Қалбаки ва сифатсиз доридан ўзингизни асранг

Қалбаки ва сифатсиз доридан ўзингизни асранг

Иссиқ жон иситмасиз бўлмайди! Озроқ шамолласак ёки бетоб бўлиб қолсак, шифокор кўригига боришга эриниб, дарҳол ўз билганимизча муолажаларга киришамиз. Ўзимиз билган ёки яқинларимиз маслаҳатига қараб, жуда бўлмаса турли рекламаларда кўзимиз тушган дори воситаларини харид қилишга шошиламиз!

Аммо, дорини харид қилишда унинг асиллиги ва контрафакт эканлигини аниқлашга ҳаракат ҳам қилмаймиз. Дорихонадан олиндими демак ҳаммаси жойида деб ҳисоблаймиз.

Вахоланки, дунё бўйлаб контрафакт дори воситалари савдоси ҳажми ҳозирда 4,4 млрд АҚШ долларига етган. Ва биз ҳам бу муаммодан ҳолимиз деб айта олмаймиз.

Ўзбекистонга нафақат сифатсиз ва қалбаки дори воситаларини олиб киришга, балки ўзимизда ҳам яширин цеҳларда ишлаб чиқаришга уринишлар аниқланмоқда.

Шаҳбоз Юсупов, Божхона қўмитасининг Суриштирув маъмурий амалиёт бошқармаси бош инспектори:

Рақамларга кўра, республикамиз божхоначилари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона органлари томонидан аниқланган 519 та ҳолатда қиймати салкам 30 млрд сўмлик дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг ноқонуний айланмаси олди олинди. Вахоланки, бу кўрсаткич, 2024 йил давомида 1424 та ҳолатда 64,1 млрд сўмни ташкил қилган эди.

Ашёвий далил сифатида олинган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари 17 та давлатдан кириб келган бўлса-да, асосий оқим Ҳиндистон, Қозоғистон ва Хитой давлатларига тўғри келмоқда.

Жумладан, 2024 йилда Ҳиндистондан 6,5 млрд сўмлик, Қозоғистондан 4,3 млрд сўмлик ва Туркия 4,2 млрд сўмлик дори воситалари, Хитойдан 4,6 млрд сўмлик, Қозоғистондан 4 млрд сўмлик ва Литва 2,9 млрд сўмлик тиббиёт буюмларини ноқонуний олиб келишга уринишларнинг олди олинди.

Бунда турли усуллардан фойдаланилмоқда. Масалан, республикамиз ҳудудига дастлаб дори воситаларини хорижий давлатлардан йирик миқдорда вақтинча олиб кирилади ва қўшни давлат ҳудудига гўёки реэкспорт қилинади. Сўнгра мазкур дори воситалари кичик туркумларда турли йўллар билан қайта республикага олиб кирилади.

Шунингдек, дори воситаларини гўёки шаҳсий эҳтиёж ниқоби остида, аслида эса тижорат мақсадларида олиб киришга уринишлар ҳам кўпроқ кўзга ташланади.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, жисмоний шахсларга яшаш ёки бўлиш мамлакати тиббиёт муассасаси томонидан берилган ҳужжат тақдим этилмасдан турли номдаги 10 тагача ва ҳар бири 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситаларини ҳамда 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмларнишахсий фойдаланиш учун олиб киришга ва олиб чиқишга рухсат берилади.

Мавзунинг оғриқли томони шундаки, ҳозирда қалбаки дори воситаларини қўлбола усулда ишлаб чиқариш ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда.

Дори воситаларининг ноқонуний айланмаси ва ички ҳудудда қалбаки дори маҳсулотларининг қонунга хилоф реализациясига чек қўйиш мақсадида божхона органлари томонидан мунтазам чора-тадбирлар олиб борилмоқда.

Ҳуршида Мурадова, Божхона қўмитасининг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими бош инспектори:

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти билан ҳамкорликда Мирзо Улуғбек туманида ўтказилган тезкор тадбирда аввалдан Тошкент вилоятидаги яшаш хонадони кўздан кечирилганида, чет элда ишлаб чиқарилган, аммо ҳеч қандай хужжатлари бўлмаган, қиймати тахминан ярим миллиард сўмлик 36 номдаги 3585 дона стоматологияда қўлланиладиган тиббиёт буюмлари ноқонуний равишда сақланаётгани аниқланди.

Cамарқанд халқаро аэропортида Истанбулдан учиб келган йўловчи салкам 47 млн сўмлик 6 турдаги 4190 дона дори воситаларини “яшил” йўлак орқали олиб киришга уринган вақтида тўхтатиб қолинди.

Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси тезкор тузилмаларининг ҳамкорликдаги тезкор тадбирда эса шубҳа остига олинган шахс таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган 480 дона дори воситасини 4 млн сўмга сотаётган вақтида фош қилинди. Шунингдек, ушбу шахснинг хонадонидан ҳам худди шу доридан яна 260 та капсула сақланаётгани аниқланди.

Сирдарё вилояти божхоначилари эса олдиндан кузатувга олинган шахснинг ёнида ва автомобилида 394 дона кучли тасир қилувчи дори воситасилари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида вақтинчалик сақловга олинди.

Наманган вилояти божхона бошқармаси “Косонсой” чегара божхона постида эса дори воситаларини яширинча олиб кириш учун ғайриоддий усулни қўллаган аёллар тўхтатиб қолинди.

Улар гўёки ўзларини хомиладор кўрсатишга уриниб, аслида қорин соҳасига боғлаб олган ҳолда 3 турдаги 3912 дона дори воситаларини ҳамда таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар бўлган 3587 дона капсулалаларни, шунингдек уларнинг 62 дона бўш идишларини олиб кираётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Бу каби ҳолатлар ҳар биримиздан дори воситаларини харид қилишда янада ҳушёр бўлишни тақозо этади.

Қонунчиликка биноан хориждан импорт қилинган ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарилган барча дори воситалари махсус рақамли ва давлат тилидаги маркировкалар билан таъминланган бўлиши лозим!

Дори воситаларини импорт қилишда божхона органлари томонидан уларнинг рақамли маркировка кодлари мавжудлиги текширилади. Агар божхона юк декларациясида маркировка кодлари бўйича маълумотлар кўрсатилмаган тақдирда, товарларни эркин муомалага чиқаришга рухсат берилмайди.

Шундай экан, фуқароларимизни Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний кириб келган ҳамда ички ҳудудда қонун нормаларига хилоф равишда ишлаб чиқарилган қалбаки дори воситаларига дуч келмасликлари учун қуйидагиларга риоя қилишга чорлаймиз.

Энг аввало ижтимоий тармоқлар орқали сотилаётган дори воситаларини харид қилманг!

Дорихоналарда сотиб олинаётган дори воситаларининг эса қадоғига алоҳида эьтибор беринг. Сиз олаётган дори қадоқда кўрсатилган ҳароратда сақланаётганига эътибор қаратинг.

Шунингдек, дори қадоқларининг бутлиги, унда махсус маркировка ва идентификация воситалрининг борлигини текширинг. Бунда қадоқдаги QR кодни «Asl belgisi» мобил иловаси орқали текшириб, ўзингиз учун кўп нарсани ойдинлаштириб олишингиз мумкин.

Дилсўз Акрамжонова, “Асл белгиси” рақамли маркировка тизими менеджери

Истеъмолчилар сотиб олинаётган дорининг ҳақиқийлигини ёки сохталигини мустақил равишда текширишлари мумкин. Бунинг учун “Асл белгиси” мобил иловаси ёрдамида қадоқдаги QR кодни сканерлаcалар, кифоя.

Илова маҳсулот ҳақидаги тўлиқ маълумотларни - ишлаб чиқарувчи, импорт қилувчи, ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати, тизимда рўйхатдан ўтганлигига доир ахборотларни тақдим қилади.

Агар сотиб олинган дори қалбаки эканлигига шубҳа туғилса, у ҳолда “Асл белгиси” мобил иловаси орқали қоидабузарлик ҳақида назорат қилувчи органларга хабар бериш мумкин.

2024 йил якунига келиб Ўзбекистонда дори ишлаб чиқарувчиларнинг барчаси рақамли маркировка миллий тизимига уланди.

Ҳозирда тизимда 800 та маҳаллий ишлаб чиқарувчи, 881 та импорт қилувчи ва 958 та улгуржи савдо иштирокчилари дори воситалари тоифасида иштирок этмоқда.

2025 йилнинг биринчи чорагида техник ёрдам хизматига дори воситалари тоифаси бў йича 8,5 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушди.

Тизимда қоидабузарликлар ҳақида хабар бериш орқали ички бозорда аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдирадиган қалбаки дори воситаларидан ҳимояланиш имкони янада ортиб боради. Шу боисдан фуқароларимизни бу борада фаоллик чорлаб қоламиз.

Хулоса қилиб айтганда, дуч келган дори воситаларини харид қилиш орқали ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигини асло хавфга қўйманг!

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар