Шавкат Мирзиёев: Тиббиёт ходимлари уларга тегишли бўлмаган бирорта қўшимча ишларга жалб қилинмайди

Шавкат Мирзиёев: Тиббиёт ходимлари уларга тегишли бўлмаган бирорта қўшимча ишларга жалб қилинмайди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини такомиллаштириш ҳамда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши бошланди.

Унда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларининг вазифа ва функцияларини қайта кўриб чиқиш, оилавий шифокор институтини кенг татбиқ этиш, тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

2019 йилги ўлим ҳолатларининг 60 фоизи шу бўғинда олдини олиш мумкин бўлган юрак-қон томир касалликлари ҳисобига тўғри келган. Онкология йўналишидаги беморларнинг ярмида касаллик иккинчи ва учинчи босқичга ўтиб бўлганидан кейин аниқланмоқда.

– Энди вазирлик фаолиятига, унинг кадрлар масаласига ҳеч ким аралашмайди. Бош шифокорлар, врач ёки бошқа тиббиёт ходимлари уларга тегишли бўлмаган бирорта қўшимча ишларга жалб қилинмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Қишлоқ врачлик пунктининг умумий амалиёт шифокори зиммасига 146 турдаги касалликка диагноз қўйиш ва даволаш, 213 турдагисига бирламчи диагноз қўйиш ва йўлланма бериш, шунингдек, реабилитация, диспансеризация ва профилактика бўйича жуда кўп вазифалар юклатилган.

Шу боис давлатимиз раҳбари қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникалардаги тиббий хизмат тизими, шифокорлар ва ўрта тиббиёт ходимларининг вазифа ва функцияларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш зарурлигини айтди.

Илғор хорижий тажриба асосида умумий амалиёт шифокорини ҳақиқий оилавий шифокорга айлантириш чоралари белгиланди. Уларга ёрдам бериш учун терапия, педиатрия, акушерлик ва патронаж бўйича тиббиёт бригадалари ташкил этилади. Бу бригадалар ўзларига бириктирилган оилалар кесимида “тиббий харита”лар шакллантириб, манзилли иш олиб боради. Аҳолининг саломатлик ҳолати баҳоланиб, электрон базаси яратилади. Бунинг учун тиббиёт ходимлари планшет, мобил диагностика воситалари билан таъминланади.

5 ёшгача бўлган болалар, ҳомиладор, туғиш ёшидаги ва 35 ёшдан ошган аёллар, 40 ёшдан ошган шасхлар доимий назоратга олиниб, скрининг текширувлари ўтказилади. Касалликка мойил бўлганлар индивидуал патронажга олинади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар