Ўзбекистонда гендер зўравонлигига қарши кампаниядан кейин ҳам давом эттиришимиз керак бўлган ишлар

Ўзбекистонда гендер зўравонлигига қарши кампаниядан кейин ҳам давом эттиришимиз керак бўлган ишлар

Шу йилнинг ноябр ойида мен Ўзбекистонда “Зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” кампаниясининг онлайн очилишида иштирок этиш имкониятига эга бўлдим. У дунё бўйлаб аёллар ва қизларга нисбатан зўравонликни тўхтатишга чақиради. Ушбу тадбирда турли давлат, нодавлат ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этишди. Биз коронавирус (CОВИД-19) пандемиясининг мамлакатдаги аёллар ва қизларнинг аҳволига таъсирини муҳокама қилдик. Тан олиш керакки, бу ҳалол, очиқ ва эҳтимол Ўзбекистондаги фаолиятимнинг дастлабки олти ойи давомида мен иштирок этган энг илҳомлантирувчи учрашувлардан бири бўлди.

Маҳаллий нодавлат ташкилотлари (ННТ) етакчи аёлларининг тақдимотлари менда катта таассурот қолдирди. Улар ўзларининг жамоалари пандемия бошланишидан олдин ва энг муҳими, пандемиянинг энг оғир пайтларида гендерга асосланган зўравонлик қурбонларига қандай ёрдам кўрсатганликлари ҳақида завқ билан гапириб беришди. Карантин чекловлари билан боғлиқ барча қийинчиликларга қарамай, улар оилавий зўравонлик қурбонларига турли хил хизматларни кўрсатишда давом этишди ва шелтерларининг (бошпаналар) эшиклари мамлакатнинг турли минтақаларида юзлаб аёллар ва уларнинг фарзандлари учун очиқ эди.

Пандемия бошланганидан буён Ўзбекистонда оилавий зўравонлик ҳолатларининг кўпайиши кузатилди. Иқтисодий қийинчиликлар кўплаб оилаларниг даромадлар ва иш жойларидан маҳрум қилди, бу эса ўз навбатида аёллар ва қизларга нисбатан жисмоний, психологик, иқтисодий ва жинсий зўравонликларнинг кўпайишига олиб келди.

Мамлакатда аёллар ва қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бўйича расмий статистика маълумотлари ҳали ҳам мавжуд эмас. Aммо, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг маълумотларига кўра, 2020 йил январь-октябрь ойлари оралиғида ички ишлар органлари томонидан гендер зўравонлиги қурбонларининг хавфсизлигини таъминлаш учун 8430 дан ортиқ ҳимоя ордерлари берилган. Шулардан 4330 нафари жисмоний, 3200 га яқини психологик зўравонликка учраган.

7600 дан ортиқ ҳолатларда аёллар ва қизлар оилавий зўравонликни бошдан кечиришган. Ва деярли 5920 ҳолатда, уларга нисбатан зўравонлик ишлатга шах уларининг эрлари бўлган. Ушбу статистик маълумотларнинг ортида қурбонлар бошидан кечирган оғриқ, хўрлик ва қўрқув ҳақидаги шахсий ҳикоялар яшириниб ётибди, уларни кенг жамоатчилик ҳеч қачон билмайди.

Ўзбекистон шунга ўхшаш муаммога дуч келган ягона давлат эмас. Гендер асосида зўравонлик географик, ижтимоий ва иқтисодий чегараларни билмайди. Ҳам ривожланаётган, ҳам ривожланган мамлакатларда унинг олдини олиш учун шошилинч чоралар кўриш зарур. Бу пандемия миқёсидаги глобал муаммо. Масалан, дунёдаги ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида қандайдир жисмоний ёки жинсий зўравонликни бошдан кечиради. Жабрланганларнинг атиги 40 фоизи ёрдам учун мурожаат қилади. Шу билан бирга, дунёдаги 30 дан ортиқ мамлакатларда ҳали ҳам оилавий зўравонликни тақиқловчи қонуний чекловлар мавжуд эмас. Бу шуни англатадики, хотинига нисбатан зўравонлик ишлатадиган эркаклар бундай қилмишлари учун жавобгарликка тортилиш эҳтимоли жуда кам.

Зўравонлик нафақат қурбонлар ва уларнинг оилалари ҳаёти ва соғлиғи учун салбий оқибатларга олиб келади, балки жамият учун катта ижтимоий-иқтисодий йўқотишларга ҳам сабабчи бўлади. Гендерга асосланган зўравонлик туфайли баъзи мамлакатлар ЯИМнинг 3,7 фоизигача йўқотади. Бу аксарият ҳукуматларнинг таълим тизимига сарфлаган харажатларидан икки баравар кўпдир.

COVID-19 пандемияси бошланиши билан киритилган карантин чекловлари пайтида аксарият давлатларда гендерга асосланган зўравонлик миқёси кенгайган. Шу билан бирга, бутун дунё аёллари ҳаётий зарур жинсий ва репродуктив саломатлик хизматлари, инқироз марказлари, бошпана жойлари, юридик ёрдам каби хизматларини олишда ҳамда жисмоний ва психологик дахлсизлигини таъминлаш учун етарли ҳимоя ололмаслиги каби қийинчиликларга дуч келдилар. Биз бундай вазиятни бепарво қолдиролмаймиз ва унинг кўлами ҳақида сукут сақламаслигимиз керак!

Гендер тенглиги, шу жумладан, аёлларнинг ўз мамлакатларининг ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида кенг иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратиш, жамиятда уларга нисбатан зўравонликни сезиларли даражада камайтириши мумкин. Пандемия пайтида ва ундан кейин, гендер тафовутни чуқурлаштириш шунингдек, аёллар ва қизларнинг сўнгги ўн йилликларда инсон капитали, иқтисодий имкониятлар, овоз бериш ҳуқуқи ва ҳаракат эркинлиги каби соҳаларда эришган ютуқларини бекор қилиш хавфи мавжуд бўлган бир пайтда бу масала янада долзарбдир.

2017 йилдан бошлаб Ўзбекистонда аёлларнинг жамиятдаги ролини оширишга кўпроқ эътибор берила бошланди. Мамлакат парламенти ва ҳукумати бир неча йиллар давом этган турғунлик ва ташқи дунёдан изоляцияда бўлиш сиёсатидан сўнг бошланган ислоҳотлар дастури доирасида аёлларнинг ижтимоий ва иқтисодий интеграциясини оширишга интилмоқда. Ушбу ҳаракатларнинг юқори нуқтаси 2019 йил сентябрь ойида аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни кафолатлайдиган ва аёлларни зўравонликдан ҳимоя қилувчи иккита муҳим қонунни қабул қилиш бўлди.

Шундай қилиб, "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида" ги қонун жабрланганларни ички ишлар органлари томонидан ҳимоя қилиниши учун ҳуқуқий асос яратади, шунингдек, уларга давлат томонидан ҳар хил ёрдам кўрсатиш жараёнларини тизимлаштиришга имкон беради. Aмалдаги жиноят қонунчилигида аёлларга нисбатан зўравонлик тақиқланган ҳаракат бўлса-да, гендерга асосланган зўравонлик ҳолатларини рўйхатдан ўтказиш бўйича қоидалар ёки жабрланганларни ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам бериш бўйича тавсиялар йўқ эди.

Янги қонуннинг қабул қилиниши гендерга асосланган зўравонликни алоҳида жиноят тури сифатида тан олади ва жабрланувчиларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича аниқ чораларни белгилайди. Хусусан, ҳукумат зўравонликдан азият чеккан аёллар ва қизларга бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдамларни кўрсатишни кафолатлайди.
2020 йил январь ойида ҳукумат гендер асосидаги зўравонлик қурбонларини ҳимоя қилиш буйруқларини бериш бўйича чора-тадбирларни тасдиқлади.

Бу ички ишлар органларига уларнинг жисмоний дахлсизлигини ҳимоя қилишни, бошқа манфаатдор органларни эса ёрдамга муҳтож аёллар ва қизларга юқорида айтиб ўтилган ёрдамнинг бошқа турларини кўрсатишга имкон беради. Ушбу муҳим тадбирларни амалга ошириш Жаҳон банки томонидан шу ҳафта Ўзбекистонга тақдим этилган молиялаштириш ҳисобига қўллаб-қувватланадиган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар таркибига киритилган. Бу ҳукуматга мамлакат бўйлаб зўравонлик ва тазйиқдан жабрланган аёллар ва қизлар манфаати учун янги қонун тартибларини амалга оширишда ёрдам беради.

Хотин-қизлар нодавлат ташкилотларининг етакчиларидан бири Тошкентда глобал кампанияни бошлаш пайтида нутқининг охирида айтган сўзларни эслайман. “Яқин 16 кун ичида биз гендер асосидаги зўравонлик масаласида жамоатчиликни хабардорлигини фаол равишда оширамиз. Aммо мен барчани йилнинг қолган 349 кунида ҳам Ўзбекистонда оилавий зўравонлик қурбонларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишларни давом эттиришга чақираман. Ушбу эзгу ишда ҳар биримиз ўз шахсий ҳиссамизни қўшишимиз мумкин!”

Марко Мантованелли,

Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар