Қирғизистоннинг ЕОИИдаги имтиёзлари Ўзбекистон учун қандай фойда беради?

Қирғизистоннинг ЕОИИдаги имтиёзлари Ўзбекистон учун қандай фойда беради?

Ўзбекистон Қирғизистоннинг ЕОИИ имтиёзларидан фойдаланиб, учинчи давлатлар бозорларига биргаликда чиқишни мўлжалламоқда, деди Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов.

Тошкентда ўзбек-қирғиз бизнес форуми бўлиб ўтмоқда. Тадбир Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг 11-12 март кунлари Ўзбекистонга ташрифи доирасида ташкил этилди.
"Биз ҳаммамиз биламизки, Қирғизистон - ЖСТ, ЕОИИ аъзоси. Қирғизистон ташқи бозорга чиқишнинг бир қатор афзалликларига эга. Биз ушбу бозорларга биргаликда чиқиш учун кучларни бирлаштиришимиз керак", - деди Умурзоқов ўз нутқида.
"Ҳозир президентлар янги улкан вазифани қўймоқдалар. Биз савдо айланмасини бир миллиардга, ​​сўнгра икки миллиард долларга етказишимиз керак. Ўйлайманки, бу амалга ошириш мумкин бўлган вазифа", - деди Умурзоқов.
Қирғизистон бош вазирининг ўринбосари, молия ва иқтисодиёт вазири Улукбек Кармишаков ўзбекистонлик тадбиркорларга "Қирғизистоннинг ЕОИИга аъзолигидан фойдаланиб, унинг улкан бозорини биргаликда ўзлаштиришни" таклиф қилди.
"Мен устувор йўналишлар - тикув саноати, қишлоқ хўжалигини қайта ишлаш, туризм, машинасозлик ва тиббиётга инвестиция киритиш имкониятини кўриб чиқишга чақираман, бу ерда Ўзбекистон Марказий Осиёда етакчилардан бири ҳисобланади", - деб қўшимча қилди Кармишаков.
Ўзбекистон томонининг маълумотларига кўра, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо айланмаси 2020 йил охирига келиб 10 фоизга ўсиб, 903,1 миллион долларга етди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Қирғизистон капитали иштирокидаги 183та корхона фаолият юритмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда ЕОИИ аъзолари - Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон ва Қирғизистон.
Кузатувчи-давлатлар - Ўзбекистон, Молдова ва Куба.
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар