Шерзод Асадов Президентнинг жорий ҳафтадаги иш режаси билан таништирди

Шерзод Асадов Президентнинг жорий ҳафтадаги иш режаси билан таништирди

Президент матбуот котиби Шерзод Асадов давлат раҳбарининг ҳафталик иш жадвали билан таништирди.

1. 15-16 июль кунлари Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.

Покистон етакчиси расмий ташриф билан, Афғонистон раҳбари эса Тошкент шаҳрида ўтказиладиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференция доирасида амалий ташриф билан келмоқда.

Ушбу конференция, шубҳасиз, жорий ҳафтанинг энг муҳим тадбири бўлади. Унинг ишида, аввал қайд этилганидек, Афғонистон ва Покистон Президентлари, шунингдек, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сисати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Жозеп Боррель, 20 дан зиёд мамлакат ташқи ишлар вазирлари, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

Иштирокчиларнинг умумий сони 600 дан ортиқ.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштирокчиларга видеомурожаат йўллайди.

Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилаётган конференция Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари ўртасидаги дўстона алоқалар, ишонч ва яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Ялпи ва шўъба мажлисларида минтақавий боғлиқликни янада чуқурлаштириш имкониятлари, шу жумладан савдо ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликнинг барқарор ўсишни таъминлашдаги ўрни, маданий-гуманитар алоқаларни қайта тиклаш орқали дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги таҳдид ва хатарлар муҳокама қилинади.

Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари Афғонистон Президенти, Покистон Бош вазири, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Саудия Арабистони, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамлакатлар ташқи ишлар вазирлари, шунингдек, Европа Иттифоқи ташқи сиёсий идораси раҳбари билан икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилган.

2. Шу ҳафта қатор ҳудудларда насос станцияларини модернизация қилиш юзасидан йиғилиш ўтказилади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар