Вилоятда кўрсатилган бозор хизматлари ҳажми 3 353,7 млрд сўмни ташкил қилган ҳолда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 112,5%га ошган. Алоҳида таъкидлаш лозимки, вилоятда кўрсатилаётган хизматлар ҳажми йилдан йилга ўсиш кўрсаткичини қайд этиб келмоқда.
Хизматлар ҳажмининг республика кўрсаткичидаги улуши 4,5% бўлиб, ҳудудлар орасида 7-ўринни эгаллаган.
Вилоятда жами яратилган ялпи ҳудудий маҳсулот (ЯҲМ) таркибида хизматлар кўрсатиш соҳасининг улуши 40,1%ни ташкил қилган.
2022 йил январь-март ойларида жами хизматлар таркибида савдо (30,7%), молия (19,5%) ва транспорт (19%) хизматларининг улуши юқори бўлган бўлса, меъморчилик, муҳандислик ва техник (1%), соғлиқни сақлаш (1,3%), кўчмас мулк, ижара ва лизинг (2,4%), яшаш ва овқатланиш (2,9%), компьютер, маиший товарларни таъмирлаш ва шахсий хизматлар (3,4%), таълим (4,5%), ахборот ва алоқа (4,9%) хизматларининг улуши паст бўлган. Шунингдек, жорий ҳолатга кўра вилоятда ижара ва лизинг (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 82,4%) хизматларидан ташқари барча хизмат турлари бўйича ўсишга эришилган. Энг юқори ўсиш суръати молия (135,2%) ва ахборот ва алоқа (118,6%) хизматлари соҳаларида кузатилган.
Вилоят бўйича кўрсатилган хизматлар ҳажмида Қарши шаҳри (34%) ва Шаҳрисабз (6,9%) туманларининг улуши ўртачадан юқори кўрсаткични қайд этган. Шунингдек, Косон (6,2%), Китоб, Чироқчи (6%), Муборак, Шаҳрисабз шаҳри (5,5%), Яккабоғ (5%), Қарши (4,7%), Ғузор (4,3%), Қамаши (4%), Нишон (3,7%), Касби, Деҳқонобод (3%), Миришкор (2,3%) туманларининг вилоят жами хизматлардаги улуши паст бўлган.
Хусусан, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан вилоятнинг барча ҳудудларида хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича ўсиш кўрсаткичларига эришилган. Энг юқори ўсиш суръатлари Қарши (118,2%), Шаҳрисабз (117,5%) шаҳарлари ва Шаҳрисабз тумани (117,4%)да кузатилган.
Хизматлар соҳаси бўйича вилоятнинг барча туман (шаҳар)ларида ўсиш суръатлари таъминланганига қарамасдан, жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми бўйича Республика ҳудудларида орасида вилоят кўрсаткичи ҳамон пастлигича қолмоқда. Хусусан, вилоятда 1 чорак ҳолатга кўра жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми 981,8 минг сўм (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 110,1%)ни ташкил этган ҳолда Республика ҳудудлари орасида 14-ўринни эгаллаган.
Жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми бўйича Қарши шаҳри (вилоятнинг ўртача кўрсаткичидан 4,1 баравар юқори), Муборак тумани (2,1 баравар) ва Шаҳрисабз шаҳри (1,3 баравар) ва Шаҳрисабз тумани(102%)нинг кўрсаткичлари вилоят ўртача кўрсаткичидан юқоридир.
Нишон (вилоят ўртача кўрсаткичидан 21,0%га паст), Китоб (24%), Косон (29%), Ғузор (30%), Деҳқонобод (34%), Миришкор (35%), Яккабоғ (37%), Қарши (38%), Касби (вилоят кўрсаткичидан қарийиб 2 баравар), Қамаши, Чироқчи (2,1 баробар) туманларида жон бошига тўғри келадиган хизматлар хажми нисбатан анча пастдир.
Вилоятда демографик ўсишнинг юқорилиги (ҳар йили ўртача қарийиб 100,0 минг нафар туғилиш) кўрсатилаётган хизматлар ҳажмини ва кўламини кенгайтириш бўйича бир қатор вазифаларни амалга оширишни талаб этади. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 январдаги “Хизматлар соҳасини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-104 сонли Қарорида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш бўйича бир қатор амалий чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этади. Ушбу қарорга мувофиқ:
-вилоятнинг Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши туманларида меҳмонхона (жойлаштириш), савдо, умумий овқатланиш, кўнгилочар, туроператор ва турагент хизматларини кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари учун махсус солиқ режими жорий этилади;
-вилоят туман (шаҳар)ларидаги 18 та марказий кўчалари махсус хизмат кўрсатиш кўчаларига айлантирилади;
-Косон туманидаги “Дўстлик МФЙ” ва Яккабоғ туманидаги “Айғиркўл МФЙ” даги "Янги Ўзбекистон" массивларида 101 та янги хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этилади;
-Қарши шаҳридаги “Қарлиқхона МФЙ” (1,1 га ер майдони) ва Қарши тумани “Равот МФЙ” ҳудудида йирик савдо комплекслари ва ҳудудий савдо-логистика марказлари ташкил этилади;
-Ғузор, Китоб ва Муборак туманларидан ўтган халқаро йўллар бўйида хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади;
-Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларида нодавлат умумтаълим муассасаларини қуриш учун жами 4 га, Косон, Чироқчи, Қарши, Ғузор туманлари ва Қарши шаҳрида жами 5 га ер майдони нодавлат мактабгача таълим муассасаларини қуриш учун е-аукционга чиқарилади;
-2022 йилда хизматлар соҳасини ривожлантириш учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида вилоят учун 40,0 млрд сўм маблағ ажратилади.
Ушбу вазифаларни бажариш орқали 2022 йилда вилоятда хизмат кўрсатиш хажми 20268,9 млрд сўмга етади ва соҳада 150% ўсиш кўрсаткичи қайд этилади. Янгидан ташкил этилиши кўзда тутилаётган 10032 та хизмат кўрсатиш объектлари орқали 56 минг нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланади.
Изоҳ қолдириш