2022 йилнинг 9 ойи давомида қурилиш хизматлари соҳаси ЯИМнинг 15 фоизини, хизматлар соҳасининг 40 фоизини ташкил этган.
Ўзбекистон МДҲ давлатлар орасида аҳолининг уй-жой билан таъминланганлик даражаси бўйича 4 ўринда бўлиб, 2022 йил бошида республикамизда аҳолининг уй-жой билан таъминланганлик кўрсаткичи ҳар бир аҳолига умумий яшаш майдонидан ўртача 18,2 метрни ташкил этган. Ушбу кўрсаткич Беларус давлатида 28,9 кв метр , Россия Федерациясида 27,8 кв метр, Қозоғистонда 23,2 кв метр, Қирғизистонда 13 кв метр ва Тожикистонда 9 кв метрни ташкил этган.
2022 йил 11 ойи давомида қурилиш соҳасида эришилган натижалар ва йил якунига қадар белгиланган вазифалар
Ўзбекистон Республикасида қурилиш ишлари ҳажми 2021 йилда 95,2 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 11 ойи давомида 115,1 трлн. сўмга етиб, 2021 йил 11 ойига нисбатан 105,7 фоиз ўсишга эришилди.
Ҳисобот даврида ҳудудлар кесимида хусусан, Тошкент шаҳри, Тошкент вилояти ва Самарқанд вилоятида қурилиш ишларининг юқори ҳажмлари қайд этилди. Жумладан, Тошкент шаҳрида 28,2 млрд. сўм, Тошкент вилоятида 10,4 млрд.сўм ва Самарқанд вилоятида 7,8 млрд. сўмли қурилиш ишлари амалга оширилган. Кейинги ўринларда Фарғона, Бухоро ва Қашқадарё вилоятлари туради. Сирдарё (2,5 млрд. сўм), Жиззах (3,1 млрд. сўм) ва Хоразм (4,2 млрд. сўм) вилоятларида энг паст кўрсаткичлар қайд этилган.
Жами қурилиш ишларининг 58,7% қисми ёки 79,1 трлн. сўм қурилиш ишлари айнан иқтисодиётда янги ишлаб чиқариш қувватлари, турар-жой ва бошқа ижтимоий объектларни яратишга қаратилган. Янги қурилиш ишларида йирик қурилиш ташкилотларининг ҳиссаси 31,8% ни, кичик корхона ва микрофирмаларнинг улуши 45,1% ни ташкил этди. Норасмий сектор жами янги қурилиш ҳажмининг 23,1% қимини ташкил этди. Янги қурилишларнинг 21,3% қисми Тошкент шаҳрида амалга оширилган.
Амалга оширилган қурилиш ишларининг 67,8% қисми бино ва иншоотлар қуриш, 21,7% қисми фуқаролик объектларини қуриш ва 21,7% қисми эса ихтисослаштирилган қурилиш ишлари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирлигининг 2022 йил 2 ярим йиллик учун мўлжалланган иш режасига асосан, йил якунига қадар бир қатор муҳим вазифаларни амалга ошириш режалаштирилган, жумладан, халқаро тажрибани ўрганган ҳолда “Шаҳарлар қулайлиги” индексини жорий қилиш лойиҳасини ишлаб чиқиш, аҳоли пунктларининг шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш тизимини тубдан такомиллаштириш, жамоатчилик таклиф ва фикрларини ўрганиб чиқувчи “Менинг маҳаллам” электрон платформасини ишлаб чиқиш, қурилиш объектларини рўйхатга олишдан бошлаб, фойдаланишга қабул қилишгача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш ва бошқа бир қатор қурилиш лойиҳаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
2023 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 20 декабр кунида бўлиб ўтган Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида қурилиш соҳасида 2023 йилда амалга оширилиши кўзда тутилган муҳим вазифа ва йўналишлар кўрсатиб ўтилди. Унга асосан:
- Янги уй-жойлар қуриш ҳажмлари 1,5 баробарга оширилиб, 90 мингга етказилади.
- Конституцияга аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши ва уй-жойга эга бўлиши тўғрисидаги янги модда киритилади;
- Икки йил олдин бошлаган имтиёзли шартларда ипотека бериш давом эттирилади;
- Тошкент вилоятида “Менинг биринчи уйим” янги ипотека дастури бошланади;
- Биринчи навбатда турар-жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар барпо этилади.
Бундан ташқари, қурилиш лойиҳаларини амалга оширишда назорат механизмларини такомиллаштириш, жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш мақсадида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими ташкил этилди. 2023 йил 1 январдан бошлаб ушбу тизим тўлиқ жорий этилиши кўзда тутилган. Унга асосан, инсон омилисиз электрон тендер савдолари ўтказилади, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар ҳолати устидан жамоатчилик назорати ўрнатилади, маълумотлар реал вақт режимида жамоатчилик учун очиқ эълон қилинади, инсофсиз ижрочиларнинг реестри ҳам ушбу платформа билан интеграциялашади, “шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимининг мобил иловаси ҳам ташкил этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2023 йилларда маҳаллалар инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, Республикамиздаги 5284 та маҳаллаларда 6007 та ижтимоий соҳа ва инфратузилма объектларида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиб, унга 7 046,8 трлн.сўм маблағ ўзлаштирилиши режалаштирилган. Дастур ички йўллардан тортиб газ ва йўл инфратузилмалари каби долзарб масалаларни ўз ичига олган. Ички йўллар бўйича 2602 та объектга 3,3 трлн. сўм маблағ йўналтирилади. Бундан ташқари, 1848 та ичимлик суви объектлари, 498 та электр энергия билан таъминлаш объектлари ҳамда 72 та газ таъминоти объектлари кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш