"Иқтисодий шарҳ" журнали учун Навоий вилояти Кармана тумани ҳокимининг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича “Ўзбекистон” маҳалласидаги ёрдамчиси Хусен Амонов билан интервью тайёрланди.
– Жорий йилдан бошлаб мамлакатимизда илк бор “маҳаллабай” тизими ишга туширилиб, барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчилари” лавозими жорий этилди. Сиз бу лавозимнинг мазмун-моҳиятини қандай тушунасиз?
– Маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиси лавозимининг жорий этилиши билан, айниқса, туман марказидан олисда жойлашган маҳаллаларда истиқомат қилаётган, оиласида муаммоси бўлган аҳоли мурожаатларини тўғридан-тўғри тинглаш, зарур бўлса, жойига чиқиб ўрганиш, тегишли мутасаддиларни жалб этган ҳолда ижобий ҳал этиш бўйича энг самарали институт яратилди, деб ишонч билан айтишим мумкин. Ушбу тизим ёрдамида маҳалла ҳудудида бўш турган, самара келтирмаётган бино ва ер майдонларини хатловдан ўтказиш, улардан фойдаланиш мақсадида белгиланган тартибда малакали тадбиркорлик субъектларига ажратиш бўйича тегишли ташкилотларга таклифлар бериш, мазкур жойларда ташкил этилаётган корхоналарга маҳаллада истиқомат қилаётган бандлиги таъминланмаган ишсиз аҳолини ишга жойлаштириш, бу орқали оилаларга моддий даромад олиб келиш каби ишлар амалга оширилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ушбу лавозимнинг жорий этилишини ҳурматли юртбошимиз ташаббуслари билан яқин келажакда маҳаллий аҳоли фаровонлигини кўзлаб ўйланган ва самарали натижасини бериши мумкин бўлган стратегик ислоҳотлардан бири деб ҳисоблайман.
– Ўзингиз ҳақингизда батафсилроқ гапириб беринг. Бу лавозимга қандай ўтдингиз, бунга қадар нима билан шуғуллангансиз, қаерда ишлагансиз? Янги вазифаларни қандай уддалаяпсиз?
– Мен, Амонов Хусен Файзиевич, 1982 йил 6 июль куни Қизилтепа тумани Бўстон маҳалласида зиёлилар оиласида туғилганман. Аввал тумандаги касб-ҳунар коллежида, сўнг Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг “Молия” йўналиши бўйича ўқишни тамомладим. Меҳнат фаолиятимни 2004 йил “Ғаллабанк” РАТБ Навоий минтақавий филиалида Кредит режа бўлими мутахассиси лавозимидан бошлаб, банк тизимининг турли йўналишларида фаолият юритдим. 2014 ва 2019 йилларда Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутатлигига ЎзЛиДеПдан ўз номзодимни кўрсатиб, шаҳар Кенгаши депутатлигига сайландим. 2016-2018 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви Академиясининг Давлат бошқаруви ва иқтисодиёт йуналиши бўйича таҳсил олиб, магистрлик дипломига эга бўлдим. Бундан ташқари, 2018 йил Хитой Халқ Республикасининг Шанхай Универсетити томонидан ихтисослигим бўйича халқаро сертификат олишга муваффақ бўлдим. Жорий йилдан бошлаб ўзим яшаб турган Кармана тумани Ўзбекистон маҳалласида ҳоким ёрдамчиси сифатида фаолият юритиб келяпман.
“Ўзбекистон” маҳалласида ҳоким ёрдамчиси лавозимига киришган кунимдан бошлаб, аввало ушбу маҳалла раиси, маҳалла раисининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари, ёшлар етакчиси вазифасида фаолият юритаётган ходимлар билан яқиндан танишиб, дастлабки режаларни белгилаб олдим. Жумладан, маҳалла ҳудудида яшовчи ҳар бир оилани хатловдан ўтказиш орқали маҳалладаги ишсиз аҳоли рўйхати шакллантирилди, ҳудуддаги мавжуд бўш турган бинолар ва ерлар тўғрисидаги маълумотларга мутасадди ташкилот ходимларини жалб этган ҳолда аниқлик киритилди ва чуқур ўрганишлар ўтказилди. Улардан оқилона фойдаланиш мақсадида туман ҳокимлиги мутасаддилари иштирокида ҳамда хусусий сектор раҳбарларининг истиқболли бизнес режаларига кўра ишсиз аҳолига танлов асосида олиб бериш ишлари йўлга қўйилди.
–“Маҳаллабай” тизими барча даражадаги давлат ҳокимияти органларининг ўзаро яқин ҳамкорлигини таъминлашни кўзда тутади. Ушбу ўзаро таъсир қандай ўрнатилган? Фаолиятингизни туман, вилоят ва республикадан қўллаб-қувватланаётганини сезяпсизми?
– Албатта, 2021 йил 19 мартдаги Вазирлар Маҳкамасининг 152-сонли Қарори асосидаги низомнинг 6-бобида “Маҳаллабай” ишлаш тизимини амалиётга жорий этишда ваколатли давлат ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш белгилаб қўйилган. Хусусан, Навоий вилоятига Туронбанк АТБ бириктирилган бўлиб, бугунги кунда ҳамкорликда ишлар жадал олиб борилмоқда. “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқаролар билан ишлаш фаолиятида туман, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши, маҳаллада ташкил этилган “Аёллар маслаҳат кенгаши”, Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими ҳамда аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази билан яқин алоқалар ўрнатилган. Янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда тумандаги тижорат банклари, Савдо-саноат палатасининг туман тадбиркорликка кўмаклашиш маркази ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш туман қабулхонаси билан ҳамда аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш ишларини фаоллаштиришда туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими, Савдо-саноат палатасининг туман тадбиркорликка кўмаклашиш маркази, маҳалладаги ўқув масканлари, нодавлат ва нотижорат ўқув марказлари, ўрта ва ўрта махсус профессионал таълим муассасалари, касб-ҳунар мактаблари, коллеж ва техникум, яқин ҳудуддаги ўқув марказлари билан ўзаро фаол ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бундан ташқари, маҳалла фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун республика вакилидан иборат ишчи гуруҳлари бириктирилиб, ўз вақти, соати билан фаолиятимизни ўрганиб, тегишли тавсия ва таклифларини бериб келишмоқда.
Шунингдек, маҳалла ҳудудидаги муаммолар муҳокама қилингандан сўнг, масаланинг долзарблиги ва ҳал қилиш имкониятидан келиб чиққан ҳолда туман, вилоят, қолаверса, республика даражасигача чиқариб, ҳал этиб келинмоқда.
– Аҳоли билан қандай мулоқот қиляпсиз, мурожаатлар кўпми? Одамлар асосан қандай масалалар бўйича мурожаат қилмоқда? Маҳалла фуқароларининг муаммолари қандай ҳал қилиняпти?
– Ҳоким ёрдамчиси вазифасида фаолиятимни бошлаган дастлабки кунимданоқ “халқ ичига кириш”, “унинг дардига қулоқ солиш”, “ташвишига шерик бўлиш” ва “муаммоларни жойида ҳал этиш” тамойиллари асосида маҳалла вакиллари билан мустаҳкам алоқани ўрнатишга ҳаракат қилмоқдаман. Бугунги кунга қадар “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”да рўйхатда бўлган ва бандлиги таъминланиб, ушбу дафтардан чиқарилган оила вакилларининг аслида қандай тартибда дафтарлардан чиқарилгани ва ҳозирда ўз йўлларини топиб кетганига ишонч ҳосил қилиш мақсадида маҳаллада ўтказилган хатловлар мобайнида уларнинг оиласи ва яшаш тарзини янада чуқур ўргандим.
Хатлов жараёнида бир нарсага амин бўлдимки, ҳар қандай масаланинг ечимини масалани кўтарган хонадоннинг ўзида ҳал этиш мумкин. Мисол келтирсам, аксарият фуқароларимизда бир ишни бошлашда иккиланиш ва журъатсизлик устун турганлиги боис, йиллар давомида давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имкониятлардан тўлиқ фойдалана олмаётгани, натижада бири икки бўлмай, топган даромадини рўзғоридаги еб-ичишдан орттиролмаётганини сезиш қийин эмас. Айнан энг қуйи тизим бўлган маҳалла институтларида ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг йўлга қўйилиши натижасида улар билан яқиндан алоқа ўрнатиб, тадбиркорлик фаолиятини бошлашдан озгина чўчиган фуқароларимизнинг ғоя ва режаларини қўллаб-қувватлаб, керак бўлса, ғояни бойитиб, уларнинг эртанги кунига ишонч билдириш орқали кўп йиллик орзуларига эришишида сабабчи бўлмоқдамиз.
Шунингдек, маҳалла ҳудудида соғлом рақобатни йўлга қўйиш, устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлаш мақсадида, аввало, маҳаллада истиқомат қилаётган, йиллар давомида ўз меҳнат фаолиятлари билан катта обрў-эътибор қозонган меҳнат фахрийлари ва оқсоқоллар ҳамда бугунги кунда фаолиятини муваффақиятли давом эттираётган хусусий сектор раҳбарлари билан ҳам дўстлашиб, улар билан маҳалла ҳудудида олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр алмашиб, зарур бўлса, уларни илк тадбиркорлигини бошлаётган оила вакилларига бириктириш орқали натижаларга эришмоқдамиз.
Мурожаатларга келадиган бўлсак, авваламбор фуқаронинг мурожаати (банкдан кредит чиқаришми, газ босими пастлигими, чироқнинг тез-тез ўчиб- ёнишими, ободонлашлаштириш ходимлари билан боғлиқми ва ҳ.к) диққат билан тингланади, бу муаммодан соҳа мутахассиси ҳам хабардор қилинади. Сўнгра масала биргалашиб, ҳал этилади.
Фуқаро мурожаатлари бўйича масаланинг яна бир муҳим томони шундаки, имкон борича фуқаро мурожаатини унинг хонадонига бориб тинглаш керак. Яъни, одамларнинг яшаш шароитлари, моддий ва маънавий имкониятларини ўз кўзим билан кўриб хулоса қилишим тўғри йўналиш беришимга замин яратади, деб уйлайман ва албатта Telegram каналимда маҳалла ҳудудида олиб борилаётган ижобий ўзгаришларини кундалик ёритиб бориш фуқаролар орасида янада кўпроқ тарғибот-ташвиқот ишлари ўтказиш ҳамда тадбиркорликка жалб қилишда ўз самарасини бермоқда.
Оддий маҳаллий аҳоли оиласига яна ҳам чуқурроқ кириб борсангиз, ҳолат аслида қандайлигини, қайси оила қандай имконият ва қобилиятга эга эканликларини англаб етасиз.
Юқоридаги кўрсаткичлар ҳамда тажрибали мутахассис ва маҳаллий аҳоли вакилларининг аксарият фикр-мулоҳазаларидан келиб чиқиб, “Ўзбекистон” МФЙнинг драйвер йўналишини асосан лимончилик ва сервис деб белгилаб олдим. Фаолият бошлаган даврим мобайнида иссиқхона фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш билдирган хонадон вакиллари билан келишган ҳолда шахсий ташаббус кўрсатиб, “Жахон агро” лимонария кластерини ташкил этишни йўлга қўйдим. Натижада 500 та хонадон бўш турган ер майдонининг 0.5 сотихига иссиқхона қуриб, лимон кўчатларини етиштириш режа қилинди. Ҳар бир (500 та) хонадонга 10 донадан (5000 та) лимон кўчатлари экилиб, йилига 2 марта мева берса, 100 тонна ҳосил олинади, асосийси, ишсиз оила вакилларини бандлигини таъминлашга эришамиз. Шу билан биргаликда, енгил саноатни ривожлантириш орқали маҳаллий аҳолининг истеъмол буюмларига (кийим-кечак, пойабзал,трикотаж ва бошқалар) бўлган шахсий эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, бирга саноатнинг бошқа тармоқларида фойдаланиладиган материалларни (газламалар, иплар, табиий ва сунъий чарм) ишлаб чиқаришга мўлжалланган замонавий тикувхона ва ишлаб чиқариш цехи ташкил қилишда яқин ҳамкорларимиз “Бахт текстиль” МЧЖ билан амалий ишлар бошлаб юборилган. Шу билан биргаликда, бугунги кунга қадар 64 та хонадонга тижорат банкларнинг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан иссиқхона қуриб берилди. Бундан ташқари, аҳолининг кам таъминланган, эҳтиёжманд қатламларига “Меҳр-саховат” жамғармаси ҳисобидан моддий кўмак ажратилмоқда.
Хусусан, ишлаш иштиёқи бор, аммо иш бошлаш учун маблағ тополмай юрган оилаларга бизнинг кафиллигимиз ва кўмагимизда кредит ва субсидия берилмоқда. Табиийки, бу имконият оилаларда доимий даромад манбаини яратиш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш, тадбиркорликни ривожлантириш, камбағалликни бартараф этишга замин яратмоқда.
Ўтган давр мобайнида маҳаллада истиқомат қилаётган 82 нафар ишсиз фуқароларни кредит ва ер ажратиб бериш орқали ўзини ўзи банд қилишга эришилган бўлса, шундан 42 нафарини ёшлар ташкил этди. 28 нафари эса доимий ишга жойлаштирилди. 12 та янги корхона фаолияти йўлга қўйилиб, 92 нафар ишсизлар бандлиги таъминланди ва янги иш ўрни яратилди.
– Ўтказилган тадқиқ ва сўровлар натижалари ҳақида гапириб беринг. Муҳтож оилалар қандай мезонларга кўра аниқланмоқда? Бунда нимага эътибор қаратилмоқда?
– Албатта, мен фаолият кўрсатаётган маҳаллада бугунги кунда уйма-уй юриш орқали ўтказилган хатловлар натижасида 1 557 хонадонда 2 007 та оила истиқомат қилаётганлиги, фуқароларнинг умумий сони эса 5 539 нафарни ташкил этиши аниқланди. Оилаларни 100% хатловдан ўтказиш натижасида аҳолини 4 тоифага ажратдим, шундан:
- биринчи тоифа – хонадонлар даромади кам, ишсиз аъзолари бўлган, ўз ишини бошлашга қизиқиши катта, шунингдек, даромад топишга, касб ўрганишга ҳаракат қилаётган хонадонлар сони 7 та (0,4 фоиз);
- иккинчи тоифа – доимий даромадга эга, қўшимча даромад топиш истагидаги хонадонлар сони – 476 та (30,6 фоиз);
- учинчи тоифа – ногиронлиги бор ва касал аъзолари бўлган, боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож хонадонлар 58 та (3,7 фоиз);
- тўртинчи тоифа эса иқтисодий аҳволи яхши ва ўзига тўқ хонадонлар 1 016 та (65,3 фоиз)ни ташкил қилди.
– Маҳаллангиздаги камбағалликнинг бугунги ҳолатини таърифлаб бера оласизми?
– Мен хизмат кўрсатаётган маҳалла, асосан, ҳовлилардан иборат. Одамлар деҳқончилик фаолияти билан машғул бўлишлари учун 2 дан 10 сотихгача ер майдонлари, яъни томорқаси бор. Аксарият аҳоли томорқаларидан фойдаланишда йилига бир марта ҳосил берадиган полиз экинлари экиб келаётгани маълум бўлди. Иссиқхона қурган, чорвачилик, паррандачиликни йўлга қўйган оилалар ҳам албатта йўқ эмас.
Мен фаолият кўрсатаётган маҳаллада ночор ва камбағал оилалар деярли йўқ. Нисбатан олиб қарайдиган бўлсак, турмуш даражаси пастроқ бўлган оила вакиллари ўз имкониятларидан тўғри фойдалана олмаган ёки бир фойдали ишни бошлашда таваккалчиликдан ҳадиксираб, илк қадамни қўя олмаган одамлардир. Ўйлашимча, маҳалладаги аксарият аҳолига турли соҳа вакилларининг энг юқори натижаларга эришган қатлами иштирокида маҳорат дарслари ўтказиш орқали мотивацион руҳ бағишланса, фойдадан ҳоли бўлмайди.
– Маҳалладаги камбағалликка олиб келаётган асосий муаммолар ва сабаблар нимада? Уларни санаб кўрсатинг. Муаммоларни ҳал қилиш учун, сизнингча, яна нималар қилиш керак?
– Ушбу маҳаллада тўпланган тажрибам асосидаги шахсий фикримни билдирадиган бўлсам, айнан мен фаолият юритаётган маҳаллада келгусида камбағалликка олиб келадиган ҳеч қандай сабаб ёки омилни кўрмаяпман. Фақатгина маҳаллий аҳолининг банклар томонидан берилаётган имтиёзли кредитлардан фойдаланишда ҳуқуқий саводхонлиги оширилса, кези келганда айтиш мумкинки, шахсга балиқ ейишни эмас, уни ушлашда кўмаклашилса, албатта яхши натижа беради.
– Ишингизда камбағал уй хўжаликларини қўллаб-қувватлаш учун қандай инновацион усулларни қўлладингиз? Ушбу хонадонлар билан ишлаш натижалари ҳақида батафсил маълумот бера оласизми?
– Тумандаги “Ўзбекистон” маҳалласи Навоий шаҳри билан чегарадош бўлганлиги боис, маҳалла туманнинг бошқа маҳаллаларидаги оилаларга таққослаганда, ўз оиласига моддий даромад келтиришда имкониятлари бирмунча юқори. Биринчидан, камбағаллик даражасига келиб қолган оилаларнинг бу ҳолатга тушишига сабаб бўлган омиллар асосан нималарда аксини топган, аввало шу масала ўрганилмоқда. Иккинчидан, ушбу оила аъзоларининг маълумоти, ёши ва жисмоний имкониятларидан келиб чиқиб, маҳалла вакиллари ва оқсоқоллари ҳамда хусусий сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда уларни оталиққа олиш орқали даромад келтирадиган ишларга жалб этилмоқда. Бундан ташқари, камбағал оила ёки камбағаллик рискига тушиш эҳтимоли юқори бўлган оилалар манзилли ўрганилиб, биринчи навбатда, фаолият юритаётган меҳнат жамоаси раҳбариятига таклифлар киритилмоқда. Уларга муносиб ойлик маошларни белгилаш ва қўшимча “ижтимоий пакет”лар тақдим этиш ҳамда ишлаб чиқариш имкониятининг кенгайиши ҳисобига қўшимча иш соатларига ҳақ тўлаш масалаларига эътибор қаратилмоқда.
– Маҳалланинг Сиз қилаётган ишингизга муносабати қай даражада ўзгарди, аҳолининг ишончи ортдими? Фаолиятингиз давомида қандайдир муаммоларга дуч келдингизми? Ҳудуд аҳолисининг муаммоларини ҳал қилиш учун маблағлар етарлими?
– Ўйлашимча, ўтган вақт давомида ҳоким ёрдамчиси сифатида маҳалла ҳудудида олиб борган фаолиятим, хусусан, 1 та хонадонга товуқ, 1 нафар хонадонга чорвачилик (майда шохли чорва), 1 та фуқарога мотокультиватор ва бундан ташқари, ўзини ўзи банд қилиш мақсадида 49 та хонадон оила азоларига (аёлларга) ҳар хил турдаги тикув машиналари олиб берилишида кўмакдош бўлганлигимда кўринди, деб ўйлайман. Шунингдек, маҳалладаги ишсиз фуқаролар, жумладан ёшларга яна бир имконият тариқасида ҳудуддаги пахта-ғалладан бўшаган, экиладиган-суғориладиган ерлардан 15 нафар ишсизларга 3 гектар ер майдони аукцион орқали тарқатиб берилиши ташкил этилишида жонбозлик кўрсатилаётгани ва бунинг ортида мурожаатлар купайишини менга бўлган ишончнинг намунаси деб биламан. Аҳолининг нақд пулга талаби юқори бўлганлиги боис, “Микрокредитбанк” АТБ томонидан 2 та (HUMO ва Uzcard) банкоматлари марказий ҳудудга ўрнатиб берилди. Ҳунармандчилик асосида қуроқчилик соҳасида 12 нафар хотин-қизларга иш ўринлари яратилиб, тикувхона ташкил қилинди. Маҳаллада ёшларнинг бўш вақти самарасиз ўтмаслиги учун чим қопламали мини ўйингоҳ ишга туширилди.
Аҳолимизнинг амалга оширилаётган ислоҳотларни ич-ичидан сезиб турганлигини ҳис қилиш қийин эмас. Чунки биринчи қадам ташланди, маҳаллий аҳоли вакиллари билан муносабатлар ўрнатилди, ҳудудда ўтказилган хатловлар ўз якунига етказилди, аҳолининг ишсиз ва бандлиги таъминланган қатламининг реал яшаш даражаси тоифаларга асосан ажратиб олинди. Эътиборимизни турмуш даражаси нисбатан оғирроқ бўлган хонадонларга қаратишдан бошладик. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан иш билан банд бўлмаган аҳоли вакилларига тадбиркорлик қилиш ва ўзини ўзи банд қилиш учун субсидиялар, кредит ресурслари ва бошқа харажатлар учун ажратилган маблағлардан оқилона фойдаланиб, уларни даромад келтирадиган фаолиятга жалб этиш вазифаси босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, иш билан банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка ўқишга йўналтириш вазифалари амалда қўлланилмоқда. Шундагина орадан маълум бир муддат ўтиб, бошлаган ишларимиз ўзининг самарали натижасини бера бошлаганда, ишончим комилки, маҳаллий аҳоли томонидан Президентимизнинг “Инсон қадри учун” тамойили асосидаги халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш ҳамда фаол фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ислоҳотларнинг нақадар тўғри эканлигига амин бўламиз.
– Фаолиятингизни янада самарали давом эттириш учун қандай кўмакка эҳтиёж сезяпсиз?
– Бу жараёнларда биринчилардан бўлиб иштирок этаётганлигимдан аввало жуда мамнун бўлиш билан бир қаторда, катта бир масъулият гарданимда турганлигини ҳар сония ҳис қилиб тураман. Президентимиз таъкидлаган сўзларига қўшилган ҳолда, мени ҳам барча орзу-ниятларим, машаққатли меҳнатим, кечани – кеча, кундузни – кундуз демасдан амалга ошираётган саъй-ҳаракатларим, ҳамма-ҳаммаси – олиб борилаётган ислоҳотларга катта умид ва ишонч билан қараб турган маҳалламиз аҳолиси учундир. Тўғриси, ҳар тонг уйқудан уйғонганимда хаёлан фаолият олиб бораётган маҳаллам, бу ерда яшовчи аҳоли вакиллари ва уларнинг турмуш шароити кўз олдимда гавдаланади. Гўёки хонадонимдаги ойнага юзланиб, бир фуқаро сифатида қаршимда турган ҳоким ёрдамчисига савол бераман – “Кечаги ўтган кундаги фаолиятингдан розимисан”, – деб. “Бугун бошланаётган янги кун самарали ва мазмунга бой бўлиши учун нималар қилмоқчисан?” ва шу мазмундаги ўй-хаёллар билан дарвозадан чиқарканман, юртбошимиз томонидан белгилаб берилган вазифаларни бажаришда куч-ғайрат сўраб, дуо қиламан!
Аксарият ҳолларда маҳаллий аҳоли ўз муаммолари ечимини топиш илинжида хизмат хонамга келиб, дардларини айтган маҳал уларни диққат билан тинглаб, ортиқча уринишу оворагарчиликларсиз муаммосини ижобий ҳал этиб, қўлимиз кўксимизда, уйларига кузатиб кўямиз. Ана шу чоқ мушкули ариган одамларнинг хурсандчилигу қувончлари уларнинг самимий сўзлари ва нигоҳларида акс этганини кўриш мени янада тўлқинлантириб юборади, бу ёқимли ҳис вазифамга нисбатан янада шижоатимни ошириб келмоқда, десам муболаға бўлмайди.
Изоҳ қолдириш