Пуллик трассаларни қуриш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмайди

Пуллик трассаларни қуриш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмайди

Пуллик трассаларни қуриш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмайди. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги масъул ходими Фаррух Ғаффоров маълум қилди.

Тошкент-Самарқанд пуллик автомобиль йўли бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки консультантлари билан битим имзоланди ва ҳозирда ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа умумий капитал харажатлари тахминан 1,5 млрд. АҚШ долларидан ошади. 300 км.лик йўл учун умумий қурилиш даври қурилиш кетма-кетлигига кўра 5-8 йилни ташкил этиши мумкин.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, йўлдан фойдаланиш нархлари енгил автомобил ва енгил юк машиналар учун тахминий нарх 5 ва 7 АҚШ доллари, ва юк машиналари ва автобуслар учун 15-20 АҚШ доллари этиб кўрсатилган.

ДШХ тўғрисидаги битим тахминан 30 йил муддатга тузилиши кўзда тутилган.

Лойиҳани молиялаштириш давлат бюджетидан эмас, асосан, хусусий шерик, яъни хорижий инвестор томонидан амалга оширилади.

Шуни таъкидлаш лозимки, ҳали мазкур лойиҳалар бўйича аниқ белгиланган маршрут ва нархлар мавжуд эмас. Сўнгги тасдиқланган рақамлар Ҳукумат ва инвесторлар ўртасида тузиладиган келишув асосида аниқ бўлади. Айтилган рақамлар халқни амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар бўйича умумий тушунчага эга бўлиши учун маълум қилинди.

Халқаро тажрибага кўра, пуллик йўл қурилганда одатда аҳоли учун бепул алтернатив йўл сақланиб қолади.

Эслатиб ўтамиз, Транспорт вазирлиги «Тошкент шаҳри марказий кўчаларида пулли автомобиль тўхташ жойларини ташкил этиш бўйича экспериментни амалга ошириш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини муҳокамага қўйди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар