2024 йил август ойида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида бироз пасайиш тендецияси кузатилди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг таҳлилига кўра, август ойида рўйхатга олинган кўчмас мулк олди-сотди битимлари сони июль ойига нисбатан 3,5%га камайиб, 22,2 мингтани ташкил этди.
Йиллик ҳисобда кўчмас мулк бозорида фаоллик сезиларли пасайиб, ўтган йилга солиштирганда уй-жой савдоси билан боғлиқ шартномалар сони 20,8%га камайган.
Ҳудудий динамика
2024 йил август ойида ҳудудлар кесимида рўйхатга олинган кўчмас мулк битимлари сонида энг катта пасайиш Сирдарё (22,6%), Хоразм (13,2%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (9,7%) қайд этилди.
Шунингдек, йиллик ҳисобда фаолликнинг пасайиши Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида кескинроқ қайд этилиб, кўчмас мулк бозорида битимлар сони мазкур ҳудудларда 30 фоиздан юқорироқ камайган.
Иккиламчи бозордаги уй жой нархлари
Жорий йилнинг август ойида республика бўйича иккиламчи бозор уй-жой нархлари ўртача 0,7%, йиллик ҳисобда эса (ўтган йилнинг август ойига нисбатан) 9,7%га ошди.
Ҳудудлар кесимида иккиламчи бозор уй-жой нархлари сезиларли даражада Хоразм (21,4%), Сурхондарё (14,6%), Бухоро (13,4%) ва Қашқадарё (13,3%) вилоятларила кўтарилган.
Тошкент шаҳри иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар ўтган 2 ойдаги пасайишидан сўнг августда барқарорлашди: уй-жой нархи 0,2 фоизга кўтарилиб, бир метр квадрат учун 1 128 долларни ташкил этди.
Пойтахтнинг аксарият туманларида иккиламчи уй-жойлар нархи ўзгаришсиз қолди; фақат Миробод ва Олмазор туманларида нархлар мос равишда 1,7% ва 1,3%га қимматлашди.
Тошкентнинг яна учта туманида нархлар бироз пасайди - Шайхонтоҳурда - 1,1%, Сергелида – 0,9% ва Чилонзорда – 0,6%.
Йиллик ҳисобда Тошкентда иккиламчи уй-жойлар нархининг ўсиши 4,2 фоизни ташкил этди.
Уй-жой ижара бозори
2024 йил август ойида Тошкент шаҳрида уй-жой ижара нархларининг ўтган икки ойдаги пасайишидан сўнг барқарорлашуви кузатилмоқда. Ижара ўртача нархи ўтган ойга нисбатан ўзгармаган - 1 метр квадрат учун 8,3 доллар. Солиштириш учун ижара нархлари июлда 0,6%га, июнда 1,2%га пасайган.
Бу турли омиллар, жумладан, ижарачилар фаолиятидаги мавсумий тебранишлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Тошкент шаҳри туманлари кесимида ижара нархидаги фарқлар кескин ўзгармаган. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқори бўлиб, ижара нархи 10 доллар атрофида.
Бектемир ва Сергели туманларида ижара нархлари нисбатан арзон шаклланиб, ўртача 6 долларни ташкил этди.
Ўтган йилнинг август ойига солиштирганда Тошкент шаҳрида ижара нархлари 7,3%га пасайган. Бу эса бозорнинг ушбу сегменти умумий пасайиш тенденцияси сақланиб қолаётганлигини кўрсатади.
Шу билан бирга йил давомида ижара нархининг сезиларли пасайиши Яккасарой (14,8%), Яшнобод (13,3%), Шайхонтоҳур (11,5%) ва Юнусобод (10%) туманларида кузатилди.
Маълумот учун: Ўзбекистондаги кўчмас мулк бозори Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг тадқиқот йўналишларидан бири бўлиб, унда бирламчи ва иккиламчи кўчмас мулк бозорларидаги фаоллик динамикаси тақдим этиб борилади
Жалолиддин Усмонов,
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
тел: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш