Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарор қабул қилинди.
Қуйидагилар тасдиқланди:
- Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом;
- Чорвачилик маҳсулотлари учун субсидия ажратилишини самарали ташкил этишни таъминлаш бўйича туман (шаҳар) комиссияларининг намунавий таркиби.
Низомда қуйидагилар кўрсатилган:
- чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратиш шартлари;
- чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига улар томонидан етиштирилган ва сотилган маҳсулотлар учун субсидия ажратишда талаб этиладиган ҳужжатлар, уларни кўриб чиқиш ҳамда субсидия ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби;
- субсидия ажратишни рад этиш асослари ва субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қарор бўйича шикоят қилиш тартиби;
- ажратилган субсидиядан субсидия олувчи томонидан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш тартиби.
Низомга мувофиқ экспортга сотилган чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик маҳсулотларига субсидия ажратилмайди.
Белгиланишича, ҚҚС тўловчиларига 2021 йил 1 июндан бошлаб республика бюджетидан қуйидаги миқдорда субсидия ажратилади:
- паррандачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, реализация қилинган тухумнинг ҳар бир донаси учун 50 сўм ҳамда парранда гўштининг ҳар бир килограмми учун 1 000 сўм;
- чорвачилик хўжаликларига – ўз хўжаликларида етиштирилиб, гўшт учун сотилган йирик ва майда шохли моллар тирик вазнининг ҳар бир килограмми учун 2 000 сўм ҳамда сутининг ҳар бир литри учун 200 сўм;
- балиқчилик хўжаликларига – интенсив усулда етиштирилган совуқ сув балиқларининг (лосось, форель ва осётр) ҳар бир килограмми учун 3 000 сўм, қолган турдаги балиқлар учун 1 000 сўм миқдорида.
Маҳсулотларни нақд пул ёки банк пластик картаси (тўлов терминали) орқали сотиш бўйича онлайн касса аппаратларини ўрнатиш субсидия олувчилар зиммасига юкланади.
Субсидия олувчилар ўз хўжалигида етиштирилган маҳсулотларни сотишдан олдин Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасининг my.vetgov.uz сайти орқали ҳудудий «Чорванасл» маркази туман вакилига ариза билан мурожаат қилади.
Субсидиялар субсидия олувчи томонидан берилган аризага асосан кейинги ойнинг 25-санасига қадар ажратилади.
Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати департаменти ажратилган субсидиялардан мақсадли фойдаланилишини назорат қилади.
Изоҳ қолдириш