Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тармоқ ва ҳудудларда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ошириш бўйича мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этишга қаратилган устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда глобал ишлаб чиқариш ва транспорт-логистикадаги узилишлар, ҳамкор давлатлардаги инфляция саноат ишлаб чиқариш ва экспорт бўйича режаларни хавф остида қолдираётгани таъкидланди.
Бундай шароитда ҳар бир ҳоким ва тармоқ раҳбари маҳсулотлар ҳажмини ошириш ва экспортга янги бозорларни топиш учун ҳар куни бош қотириб, қаттиқ ишлаши зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Шунингдек, қайси вилоят, туман ҳокими ўзи корхоналар билан ишлаб, муаммосига ёрдам бериб, ҳаракат қилаётган бўлса, ўзгариш бўлаётгани қайд этилди.
Президент йиғилишда ўтган етти ойда юртимизда саноат маҳсулотлари ҳажми 5,7 фоизга ўсиб, 345 триллион сўмга етганини таъкидлади. Бу кўрсаткич электротехника саноатида 46 фоизни, енгил автомобиллар ишлаб чиқаришда 16 фоиз, қурилиш материалларида 12 фоиз, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқаришда 11 фоизни ташкил қилиб, юқори суръатларда ўсди.
Мисол учун, мисни қайта ишлаш 30 фоизга ва юқори қўшилган қийматли маиший техникалар ҳажми 36 фоизга ошиши ҳисобига жами 12,5 триллион сўмлик электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Уларнинг экспорти 25 фоизга кўпайиб, 550 миллион доллардан ошди.
Жойларда ишлар тўғри йўлга қўйилгани боис 25 та туман ва шаҳарда саноат ҳажми 10 фоиздан кўпайган. Бўзатов, Кегейли, Қўнғирот, Хўжайли, Андижон, Олот, Шофиркон, Ғаллаорол, Китоб, Нишон, Конимех, Чортоқ, Оқдарё, Булунғур, Иштихон, Пахтачи, Олтинсой, Бандихон, Бойсун, Қизириқ, Паркент, Бувайда, Учкўприк туманлари, Каттақўрғон ва Нурафшон шаҳарларида саноат юқори суръатда ўсган. Жумладан, тўқимачилик корхоналарини кўпайтириш орқали, саноат кўрсаткичини Бандихон 45 фоизга, Қизириқ 18 фоиз, Олот ва Бувайда 15 фоиздан, Кегейли 14 фоиз, Оқдарё ва Бойсун 13 фоиздан, Андижон тумани 10 фоизга оширган.
Мавжуд конларни ўзлаштириб, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига саноат ҳажми Китобда 19 фоизга, Қўшработда 10 фоизга ўсган. Умуман, йил бошидан республика бўйича 2 мингта янги саноат лойиҳаси ишга туширилиб, йил якунигача қўшимча 1 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имкони яратилди.
Мисол учун, “Пистали” олтин конида янги металлургия заводини муддатидан олдин ишга тушириш ҳисобига шу йил қўшимча 840 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Заводдаги қарийб 50 миллион долларлик ускуналар саноат кооперацияси асосида ўзимизда ишлаб чиқарилган. Бу ҳам саноат ҳажмини оширишга қўшимча туртки бўлди.
Шу билан бирга, 34 та туман ва шаҳарда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилга нисбатан пасайган. Айрим тармоқларда, шу жумладан фармацевтика, чарм-пойабзал, тўқимачилик саноатида ишлаб чиқариш ва экспорт кўрсаткичларининг ўсиш суръати секинлашган.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича янги имконият ва захираларни аниқлаш учун ҳудудларга ишчи гуруҳлари борди. Мисол учун, Тошлоқда йил якунигача қўшимча 1 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконияти аниқланди. Жумладан, ишлаб чиқаришни камайтирган 23 та саноат корхонасида қувватларни тиклаш ҳисобига 900 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича барча ҳисоб-китоблар бор. Тумандаги 22 та янги лойиҳани ишга туширишни тезлаштириш эвазига қўшимча 50 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкони бор.
Яна бир имконият – туманларда саноат кооперациясини кенгайтириб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш. Масалан, “Олмалиқ” комбинати маҳаллий саноат корхоналари билан кооперацияни йўлга қўйиб, полимер, қуйма эҳтиёт қисмлар, кимёвий реагент каби 1 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйган.
Худди шундай имкониятлар Андижон, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Хоразмда ҳам мавжуд.
“Лекин бу борада вилоят ҳокимларининг маҳаллийлаштириш бўйича ёрдамчилари иши мутлақо сезилмаяпти. Уларда на таклиф, на ташаббус бор”, - деди Президент.
Йиғилишда ҳудудлардаги саноат корхоналари, аввало, энергия ресурслари таъминоти билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратиш муҳимлиги айтиб ўтилди. Шу муносабат билан Бош вазир бошчилигидаги комиссияга бир ой давомида барча ҳудудларга бориб:
- қўшимча ишлаб чиқаришни ҳисобга олган ҳолда, ойма-ой ҳудудларнинг энергия балансини ишлаб чиқиш;
- жорий йилда ишга тушадиган лойиҳаларни бирма-бир хатловдан ўтказиб, уларга зарур энергия ресурслари ажратишни назарда тутиш топширилди.
Энергетика вазирлигига жойларда саноат корхоналарини олдиндан хабардор қилмасдан электр таъминотидан узиш амалиётига қатъий чек қўйишга топшириқ берилди.
Йиғилишда саноат тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш юзасидан мутасадди идораларга қатор топшириқлар берилди. Жумладан, Бош вазир бошчилигида туну-кун ишлайдиган республика штаби тузилади. Жойларда ҳам вилоят ҳокимлари бошчилигида ҳудудий штаблар ташкил этилади. Штабда иқтисодиёт, инвестиция, солиқ, божхона, банк, энергетика, стандарт, кадастр вакиллари корхоналардан 24 соат давомида муаммоларини қабул қилиб, уларни тезкор ҳал қиладиган тизим бўлади.
Ҳафта якунида ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари билан бирга барча масалалар Бош вазир ҳузурида муҳокама қилинади ва қолоқликларга йўл қўйган раҳбарларга чора кўрилади.
Иқтисодиёт ва молия вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга 232 та маҳаллий саноат корхонасида ишлаб чиқаришни ошириш, 210 та йирик саноат лойиҳасини тўлиқ ишга тушириш чораларини кўриш топширилди. Саноат зоналари ва йирик лойиҳаларнинг инфратузилма билан таъминланганлик ҳолатини ўрганиш ва бу ишлар учун ажратилган 1,2 триллион сўмни тўлиқ ишлатиш вазифаси қўйилди.
Изоҳ қолдириш