Шавкат Мирзиёев Россия соғлиқни сақлаш вазири ва унинг ўринбосарини “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирлади

Шавкат Мирзиёев Россия соғлиқни сақлаш вазири ва унинг ўринбосарини “Меҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирлади

Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко ва унинг ўринбосари Олег Гридневга президент Шавкат Мирзиёев фармони билан таъсис этилган “Меҳр-саховат” кўкрак нишони топширилди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси хабар берди.

Таъкидланишича, сўнгги пайтларда Ўзбекистон ва Россия ўртасида турли йўналишлар, шу жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик фаоллашмоқда. Тиббиёт ходимлари учун мунтазам равишда ўтказилаётган конференциялар, ўқув курслари, амалиётлар, тажриба алмашиш ва ўзаро ёрдам янги коронавирус инфекцияси туфайли юзага келган оғир эпидемиологик вазиятда бирдамликнинг яққол ифодаси бўлган.

Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги қисқа вақт ичида ўзбекистонлик ҳамкасбларига коронавирусга қарши курашишда услубий ва амалий ёрдам кўрсатиш учун 75 нафар етакчи тиббиёт мутахассисини юборди.

Шунингдек, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлигини назорат қилиш федерал хизмати билан ҳамкорликда Ўзбекистонга 1400та тўплам тест тизимларини тақдим этди. Бу вирусни ўз вақтида аниқлаш ва коронавирус тарқалишининг олдини олишга кўмак берди.

Вазир Михаил Мурашко мукофот учун миннатдорлик билдириб, келгусида самарали ҳамкорлик қилиш, шу жумладан, Ўзбекистонда Россия университетлари филиалларини очишга умид билдирди, дейилади хабарда.

“Меҳр-саховат” кўкрак нишони Ўзбекистон президентининг 2020 йил 26 майдаги фармонига мувофиқ, коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этишда мардлик ва жасорат намунасини кўрсатган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга беминнат кўмак бериш борасидаги ишларни умумхалқ ҳаракати даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшган шахслар ва хорижий фуқароларни тақдирлаш мақсадида таъсис этилган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар