Шу кунларда Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг диққат-эътибори марказида бўлиб турибди. Сабаби, юртимиз охирги уч йилдаги энг йирик тадбир — Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммитига мезбонлик қилди. Юксак даражада ўтказилган мазкур йирик форумнинг нуфузи нечоғлик юқори эканлигини тасаввур қилиш учун биргина факт, яъни саммит ишида 15 га яқин давлат раҳбарлари ва 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар етакчилари иштирок этганини келтириш кифоя.
Қолаверса, у бир неча йиллик “пандемия танаффусидан” сўнг ШҲТ мамлакатлари ва халқлари ўртасидаги дастлабки юзма-юз мулоқот эканлиги, унинг доирасида 40 дан ортиқ давлатлараро ҳужжатлар қабул қилингани саммит аҳамияти нақадар улкан эканлигини яққол кўрсатиб турибди. Бу ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, таъбир жоиз бўлса, уни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади, албатта.
Жозибадорлик
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, Ўзбекистоннинг ШҲТга раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос “тарихий эврилиш” палласига тўғри келди — бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда.
Дарҳақиқат, Самарқанд саммити нафақат глобал миқёсда, балки ташкилот ичидаги вазият кескин бўлиб турган мураккаб бир шроитда ўтди. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон халқаро муносабатларни мустаҳкамлаш, аниқса, аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, сиёсий, савдо-иқтисодий алоқаларни яхшилаш борасида муҳим кўприк вазифасини ўтай олди. Бу эса халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланмоқда.
Гап шундаки, “Le Figaro” нашри ШҲТнинг Самарқанд саммитини Ўзбекистон дипломатиясининг ёрқин ғалабаси сифатида талқин этмоқда. “ШҲТ кўлами бўйича БМТдан кейин турадиган йирик минтақавий тузилмадир. Бу ташкилот заминида дунё аҳолисининг 42 фоизи истиқомат қилади.
ШҲТ Европа Иттифоқи сингари сиёсий ташкилот ҳам, НАТО каби ҳарбий блок ҳам эмас. ШҲТда Ўзбекистон алоҳида ўринга эга. Ташкилотга яқинга қадар Ўзбекистон вакили, ҳозирда мамлакат ташқи ишлар вазири Владимир Норов раҳбарлик қилди, саммитнинг Самарқандда ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Бу Ўзбекистоннинг катта дипломатик ғалабасидир”, деб ёзади нашр.
Эътироф этилганидек, бундан 20 йил муқаддам ташкил этилган мазкур ташкилот улкан географик маконни қамраб олган. Аъзо мамлакатларнинг умумий майдони 34 миллион квадрат километрдан зиёд бўлиб, бу Евроосиё қитъасининг 60 фоиздан ортиғига тенг, деганидир. Ушбу ҳудудда сайёрамиз аҳолисининг қарийб тенг ярми истиқомат қилади. Ташкилотнинг иқтисодий салоҳияти ҳам чакана гап эмас, албатта. Унга аъзо давлатлар ялпи ички маҳсулотининг умумий ҳажми жаҳон кўрсаткичининг қарийб чорак қисмини ташкил қилади.
ШҲТ турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмагани, барча иштирокчи томонларнинг тенглиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш, ички ишларга аралашмаслик, сиёсий қарама-қаршилик ва ихтилофли рақибликка йўл қўймаслиги туфайли унинг жозибадорлиги тобора ортмоқда. Натижада унга қўшилиш истагидаги давлатлар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётир. Ҳиндистон ва Покистон ҳисобига аъзо сони ортга ушбу ташкилот яқин келажакда Яқин Шарқ тарафга ҳам кенгайиши кутиляпти.
Эътиборлиси, Самарқанд саммити доирасида Эрон Ислом Республикасининг ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш учун мажбуриятлари тўғрисидаги меморандум имзоланди. Унда кўзда тутилган барча мажбуриятлар бажарилгач, Эрон ҳам ШҲТнинг тўлақонли аъзосига айланади.
“Эроннинг иштирокчи давлатлар гуруҳига кириши Шанхай ҳамкорлик ташкилотини мустаҳкамлайди”, деди ШҲТ бош котиби Чжан Мин.
Шу билан бирга, Миср Араб Республикаси ва Қатар давлатига мулоқот бўйича шериклар мақоми берилди. Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Кувайт давлати, Мальдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма Иттифоқи Республикасига мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш жараёнлари бошланади. ШҲТнинг географик қамрови муттасил кенгайиб бораётгани унинг нуфузи янада кўтарилаётганини англатади.
Ишонч
“Халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётгани бугунги кун ҳақиқатидир. Бунинг асосий сабабларидан бири — глобал даражада давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончнинг чуқур таназзулга юз тутаётгани билан боғлиқ. Бу эса ўз навбатида геосиёсий қарама-қаршиликларга рағбат бериб, “блокларга мансублик” стереотипларининг қайта туғилиш хавфини юзага келтирмоқда”. Бу давлатимиз раҳбарининг яқинда эълон қилинган “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали концептуал мақоласидан олинган иқтибос.
Ўзбекистон охирги бир йилда ШҲТ маконида ҳамкорликнинг биринчи шарти бўлган ўзаро ишонч руҳини уйғотиш ва мустаҳкамлаш йўлида мисли кўрилмаган ишларни амалга оширди. Пандемия ва глобал инқироз оқибатларига қарамасдан, Раислик режасини тўлиқ амалга оширишга муваффақ бўлди. Буни 80 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилгани ҳам тасдиқлайди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ШҲТ саммитининг кенгайтирилган тартибдаги мажлисидаги нутқида дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бугунги шароитда барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан кўплаб таҳдидлар кучайганига яна бир бор урғу берди.
“Ўзаро ишонч, адолат ва ҳамжиҳатликка талаб глобал миқёсда тобора ортиб бормоқда. Шу муносабат билан очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаб этилмоқда. Ташкилотимиз фаолияти шундай мулоқотни амалга ошириш мумкинлигини дунёга намоён этмоқда”, деди давлатимиз раҳбари.
Хавфсизлик
Давлатлар ўртасидаги ўзаро ишончсизлик муҳитининг таъсири, аввало, савдо-иқтисодий соҳаларда кўзга ташланади. Мана, дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар охир-оқибатда савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммоларни янада кескинлаштирмоқда.
Айтиш жоизки, сайёрамиз аҳолиси 8 миллиард нафардан ошган ҳозирги пайтда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш минтақавий хавфсизликдан кам аҳамиятга эга эмас. Ахир, доно халқимиз топиб айтганидек, “Томоқни ямаб бўлмайди”. Бунинг маънисини тўқчиликда улғайган бугунги авлод у қадар теран англамас. Аммо йўқчилик ва қаҳатчилик азобини тотган катта авлод эса ўз таналарида чуқур ҳис этадилар... Чунки улар қорни оч одам таомдан бошқа нарсадан ҳузур-ҳаловат топмаслигини жуда яхши биладилар.
Шукурки, бугун фароғатчилик. Юртимиз бозорлари-ю, катта-кичик маркетлар истеъмол неъматлари билан тўла. Бироқ бу тўкинлик хотиржамликка асос бўла олмайди. Бутун дунёда кузатилаётган иқлим ўзгаришлари, айрим давлатлардаги сиёсий беқарорликлар, жорий этилаётган иқтисодий чекловлар, экспортга қўйилаётган чегаларлар — буларнинг оқибатида кўплаб жойларда муҳим истеъмол товарлари етишмовчилиги, нархларининг ўсиб бориши кузатилмоқда. Халқаро экспертлар прогноз қилишларича, жорий йилда дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи камида 20 фоизга ўсиши мумкин.
Ҳозирги глобаллашув ва кучли иқтисодий интеграция шароитида глобал аҳамиятга эга бўлмаган масалалар деярли йўқ. Муаммо қандай кўринишда бўлмасин, таъсири, албатта, сезилади. Инчунун, озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи ҳам.
Халқаро агентликлар хабарига қараганда, бу йилги деҳқончилик мавсумида Европа мамлакатларида кузатилган қурғоқчилик ва Украина инқирози туфайли тахминан 3 миллион тонна дон йўқотилган. Қурғоқчилик оқибатида буғдой ҳосили Венгрия 11 фоиз, Руминия 20 фоиз, Болгария 11 фоиз камайган. Франция, Польша, Молдава ва ҳатто Италияда ҳам ғалла ҳосилининг катта қисми бой берилгани ойдинлашмоқда.
Қишлоқ хўжалигида кузатилган яна бир муаммо — азотли ўғитлар тақчиллиги ва уларнинг нархи ошиб кетганлигидир. Бу нафақат Европа, балки Осиё мамлакатларида иккинчи экин бўлган шоли етиштириш ва унинг ҳосилига хавф туғдирмоқда. Масалан, Таиландда шолизорларни минерал ўғитлар билан озиқлантиришнинг имкони бўлмаяпти. Хитой ва Ҳиндистонда ҳам деярли шунга ўхшаш вазият. Бу каби омиллар таъсирида дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари нархи ошиши кутилмоқда. Украинадаги вазият эса буни янада мураккаблаштириши турган гап. Тасаввур ҳосил қилишингиз учун БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ҳисоботидан айрим рақамларни келтирамиз. Унда айтилишича, шу пайтгача жаҳон бозорига кунгабоқар ёғининг 46 фоизи, буғдойнинг 9 фоизи, арпанинг 17 фоизи, маккажўхорининг 12 фоизи Украина томонидан етказиб берилган. Бошқача қилиб айтганда, кунгабоқар ёғи экспортининг 73 фоизи, буғдойнинг 33 фоизи, арпанинг 27 фоизи Украина ва Россия улушига тўғри келган.
Ҳамон давом этаётган Украина инқирозининг жаҳон озиқ-овқат саноатига таъсири нечоғлик катта бўлишини, йўқотишлар кўлами қанчалик кенг эканлигини энди ўзининг хомчўт қилиб кўраверинг.
Барқарорлик
Президентимиз ШҲТ Самарқанд саммити иштирокчиларнинг эътиборини ШҲТ майдончасида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳали жиддий ҳамжиҳатлик йўлга қўйилмаганига қаратди. Яъни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқишга, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларига, тўғридан-тўғри ўзаро таъминотнинг мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантиришга, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, “яшил” ва экспресс-йўлакларни ташкил этишга чақирди. Ушбу ҳаётий масалаларни кенг муҳокама қилиш мақсадида келгуси йили Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказишни таклиф этилди.
Давлатимиз раҳбари илгари сурган таклифлар ШҲТ мамлакатларида иқтисодий барқарорлик таъминлаш, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини оширишда ғоят муҳим эканилиги туфайли ҳозирданоқ дунё ҳамжамияти томонидан олқишлана бошлади. Чунки Ўзбекистон ШҲТ мамлакатлари Махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш тарафдори. Бундан ташқари, ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказиш, унинг асосида ягона электрон платформа яратиш, Ўзбекистонда ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказиш каби мавжуд салоҳиятни максимал даражада оширишга қаратилган кўплаб таклифлар илгари сурилди. Ушбу ташаббуслар мамлакатларимиз ўртасида иқтисодий алоқаларни чуқурлаштириш, ҳамкорликни ришталарини мустаҳкамлаш, пировардида амалий ҳамжиҳатликнинг аниқ натижаларига эришишга хизмат қилади.
Яна бир аҳамиятли томонидан ШҲТ Самарқанд саммити доирасида Ўзбекистон кўплаба давлатлар билан иқтидиёт, савдо-сармоявий ва логистика соҳалари муҳим келишувларга эришди. Бу ҳақда сўз юритилганда, «Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой» темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича ҳамкорлик тўғрисида уч томонлама Битим имзоланганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Негаки, мазкур лойиҳа Хитойдан Ўзбекистон орқали Европага ва Жанубий йўлар билан Форс кўрфази давлатларига ташувларни ошириш ҳамда савдо географиясини кенгайтиришга мисли кўрилмаган имкониятларни тақдим этади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг самарали музокараларидан сўнг савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликка доир умумий қиймати 15 миллиард долларлик келишувларга эришилди ва битимлар имзоланди.
Умуман олганда, икки кун давом этган ШҲТ Самарқанд саммитида қабул қилинган ҳужжатлар, ташкилотга аъзо Давлат раҳбарлари кенгашининг тор доирадаги учрашуви, кенгайтирилган тартибдаги мажлисида илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар ижроси минтақавий ҳамкорлик истиқболида нурли уфқларни очиши, ШҲТ фаолиятида янги босқични бошлаб бериши кутилмоқда. Табиийки, бунда Ўзбекистон дипломатиясининг ўрни ва роли беқиёсдир.
Академик Қаландар Абдураҳмонов
Изоҳ қолдириш