Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш юзасидан ўтказилган йиғилишда қандай масалалар кўтарилди?

Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш юзасидан ўтказилган йиғилишда қандай масалалар кўтарилди?

Бугун, 15 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

“Ҳозирги кунда тўқимачилик, кончилик, электротехника, кимё ва бошқа саноат тармоқларида, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва сервис, қурилиш, тадбиркорлик соҳаларида катта-катта ўзгаришлар қилаяпмиз. Мисол учун, 2022 йилнинг ўзида 16 миллиард долларлик 9 мингдан зиёд йирик ва ўрта лойиҳалар ишга туширилиб, уларга 300 мингга яқин малакали ишчилар керак бўлади.

Камбағалликни 2 бараварга қисқартириш бўйича марраларга ҳам одамларга фақат ва фақат замонавий касблар бериш орқали эриша оламиз”, деди давлатимиз раҳбари йиғилиш аввалида.

Сўнгги 3 йилда “Ишга марҳамат” мономарказлари ташкил қилиниб, одамларни касбга ўргатиш бошлангани, лекин бу тизим 5-10 фоиз ишсизларни қамраб олиши таъкидланди.

Бу йил республика бўйича 555 минг нафар ёшлар меҳнат бозорига кириб келади. Уларни замонавий касбларга ўргатиш, муносиб иш билан таъминлаш масалалари барча даражадаги ҳокимлар, олийгоҳ ректорлари, коллеж ва техникум директорларини ҳам ўйлантириши кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда 330 та касб-ҳунар мактаби, 173 та коллеж ва 207 та техникуман иборат тизим самарали ишлатилмаётгани қайд этилди. Улар мавжуд қувватларининг атиги 40-50 фоизидан фойдаланмоқда.

Энергетика, Сув хўжалиги, Уй-жой коммунал вазирликларига берилган коллежлар 20 фоиз, Қурилиш, Транспорт вазирликлари коллежлари 10 фоиз қувватда ишлаяпти.

Жорий йилда коллеж ва техникумларнинг 15 мингга яқин ўқувчилари контракт пулини тўлаш имконияти йўқлиги боис, ўқишни давом эттира олмаган.

Энг муҳими – коллеж ва техникумлардаги касблар иш берувчилар талабига мос эмас. Оқибатда улар ишга олган ёшларни қайтадан ўқитишга мажбур бўлмоқда.

Ўқув дастурлари замон талабларидан анча орқада, 1 минг 350 номдаги касбий дарслик ва адабиётлар етишмайди.Бу муаммолар ечими билан шуғулланадиган мутасадди вазирликлар тизимли ишламаётгани танқид қилинди.Шу боис касб-ҳунар таълимини замон талабларига мослаштириш бўйича янги тизим жорий қилиниши белгиланди.

Янги тизимга кўра, 45 та коллеж Бандлик вазирлиги тизимига ўтказилиб, уларнинг ўрнида мономарказлар ташкил этилади. Олий таълим вазирлиги барча касб-ҳунар мактаблари ва техникумларни бошқариш ва методик таъминлашга масъул бўлади.

Вазирликда алоҳида вазир ўринбосари лавозими жорий этилиб, департамент ташкил қилинди. Бу лавозимга етарли тажрибага эга бўлган, Бухоро шаҳар мономарказ раҳбари Садоқат Сиддиқова тайинланди.

“Бугунги кунда олий таълим тизимидаги катта ислоҳотлар ўз натижасини беришни бошлади. Жорий йилда 36 та олийгоҳга академик ва молиявий мустақиллик берилди. Энди профессионал таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш – олий таълим вазири, унинг ўринбосарлари, ректорларнинг энг устувор вазифаси бўлиши керак. Бу жуда муҳим вазифа, тизимли иш ташкил этилмаса, одамлар рози бўлмайди”, деди Президент.

Бунинг учун Профессионал таълимни ривожлантириш жамғармаси ташкил этилиб, унга 50 млрд сўм йўналтирилади. Вилоят, туман ва шаҳарларда Касб-ҳунар таълими кенгашлари ташкил этилади.

“Авваламбор, профессионал таълимни янги ёндашувлар асосида ташкил этиш шарт”, деди Президент ва бу ишларни қандай ташкил этишни Ангрен шаҳри мисолида кўрсатиб берди.

Ангренда жорий йилда меҳнат бозорига 3 800 нафар ёшлар кириб келади, шаҳардаги 535 та корхонада ишчи касблар бўйича 1 915 та бўш иш ўринлари мавжуд, инвестиция лойиҳалари ҳисобига жорий йилда яна 2 мингдан ортиқ ўрта бўғин мутахассисларига эҳтиёж пайдо бўлади. Янги тизим орқали 6 минг нафар аҳоли касбий таълим билан қамраб олинади ва манзилли ишга жойлаштирилади.

Ёшларни касбга йўналтиришга масъул бўлган психологлар иши умуман сезилмаётгани қайд этилди. Шу боис Халқ таълими вазирлигига:

- ўз тизимидаги психологларни қайта ўқитиш ва талабга жавоб бермайдиганларини алмаштириш;

- 7-11-синф ўқувчиларини индивидуал ёндашув асосида касбий диагностикадан ўтказиш ва тавсияларини кенгашларга тақдим этиш топширилди.

Шу билан бирга вазирлик олдига Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш ташхис маркази фаолиятини трансформация қилиш вазифаси қўйилди. Ҳозирда республика бўйича 57 та профессионал таълим муассасасида Германия тажрибаси асосида иш жойида ўқитишнинг дуал таълим шакли йўлга қўйилган. Мактабгача таълим тизимида бу ўз натижасини бергани таъкидланди – педагогика коллежи ўқувчилари 2 кун назарий билимларни коллежда олади, қолган 4 кун эса боғчаларда амалиёт ўтайди ва ишлаб, ойлик олади.

Вилоят ҳокимлари Олий таълим вазирлиги билан биргаликда ушбу ижобий тажрибани касб-ҳунар мактаблари ва техникумларда йўлга қўйиш топширилди.

Эндиликда:

- дуал таълимни жорий этиш учун касб-ҳунар мактабларининг бўш майдонларида корхоналарнинг ишлаб чиқариш цехлари ташкил этилади. Бунда, ўқувчилар ушбу корхонада ишлаб, ойлик олади;

- корхонадаги устозларга асосий иш ҳақидан ташқари, Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан қўшимча устама тўланади.

Олий таълим вазирлигига айрим таълим йўналишларини олийгоҳдан техникумга бериш лозимлиги кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, Иқтисодиёт университетида туризм менежменти, реклама иши, меҳнат муҳофазаси, Транспорт университети ва Андижон машинасозлик институтидаги автомобиль сервиси йўналишларини техникумларга ўтказиш бўйича етарли база мавжуд. Бундай касблар ўнлаб топилади.

Шу боис, техникумлари мавжуд 62 та олийгоҳ ректорларига:

- олийгоҳларда ўқитилаётган камида 60 та йўналишни техникумларга ўтказиш;

- техникумларни ўтказиладиган таълим йўналишлари бўйича ўқув дастурлари ва дарсликлар билан таъминлаш;

- техникумларда ўзининг кафедралари филиаллари ва ўқув лабораторияларини ташкил этиш топширилди.

Келгуси йил 1 январдан бошлаб илмий даражаси бор техникум ўқитувчиларининг иш ҳақи олийгоҳ ўқитувчилариникига тенглаштирилади.

“Умуман, техникумларга бўлган ёндашувларни ўзгартириш керак. Улар олийгоҳга киришнинг осон йўли эмас, мураккаб касб берадиган, меҳнат бозорида рақобат қиладиган тизим бўлиши керак”, деди давлат раҳбари.

Келгуси йилдан техникумдан олийгоҳга имтиҳонсиз кириш механизми бекор қилиниши белгиланди.

Молия вазирлигига олийгоҳ талабалари учун жорий этилган имтиёзли таълим кредитини янги ўқув йилидан техникум ва коллеж ўқувчилари учун ҳам жорий этиш топширилди. Шунингдек, коллеж ва техникумларда ўқиш учун давлат грантлари ва эҳтиёжманд оила аъзолари учун субсидиялар кўпайтирилади.

Олий таълим вазирлигига икки ой муддатда 207 та техникум фаолиятини ўрганиб, самарасиз ишлаётган 70 та техникумни тугатишга топшириқ берилди. Уларнинг 25 таси мономарказлар ташкил этиш учун Бандлик вазирлигига ўтказилади, қолган 45 таси негизида касб-ҳунар мактаблари ташкил этилади.

Президент Ширин шаҳри энергетика коллежидаги тажрибага тўхталди. Коллежда Саудия Арабистонининг “ACWA power” компанияси буюртмаси асосида кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган. Компания 2,8 млн долларга замонавий устахона, лаборатория ва ётоқхона барпо қилган. Ҳозирги кунда компания буюртмаси асосида 140 нафар ёшларни муқобил энергия станцияси техниги, оператори ва диспетчери каби касбларга тайёрлаш бошланган.

Вилоят ҳокимларига Олий таълим вазирлиги ва тармоқ раҳбарлари билан биргаликда шу тажриба асосида ҳар бир туман, шаҳар кесимида:

- йирик иш берувчилар ва хорижий корхоналар билан музокара олиб бориб, техникумларни йирик саноат корхоналари ва кластерларга бириктириш;

- ҳар бир вилоятда камида 2 тадан техникумда халқаро таълим дастурларини жорий этиш топширилди.

Айрим техникумларга бир йилда 2 марта қабул ташкил этиш амалиётини бошлаш вазифаси қўйилди. Бандлик вазирлигига ўтаётган 70 та муассаса негизида мономарказлар, шундан 25 тасини жорий йил якунига қадар ишга тушириш шартлиги қайд этилди.

Мутасаддиларга профессионал таълим педагог ва усталари учун муносиб шароит қилиб бериш, уларнинг касбий маҳоратини ошириб борадиган тизим яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

“Очиқ айтиш керак, 2 миллион сўм ойлик олаётган техникум ёки касб-ҳунар мактаби муаллимларидан камида 5 миллион сўм иш ҳақи оладиган мутахассислар тайёрлаб беришни талаб қилаяпмиз”, деди Президент.

Шу боис, келгуси йил 1 январдан:

- профессионал таълимдаги педагог ва усталар ойлиги ўрта мактаб ўқитувчиларига тенглаштирилади;

- ўқитувчилар малака тоифаси учун тўланадиган устама ўртасидаги фарқ 2 баробарга оширилади;

- эришган натижасига қараб, фидойи ва ташаббускор педагог кадрларнинг ойлигига 50 фоизгача устама тўлаш жорий этилади.

Келгуси йилда бунинг учун бюджетдан қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади. Шу билан бирга, профессионал таълим муассасалари педагоглари малакасини оширишда янги тизим яратилади.

Университетлар ҳузуридаги малака ошириш факультетлари ўрнига ҳар бир вилоятда Профессионал тайёргарлик марказлари ташкил этилади.

Давлатимиз раҳбари аҳолини касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор улушини кўпайтириш лозимлигини таъкидлади. Ҳозирда қонуний асослар бўлсада, биронта хусусий коллеж ёки техникум мавжуд эмаслиги кўрсатиб ўтилди. Хорижий компаниялар ҳам ёшларимизни касбга ўқитиб, бандлигини таъминлаш бўйича кўплаб ташаббусларни билдирмоқда.

Бу борадаги ишларни фаоллаштириш мақсадида хусусий коллеж ва техникумлар ташкил этиш учун қатор имтиёзлар берилади:

- лицензия олиш учун талаблар қайта кўриб чиқилиб, зарур маблағнинг минимал миқдори 2 бараварга камайтирилади;

- бўш бинолар узоқ муддатга ижарага берилади;

- хориждан келтириладиган адабиётлар ва ускуналар божхона тўловларидан озод қилинади;

- халқаро малака сертификатини олган ҳар бир битирувчи учун 1 миллион сўмдан тўлаб берилади;

- эҳтиёжманд ёшлар тўлов-контракти маблағининг 30 фоизи қоплаб берилади.

“Ўқув йили деярли якунланди. Олдимизда 404 минг нафар ўрта таълим, 151 минг нафар касб-ҳунар таълим, 125 минг нафар олийгоҳ битирувчилари, жами 680 минг нафар ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича муҳим вазифа турибди”, деди Президент.

Шу мақсадда барча ҳокимлар:

- битирувчилар билан шахсан учрашади;

- ижтимоий тармоқлар ва ОАВ орқали учрашувларнинг аниқ вақти, жойи ва телефонларини эълон қилади;

- учрашувларда ректорлар, йирик иш берувчилар, корхона ва кластерлар, мутасадди идоралар раҳбарлари ҳам иштирок этади;

- битирувчиларнинг ишга эҳтиёжи, қизиқиши ва кўникмаларини ўрганиб, уларнинг балансини шакллантиради;

- иш берувчиларнинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, мономарказларда касбга тайёрлашни ташкил этади.

Бу ишларни амалга ошириш учун жойларда доимий ишлайдиган штаблар тузилиши, улар ижтимоий тармоқлар орқали ёшлар ва уларнинг ота-онаси билан тизимли мулоқотни йўлга қўйиши, келиб тушадиган ҳар бир мурожаат тезкор кўриб чиқилиши шартлиги белгиланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар