимованинг собиқ шогирдлари бугунги кунда мустақил ҳунарманд сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган ва ўз фаолиятини бошлаб, оиласига қўшимча даромад олиб келяпти.
Жумладан, Халқлар Дўстлиги кўчаси 7-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Дилноза Исломова миллий либослар тайёрлаш йўналишида ҳунар эгаллаганидан сўнг, Бухоро шаҳар марказий бозорида савдо фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан келишув асосида аёллар миллий либосларини тайёрлаб, сотиб келмоқда. Ушбу фаолият мазкур фуқарога ҳар ой ўртача бир неча млн сўм даромад келтирмоқда.
Шунингдек, фуқаро Муқаддас Ҳасанова зардўзлик буюмларини тайёрлаш йўналишида ўз фаолиятини бошлади, унинг ҳам даромади ёмон эмас.
Бундан ташқари, аёлларимизга қулайлик яратиш мақсадида қўшни маҳалладан кондитер маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи лидер тадбиркорни бўш турган объектга қулай жойлашув таклифи асосида жалб қилдим. Ҳозирги пайтда мазкур тадбиркор томонидан “Асалари” номли кондитер цехи очилиб, 4 нафар ишсиз хотин-қизларимиз иш билан таъминланди ва 6 нафарига бепул асосда ҳунар ўргатиб келинмоқда. Жорий йилнинг декабрь ойида мазкур цехни кенгайтириш ҳисобига ҳудудда янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, ишчи ўринлари кўпайди.
— Маҳалладаги камбағалликка олиб келаётган асосий муаммолар ва сабаблар нимада? Муаммоларни ҳал этиш учун, сизнингча, яна нималар қилиш керак?
— Камбағалликни қисқартиришнинг энг самарали йўли мавжуд имкониятлардан ва ресурслардан самарали фойдалана олиш деб биламан. Камбағаллик даражасини ўлчаш методлари ва нисбатлари турлича. Фуқароларимизнинг турмуш даражасини ошириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясини таъминлаш борасида маҳалладаги масъуллар билан биргаликда фаолият олиб борамиз. Авваламбор, камбағалликнинг сабабини ўрганиш ва уни бартараф этиш чоралари кўрилади. Кейинчалик эса камбағалликдан олиб чиқиш бўйича чора-тадбирлар белгиланади. Бугунги кунгача бўлган мониторинг маълумотларига асосан, камбағалликка дучор бўлган оилаларнинг аксарияти – ногиронлиги мавжуд шахслар, нафақахўрлар ва бола парвариши билан шуғулланувчи аёллар мавжуд оилалар эканлиги маълум бўлди. Камбағалликни қисқартириш борасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган ислоҳотларнинг негизида “Инсон қадри” ётади. Ишсиз ва эҳтиёжманд фуқаролар учун ажратиладиган субсидиялар, моддий ёрдамлар, имтиёзли кредитлар бунга яққол мисол бўлиши мумкин. Ишсиз фуқароларни бепул асосда меҳнат бозорида катта талабга эга бўлган касб-ҳунар турларига ўқитиш тизимининг мавжудлиги ҳам аҳолининг бандлиги ва шу билан бир қаторда, даромадини оширишга қаратилган ҳаракатдир.
— 2023 йилга мўлжаллаган режалар ва янги лойиҳаларингиз тўғрисида қисқача маълумот берсангиз.
— Келгуси фаолиятим давомида маҳалламиз “драйвери”, яъни хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришни режалаштирганмиз. Бунинг учун маҳаллада мавжуд имкониятлар ва ресурслардан фойдаланган ҳолда замонавий (инновацион) хизмат кўрсатиш турларини, мисол учун, клининг хизматлари, онлайн музей, фото студиялар, психологик кабинетлар, янги туристик хизматлар кабиларни жорий қилиш орқали маҳалламиз иқтисодиётини ривожлантириб, янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган концепцияни ҳаётга татбиқ этишни мақсад қилиб қўйганман.
— Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
— Коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига қарши жиддий курашиш зарур. Шу билан бирга, коррупцияга йўл қўймаслик учун фуқаролар ва масъуллар орасида ошкоралик ва очиқлик бўлиши керак. Амалга оширилаётган барча ишлар ва чора-тадбирлар ҳақида маҳалла фаоллари, умуман, аҳоли олдида ҳисоботлар бериб борилади. Шунингдек, маҳалладаги сектор раҳбари, Халқ қабулхонаси, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари билан бирга сайёр қабуллар ўтказилади. Бу ишлар ҳам аҳолининг ҳуқуқий онгини юксалтиришга ва пировардида коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.
— Маҳаллангизда сиз қилаётган ишингизга муносабат қандай? Фаолиятингизни янада самаралироқ давом эттиришингиз учун қандай кўмакка эҳтиёж сезяпсиз?
— Ўз устимда янада кўпроқ ишлаш, янги йўналишларда илм олиш, тадбиркорлик борасида кўпроқ тажриба алмашиш эҳтиёжини сезаман. Тез фурсатларда ривожланаётган замонда юртбошимиз томонидан қўйилган вазифаларни бажариш учун тинимсиз меҳнат қилишни ўз бурчим деб биламан. Яқинда аёлларнинг муаммоларини ҳал этишда олиб борган ишларимиз сабабли республика миқёсида ҳоким ёрдамчилари ичида барчага намуна кўрсатган, дея “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” номинациясига лойиқ кўрилдим ва “Президент совғаси” – янги автомобиль эгаси бўлдим. Бу мен учун катта рағбатдир. Бугун эришаётган яхши натижаларим ва ютуқларим биргина меники эмас. Маҳалламиз аҳлининг менга билдираётган ишончи, қилаётган дуоларининг самараси деб биламан. Маҳалламиз аҳолисининг қўллаб-қувватлаши, самимий, илиқ тилаклари, хурсандчилигини кўриб ўзимни бахтиёр ҳис этдим. Халққа наф келтириш – олий бахт!
Изоҳ қолдириш